“Қурол тўғрисида”ги қонун маъқулланди: энди ҳамма исталган қуролини сотиб олиши мумкинми?

Қонун маъқулланиши билан энди ҳамма қурол сотиб олиши мумкин, нохуш ҳодисалар кўпайиб кетади, деган фикрлар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.

Хўш аслида бу қонун нега керак бўлиб қолди, амалдаги тартиб қанақа?

Қуйида шу ҳақда тушунча беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозирги кунда ҳам тегишли рухсатнома асосида маълум турдаги қуроллардан фойдаланиш мумкин. Бу соҳа жами 10 дан ортиқ қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Лекин шу билан бир қаторда ўша ҳужжатлар ҳам қамраб олмаган кўплаб жиҳатлар мавжуд.

Масалан, сўнгги пайтларда юртимизга кириб келаётган, бемалол сотиб олиш мумкин бўлган пневматик, газли ва электр қуроллари муомаласи етарлича тартибга солинмаган.

Оқибатда, турли нохуш ҳодисалар бўлаётганини кўриб эшитиб турибмиз.

Мазкур қонун билан ушбу масала ҳам тартибга солинадиган бўлди.

Хусусан, маъқулланган Қонунда фуқаролар ов (милтиқ, ов пичоғи ва ҳ.к.) ва спорт (ўқотар қурол, камон, найза, қилич, пневматик қурол ва ҳ.к) билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун қуролга (газли, электрошок) эгалик қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Яъни ов қуролидан фақат ов мақсадларида, спорт қуролидан мусобақалар ва машғулотлар жараёнида фойдаланиш лозим.

Кўриниб турибдики, айримлар тахмин қилаётгандай фуқаролар исталган турдаги қуролга эгалик қила олмайди. Бу борада қатъий чеклов ўрнатилган.

Шу билан бирга, Қонунда пневматик қурол, газли қуролларга ҳам тушунчалар берилиб, уларнинг қурол туркумига киритилиши ҳамда улардан фойдаланишнинг аниқ тартиби белгилаб берилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонунчиликка биноан, ҳозирда ҳам фуқаролар бу турдаги қуролларга эгалик қилиши ва фойдаланиши мумкин.

Янги Қонун эса, фуқароларга қуролларга эгалик қилиш, уларни сақлаш
ва фойдаланишида айрим чекловларни белгиламоқда.

Жумладан, Қонунга кўра фуқаролар эндиликда қурол (ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли) олиш учун рухсатномани Миллий гвардиядан олишади.

Албатта бу жараёнда фуқаролар текширилади, жумладан, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар, жиноят иши қўзғатилганлар ёки жиноий жазони ўтаётганлар, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд фуқаролар ёхуд жамият учун хавфли бўлган шахсларга рухсат берилмайди.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоялашга, жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга, шунингдек ғайриқонуний тажовузлардан зарурий мудофаа ҳуқуқини амалга ошириш учун шарт-шароитларини янада мустаҳкамлашга ҳамда республикада қуролнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Қонунда қурол турларига қуйидагича тарифлар берилган:

Пневматик қурол–сиқилган, суюлтирилган ёки қотирилган газсимон модданинг қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келадиган аслаҳа билан нишонни масофадан туриб уриш учун мўлжалланган қурол.

Ўқотар қурол–порох ёки бошқа модда қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келувчи аслаҳа билан нишонни масофадан туриб механик уриш учун мўлжалланган қурол.

Ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллар:

газли қурол–кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддаларни қўллаш йўли билан жонли нишонга вақтинчалик шикаст етказиш учун мўлжалланган қурол (газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар);

электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.