Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати

Навбаҳор туман адлия бўлими томонидан тумандаги 4-сонли "Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганлиги муносабати билан ходимларга меҳнат таътили берилишида Меҳнат кодекси талабларига риоя қилиниши аҳволи мониторинг тартибида ўрганиб чиқилди.

Мониторинг давомида мактабгача таълим муассасаси мудираси Ш.Ахматова томонидан ходимларни меҳнат таътилига чиқаришда Меҳнат кодексининг 150 ва 159-моддалари талаблари қўпол равишда бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Мониторинг натижаларига кўра 02.05.2019 йилда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида туман мактабгача таълими бўлими мудири бошлиғи С.Будёнов номига тақдимнома ҳамда таълим муассасаси мудираси Ш.Ахматовани МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори номига маъмурий таклиф киритилди.

Тақдимнома туман мактабгача таълим бўлими томонидан жорий йилнинг 20 май куни муҳокама қилиниб, 4-сонли "Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасаси мудирасининг 3 та ноқонуний буйруқлари бекор қилиниб Меҳнат Кодекси талаблари асосида қайта расмийлаштирилди, МТМнинг 7 нафар ходимларига уларнинг айбисиз бекор туриб қолган кунлари учун 28 млн 361 минг иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланди ҳамда мудира Ш.Ахматовага энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида 405460 сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Мазкур ҳолатларни эълон қилишимиздан мақсад бировни камситиш ёки шахсиятига тегиш эмас, балким йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда қўлланилган таъсир чоралардан тумандаги бошқа мактабгача таълим муассасаси мудиралари тегишили хулоса чиқариб олишлари лозим.

Зеро, ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар билан кафолатлаб қўйилганлигини асло унутмаслик керак.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.