“Сўраган экансиз”

       Фуқаро Қ.Туробов савол: "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб беринг?

 

      Жавоб: 2018 йилнинг 15 октябрида "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

I.Қонуннинг мақсади.

Қонуннинг мақсади шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

II.Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти.

Сайловда иштирок этиш

Сайловда фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир.Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Сайлов ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

Сайловда фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир чеклаш тақиқланади. Раис уч йилга сайланади.

 

      Фуқаро С.Ражабов савол: фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар кўрсатиш тартибини тушунтириб беринг.

 

     Жавоб: Раис лавозимига номзодлар, фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади.

Ишчи гуруҳ номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва ҳоким билан келишиш учун сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади.

Ҳоким номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун комиссияларга юборади.

Ишчи гуруҳ номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди.

Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:

Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим;

қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши;

сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши;

ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга бўлиши;

шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.


 

 

                                                                                              Й.Ш.Эрмаматов

                                                                Навбаҳор туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

                                                                                                               

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.