НАВБАҲОР ТУМАНИ ҲОКИМИ Л. Н. ОБЛАҚУЛОВНИНГ ВИЛОЯТИМИЗ ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИ

НАВБАҲОР ТУМАНИ ҲОКИМИ Л. Н. ОБЛАҚУЛОВНИНГ  ВИЛОЯТИМИЗ ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИМуҳтарам юртдошлар,

Қадрли тадбиркорлар!

Барчамизга яхши маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳалар сингари тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга ҳам давлат сиёсати даражасида юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, жорий "2018 йил-Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб номланиши замирида ҳам ана шундай ислоҳотларнинг ёрқин намунасини кўриш мумкин.

Яхши биласиз, Ўзбекистон-Аллоҳнинг беқиёс назари тушган замин. Осмони мусаффо, тупроғи зар, одамлари эса лафзи ҳалол ва меҳнаткашдир. Шу сабаб оқ кўнгил, қўли қадоқ бободеҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзига хос сифати ва лаззати билан жаҳон бозорида ўз харидорларини топмоқда. Айниқса, сархил меваларимиз, полиз маҳсулотларимизга бугунги кунда кундан-кунга талаб ортиб бормоқда.

Навбаҳор тумани мисолида гапирадиган бўлсак, кейинги вақтларда туманда ташкил этилган "Бобур бунёдкор” масъулияти чекланган жамият, "Навбаҳор агро омад” фермер хўжалиги ҳамда "Навоий био плюс” хусусий корхоналари томонидан Россия ва Қозоғистон давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, ҳозирда туманда экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида "Силк Роад конструкцион анд Технологес” ҳамда "Имкон премиум Авто Оил” масъулияти чекланган жамиятларига томчилатиб суғориш технологиялари асосида ёнғоқ, бодом ва писта экиш учун 100 гектардан ер ажратилди. Шунингдек, "Парадес гарден” масъулияти чекланган жамият томонидан 60 гектар майдонда экспортбоп узумзорлар ташкил этилди. Мазкур маҳсулотларни сифатли сақлаш бўйича айни чоғда сиғими 1625 тонналик 4 та музлаткич мавжуд бўлса, 2018 йилда лойиҳа қиймати 2,0 млрд. сўмга тенг бўлган 1000 тонналик музлаткичли омборхона қуриш ишлари якунига етказилмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда "Кичик ва хусусий тадбиркорликни микрокредитлаш тизимини янада кенгайтириш ва соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳаётга тадбиқ этилган бир қатор қарорлари соҳа ривожини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, ёки "Битта янги иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман”, деган ибратли сўзлари бугунги кунда ишбилармон доира вакилларини янада руҳлантириб, уларнинг сафи кундан-кунга кенгайиши билан бир қаторда, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

"Навоий вилоятини 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури”га асосан Навбаҳор туманида умумий қиймати 340 млрд. 238 млн. сўм бўлган жами 53 та лойиҳалар рўйхати шакллантирилиб, ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида 406 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, туманда умумий қиймати 35 млрд. 352 млн. сўмлик қўшимча 29 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳалар ишга тушиши натижасида яна 100 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирги вақтда туман ҳокимлиги томонидан лойиҳа ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Саноат йўналишида туман Автойўл унитар корхонаси томонидан қиймати 5 млрд. 200 млн. сўмлик инвестиция киритилиб, асфальт заводи қурилиши ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Хўш, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги бу каби эзгу ва хайрли ишларни ким амалга оширади? Албатта, мен раҳбарлигимда сиз билан биз. Бунинг учун шахсан мен Навбаҳор тумани фарзанди сифатида пойтахтда, ёки вилоятимизнинг бошқа туманларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган барча юртдошларимизни, ватанимиз корига ярайдиган, эртанги ёруғ истиқболимизга, фарзандларимиз келажагига лаббай, деб жавоб берадиган ишбилармон қора кўзларни туманимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга чақираман.

Ватанни севмоқ иймондандир, деган нақл бор халқимизда. Миллати, тили, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳар бир инсон учун туғилиб, вояга етган қишлоғи, маҳалласи азиз ва муқаддасдир. Шундай экан, мен ҳеч муболағасиз айтишим мумкинки, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимиз равнақига, иқтисодиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган навбаҳорлик тадбиркорларимизнинг жамиятда тутган ўринлари беқиёсдир. Мен уларнинг барча-барчасини яна бир бор ўз атрофимда бирлаштирган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятларини кенгайтиришлари, бунинг учун эса ер ажратиш, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, Инвестиция дастурлари асосида хорижий технологияларни олиб кириш масалалари билан боғлиқ барча муаммоларини ечишга кўмаклашишга доимо тайёр эканлигимни алоҳида таъкидламоқчиман.

Айтайлик, Навоий шаҳрида фаолият олиб бораётган навбаҳорлик мулкдоримиз киндик қони томган қишлоғида болалар боғчаси, ёки оталар чойхонаси, ишлаб чиқариш цехи, текстил саноати йўлга қўйса нечоғлик савоб бўлиб, элнинг, маҳалладошларининг дуосини олиши шубҳасиз. Янги иш ўрни яратишдек хайрли ишлари орқали яна қанчалаб оилаларга шодлик улашиш унутилмас саодат эмасми?!

Қадрли юртдошлар,

Азиз ишбилармонлар!

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, кейинги йилларда хорижий инвесторлар учун ҳам юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бунинг натижасида хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Саудия Арабистони давлати фуқароси Азизи Рахмон билан биргаликда туманда "Фарид Азизи” масъулияти чекланган жамият фаолияти йўлга қўйилиб, боғдорчилик ташкил этиш учун туман ҳудудидан 72 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу корхона томонидан мевани қайта ишлаш бўйича технологияларни олиб келиб ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.

Қайд этиш керакки, барча йўналишлар сингари туризм соҳасини ривожлантириш масаласи ҳам давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жорий йилда туманда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш борасида умумий қиймати 2.4 млрд. сўмлик экотуризмлар ташкил этилиши йўлга қўйилди.

Туризм соҳасида олиб борилаётган ушбу саъйи-ҳаракатларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августда эълон қилинган "2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрсида”ги ПҚ-3217-сонли қарори тадбиркорлар фаолиятида қулай имконият бўлиб хизмат қилмоқда.

10.0 мингга яқин қадимий қоятош суратларини ўз бағрида акс эттирган "Сармишсой” дараси Истиқлол йилларида нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам муқаддас манзил маконга айланган. Ҳозирда бу ерда "Сармишсой-Навоий” масъулияти чекланган жамият томонидан 200 ўринли 45 та замонавий коттеджлар барпо этилди. Шунингдек, "Лазизбек тулпорлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан дам олиш ва туя сути билан даволаш масканлари ташкил этилди.

Агарда рақамлар замирига эътибор қаратадиган бўлсак, амалга ошириладиган ушбу ислоҳотларда навбаҳорлик юртдошларимизнинг орзу-умидлари, фаровон турмуши, озод ва обод ватан тақдири ва тимсоли гавдаланади. Янги давр, янги замон бизга ҳар бир жабҳада ана шундай мисли кўрилмаган имкониятларни берди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш бизчи? Биз нима бердик, нима бераяпмиз ватанга? Биз нима бердик, нима бераяпмиз келажакка? Аждодларимиздан қолган озод ва обод диёрни бус-бутунлигича, керак бўлса, бундан-да гуллаб-яшнатиб, зиёда қилиб фарзандларимизга қолдириш қўлимиздан келадими-йўқми?! Қўлимиздан келади. Албатта келади. Бунинг учун қарийб 109 минглик кўп миллатли навбаҳорлик меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз билан қўлни-қўлга бериб, муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда, ҳар бир масалани, ҳар бир муаммони "Халқ билан мулоқот” тамойили асосида шошмасдан, маслаҳатлашиб ҳал этишга бор билим, куч-ғайрат, ташаббус ва шижоатимизни аямаймиз, деган умиддаман. Қўлга киритилган ютуқлар ўзимизники. Бундан ҳаволаниш керак эмас.

Аммо, халқимиз, давлатимиз олдида амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимиз жуда ҳам кўп. Аччиқ бўлсада ҳақиқатнинг юзига тик боқиб айтишимиз керакки, ҳали-ҳамон навбаҳорликларнинг кўп йиллик орзуси бўлган туман марказида истироҳат боғи барпо этилмаган. Ички йўлларимиз таъмирталаб. Китоб дўконлари кам. Ушбу ечимини кутаётган муаммолар мундарижасини узундан-узоқ давом эттиришимиз мумкин. Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, Навбаҳор туманининг муаммоларини, ташвишларини четдан келиб ҳеч ким ечиб бермайди. Шу сабаб мен ушбу мурожаатим орқали такрор ва такрор бўлсада, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган мулкдорларимизни туманимизга жалб этишни истар эдим.

Ватан остонадан бошланар экан, ўзи туғилиб ўсган заминида, маҳалласида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, боланинг бегонаси бўлмаганидек ҳамқишлоқ қора кўзларининг бандлигини таъминлашга, оқ ювиб, оқ тараган Навбаҳоримизнинг моддий ва маънавий қиёфасини тубдан ўзгартиришга ҳисса қўшишга чорлашдан чарчамайман. Зеро, маҳалладошларнинг розилигини, дуосини олиш абадий бахтдир.

Яхши биласиз, яқинда Юртбошимизнинг "Ҳар бир оила тадбиркор” ҳамда "Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастурлари қабул қилинди. Бунинг учун халқимизга, хусусан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган келажагимиз ворисларига парандачик ва чорвачилик йўналишларида имтиёзли банк кредитлари ажратилмоқда. Ўзингиз айтинг, бу каби қулай имкониятлар дунёнинг яна бир давлатида бор? Берилган имкониятлардан унумли фойдаланишнинг вақти келди. Аллоҳ бизни инсон қилиб, ақл ва тафаккур бериб, тўрт мучамизни соғ қилиб яратди. Меҳнатдан келса бойлик-турмуш бўлар чиройлик, деганларидек эндиликда фақатгина ҳалол меҳнат қилсак, ҳалол рўзғор тебратсак, танамизга сингади. Халқнинг, оиламизнинг, фарзандларимизнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади. Юзи ёруғ мамлакатнинг, юзи ёруғ халқнинг эртаси ҳам албатта нурафшон бўлади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.