ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ОРГАН фаолияти такомиллаштирилди

Маълумки, кейинги йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бири ҳисобланган Адлия вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 13 апрелдаги "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши соҳа ривожини тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Эълон қилинган мазкур фармон ва қарорга мувофиқ, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг мақоми, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартиби, шунингдек, унинг раҳбарларини функционал вазифалари ва масъулияти белгилаб берилди.

Бундан ташқари, адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш ва бошқа асосий вазифаларни ўз зиммасига олади.

Ушбу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият бошлаган бўлимимизда айни пайтда раҳбар ҳамда икки нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда. Бўлим давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларида норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий ишлар, юридик хизматлар фаолияти, норматив ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш, давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан текшириш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш ҳуқуқига эга. Шу билан бир қаторда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти тўғрисида зарур статистик маълумотларни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотларни туман аҳолисига етказишга ҳақлидир.

Бўлимга ҳудудий адлия органлари раҳбарининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади. Бўлимни моддий-техник базасини таъминлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш каби мақсадлар мужассамдир.

 

 

Нурали ИСРОИЛОВ,

туман Адлия бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.