ТАШАББУС - ХАЗИНА ОМИЛИ

Товуқ етти хазинанинг бири саналади. Ана шу ҳақиқатни яхши англаган Гулҳаё товуқнинг бройлер зотини кўпайтиришни ўз олдига мақсад қилади. Бу ниятини отасига билдирганида Ихтиёр ака қизининг ташаббусини қувватлаб қолмасдан унга яқиндан ёрдам беришини билдирди. Шундан сўнг Гулҳаё дастлаб тажриба тариқасида яшаш хонадонида 50 дона бройлер товуқларини парваришлай бошлади. Натижа ёмон бўлмади. Меҳнатлари ўз самарасини бериб, буромадга яраша даромад олди. Шундан сўнг товуқлари сонини 2000 тага етказди. Энди уларни парваришлаш учун алоҳида жой керак эди.

-Уй шароитида товуқларни парваришлаш бироз қийинчилик туғдирди,-дейди ёш тадбиркор Г.Эргашева. Санитария-гигиена жиҳатидан ҳам қўшниларнинг норозилигига сабаб бўлганлиги боис, товуқларни парваришлаш учун алоҳида жой сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилганимда мутасаддилар менга тадбиркорлик фаолиятимни давом эттириш учун жой ҳамда керакли тавсия ва ёрдамларини аяшмади.

Туман ҳокимлиги томонидан фаолияти муносиб қўллаб-қувватланган Гулҳаё Эргашева тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, 2018 йил 25 январда "Довуд ота келажаги” оилавий корхонасига асос солди ва шу орқали 6 нафар тенгдошларини иш билан таъминлади. Айни пайтда корхонада 4500 дан зиёд бройлер товуқлари парваришланаётир.

-40 кунда тайёр бўладиган бройлер товуқлари маҳаллий бозорда жуда харидоргир,-дейди тадбиркор синглимиз. Чунки, 10000 та товуқдан 120 миллион даромад қилдик. Келгусида режаларимиз катта. Фақатгина маҳаллий бозор билан кифояланиб қолмасдан маҳсулотларимизни четга экспорт қилишни мақсад қилганмиз. Шу мақсадда куни кеча қўшни Афғонистон ва Туркманистон давлатлари тадбиркорлари билан шартномалар имзоладик. Бу борада менга вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари яқиндан ёрдам берди. Авваллари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидан парваришлаш учун жўжаларни олиб келардик. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, жўжаларни ўзимизда етиштириш ва дон цехи фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу мақсадларимиз амалга ошса яна 40 та янги иш ўринлари яратилади. Айни вақтда ана шу хайрли ишларимизни жадаллаштириш учун банкдан 400 миллион сўм кредит олдик.

Гулҳаёнинг қалбида ёшлик ғайрати ва сурури, қолаверса она ватанига бўлган чексиз муҳаббати орзулари рўёбига қанот бағишламоқда.

 

Чарос ОРЗИҚУЛОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.