КОНСТИТУЦИЯ МИЛЛАТНИНГ МУСТАҲКАМ ҲИМОЯСИДИР

"Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам конституцияда туб бурилиш ясалган. Яъни, Асосий Қонунимиз "Давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деган модда киритилган. Эндиликда инсон ҳаёти, озодлиги, шаъни ва қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади” дея таъкидлаган эди муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов.

Дарҳақиқат, бугун истиқлолнинг ҳур эпкинлари эсиб турган жонажон юртимизда инсон омили муқаддас саналиб, ўтган 25 йил давомида юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотлар замирида инсон шаъни олий ўринга қўйилди. Яъни "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун” деган ғоя ҳукмрон бўлди. Узоққа бормайлик, биргина поёнига етаётган йилимизнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланишининг замирида ана шу улуғвор мақсад ётгани барчамизга аён.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, истиқлолимизнинг буюк меъмори, доно ва оқил сиёсатчи, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳномолигида яратилган мамлакатимиз конституциясида инсон эрки, ғурури, унинг шаъни ва қадр-қиммати олий мезон қилиб белгиланган. Айни кунда мустақил мамлакатимизнинг Бош Қомуси давлат ва халқ ўртасидаги ишончли пойдевор, мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаётир.

Бугун юртимиз бўйлаб яна бир улуғ байрам, яъни Конституциямизнинг 25 йиллик тантаналари шукуҳи кезиб юрибди.

Ушбу санага бағишланган байрам тантаналари 6 декабрь куни туман Маданият бўлими концертлар залида бўлиб ўтди.

Дастлаб тадбирни туман ҳокими Б.Бобоназаров табрик сўзи билан очиб берди ва туманимиз аҳлини Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги билан қизғин муборакбод этди. Шунингдек, тадбирда туман прокурори Н.Исроилов, сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклаб, Конституциямизнинг давлатимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда туман маданият бўлимига қарашли "Навбаҳор таронаси” ашула ва рақс ансамбли, "Бешработ” маданият ва аҳоли дам олиш маскани ҳаваскор жамоалари, "Капалак” намунавий рақс дастаси ҳамда 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан ижро этилган она ватанни, истиқлолимизни, Бош қомусимизни мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлари байрам тадбирига ўзгача файз бағишлади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.