ЁШЛИК-УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР ФАСЛИ

ЁШЛИК-УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР ФАСЛИЁшлик-юракда орзулар гуллаган фасл. Ёшлик-умрнинг энг гуллаган баҳори. Ёшлик-имкониятлар даври. Ана шу даврда инсон буюк ишларга қодир бўлади. Буни биз мамлакатимиз ёшларининг барча соҳаларда қўлга киритаётган ютуқлари замирида ҳам кўришимиз мумкин.

Айтиш жоизки, истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилди.

1991 йил 20 ноябрда "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ёшларимизнинг ижтимоий-маънавий камол топишлари учун кўплаб шарт-шароитлар яратиб берди. Шунингдек, ўтган 26 йил давомида юртимизда ёшларга оид кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу тариқа ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

2016 йил 14 сентябрда имзоланган янги таҳрирдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёшларга замонавий таълим олиш, уй-жой харид қилиш ва қуриш учун имтиёзли кредитлар олиш имкониятини яратиб берди. Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Таълим оламан, ишлайман, ва ватан тараққиёти учун ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, деган ҳар бир ёш эътибордан четда қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифи дунё афкор оммасида катта таассурот уйғотди. Айтиш жоизки, халқимиз болажон халқ. Фарзандининг эртанги порлоқ куни, унинг бахту-иқболи учун жон куйдиради, авлодларим давомчиси, келажагим эгаси, дея ўзи эришолмаган орзулари рўёбини фарзандида кўришга интилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан туриб "Бизнинг асосий вазифамиз-ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси ”вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”, дея алоҳида таъкидлаб ўтганлари биз ёшларнинг қалбимизни катта ғурурга тўлдирди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мустақил диёримизда ҳар бир ёш, фуқаро давлат эътиборидан четда қолгани йўқ. Ҳатто ким бўлишидан қатъий назар давлатимизнинг ҳар бир фуқароси давлат ҳимоясида эканлиги бош қомусимизда белгилаб қўйилган.

Шундай экан, ҳар биримиз шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот асрида ўсиб келаётган ёш авлодни турли ёт ғоя ва мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг онгида она Ватанга муҳаббат ва садоқат ғояларини сингдириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ҳаракат қилишимиз, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларни турли бало-қазолардан асраш учун биргаликда курашишимиз лозим.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.