НИКОҲДАН ОЛДИНГИ ТИББИЙ КЎРИК соғлом келажак кафолати

Ўзбекистон Республикасининг оила қонунчилигида илк бор никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш қатъий белгиланган бўлиб, Оила кодексининг 17-моддасида "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш” деб номланган. Бу қоидани қонунга киритишдан мақсад биринчидан, янги тузилаётган оиланинг ва келажакда туғиладиган фарзандларнинг соғлом бўлишини таъминлаш бўлса, иккинчидан, никоҳга кирувчиларга тиббий-ирсий ҳамда оилани режалаштириш масалаларида маслаҳатлар беришдан иборатдир.

Ушбу қонунни амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган ва амалиётда фойдаланиш учун жорий этилган.

Оила-ватаннинг мўъжаз бир бўлаги. Оиланинг тинч-тотувлиги, мустаҳкамлиги юрт фаровонлигининг асосидир. Ватанга меҳр-муҳаббат энг аввало, оиладан бошланади. Инсон ҳаётини оиласиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уни боғловчи кўприк никоҳдир. Оила кодексининг 15-моддасида қонуний никоҳга кириш қизлар учун 17 ёш, йигитлар учун эса 18 ёш, деб белгиланган.

Албатта, бу энг минимал никоҳ ёши саналади. Бу деган сўз қиз бола 17 ёшга тўлиши билан уни албатта турмушга бериш керак, дегани эмас. Мутахассисларнинг таъкид-лашича, қиз боланинг оила қуриши ва она бўлиши учун энг маъқул давр 20 ёшдан кейин экан.

Оила ҳақида ҳуқуқий тасаввурга эга бўлмаган шахсларни турмуш қуришга тайёр эмас, деб ҳисоблаш мумкин. Баъзи ҳолларда маҳалла фаоллари, маслаҳатчиларнинг хабари бўлмаган ҳолда тўй қилаётганимиз ҳам айни ҳақиқатдир. Сабаби соғлиқни сақлаш, халқ таълими, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ёшлар орасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб бормаётганлигимиз бу каби омилларни келтириб чиқармоқда. Ўз навбатида, ота-оналар жисмоний ва маънавий жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қизларни эрта турмушга бериши турли кўринишдаги кўнгилсизликларга сабаб бўлишини чуқур англашлари лозим.

Оила аслида турмуш ва виждон асосида қурилади. Бу қўрғон ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади. Оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади. Таъкидлаш жоизки, ўзбекларнинг аксарияти ўзининг шахсий фаровонлиги тўғрисида эмас, балки оиласининг, қариндош уруғлари ва яқин одамларининг, қўшниларининг омон-эсонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўяди. Бу эса энг олий даражада маънавий қадрият, инсон қалбининг гавҳаридир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.