2017 ЙИЛ-ПАХТА ЙИҒИМ-ТЕРИМИ МАВСУМИ БОШЛАНИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАН ФЕРМЕРЛАР КЕНГАШИ ҲАМДА ТУМАН “НУРОНИЙ” ЖАМҒАРМАСИНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲОЛИСИГА ЙЎЛЛАГАН МУРОЖААТИ

Ҳурматли фаоллар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари!

Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлгани сингари қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли қишлоқ жойларда мулкдорлар сафи кенгайиб, уларнинг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгармоқда. Йил-ўн икки ой қилинган меҳнатлар самараси ўларок, эришилаётган соф даромад эвазига фермерларимизнинг ҳаёти кун сайин фаровонлашиб бормоқда. Уларнинг моддий техника базаси янада мустаҳкамланиб, янги иш ўринлари яратилишига ҳам имкониятлари кенгаймоқда. Биргина Навбаҳор тумани мисолида гапирадиган бўлсак, бугунги кунда пахта-ғалла етиштириш бўйича 272 та фермер хўжаликлари фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг асосий қисми давлат олдидаги шартномавий режани ортиғи билан уддалаб келаётир.

Жумладан, жорий йил ҳосили учун навбаҳорлик бободеҳқонларимиз томонидан 8682 гектар ер майдонига ғалла уруғи қадалиб, 19248.8 тонна мўл ҳосил етиштирилди. Шунингдек, кумуш тола ижодкорлари томонидан 4029 қути ипак қурти парваришланиб, ўртача ҳар бир қутидан 50-60 килограммдан ҳосилдорлик олинишига эришилди.

Жорий йил эрта баҳордан эса, мавжуд 272 та фермер хўжаликлари томонидан жами бўлиб, 7963.0 гектар ер майдонига ғўза уруғи қадалиб, айни чоғда 22664 тонна оқ-олтин хирмонини бунёд этишга астойдил бел боғлаганмиз. Шу кунларда меҳнат отрядлари шакллантирилиб, ҳашарчиларнинг пахта йиғим-терими мавсумида фаол иштирок этишлари учун барча қулайликлар яратилди. Маълумот учун шуни алоҳида таъкидлаш керакки, етиштирилган пахтанинг 1 килограмм вазни учун биринчи теримда 420 сўм, иккинчи теримда эса 500 сўмдан берилиши белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида, теримчиларда чуқур қизиқиш уйғотмоқда. Биз масъуллар ушбу мавсумда асосан фуқароларимиз, хусусан, уюшмаган аҳолини ўз атрофимизда бирлаштириб, миллий бойлигимиз ҳисобланган оқ-олтин хирмонини ёғингарчилик кунларга қолдирмаган ҳолда, нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишни мақсад қилганмиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб навбаҳорлик барча юртдошларимизга шундай мурожаат қилмоқчимиз.

Яхши биласиз, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёда энг тез ривожланаётган бешта давлатлардан бири сифатида тобора жаҳонга юз тутмоқда. Шубҳасиз, ватанимизнинг кундан-кунга чирой очиб, гуллаб-яшнаши ва тараққиётида Сиз, азиз меҳнаткаш халқимизнинг ҳалол меҳнатингиз ва хизматларингиз беқиёсдир. Шундай экан, бир ой вақт давом этадиган пахта йиғим-терим даврини уюшқоқлик билан ташкил этиб, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, давлатга топширадиган шартномавий режани ўз вақтида ёруғ юз билан адо этсак, ўйлаймизки халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган барча эзгу ва хайрли ишларимиз баракали бўлади. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, халқимиз бой бўлса, давлатимиз ҳам бой бўлади.

Биз мурожаатимиз сўнггида терим иштирокчиларига букилмас ирода, куч-ғайрат, соғлик-омонлик ва оилавий фаровонлик тилаб қоламиз!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.