С А Л О М М А К Т А Б, С А Л О М Ё Ш Л И Г И М !

С А Л О М   М А К Т А Б,   С А Л О М   Ё Ш Л И Г И М !Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби туманимиз таълим муассасаларида ҳам 2 сентябрь куни "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида янги ўқув йили бошланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатмизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ (1991 йил 20 ноябрь) "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Натижада ёшларнинг мукаммал билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бир сўз билан айтганда, комил инсон бўлиб вояга етишлари ҳамда ўзларини нималарга қодир эканликларини намоён этишларига қаратилган эътибор ва ғамхўрлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ана шу оқилона сиёсатнинг самараси ўлароқ, бугун юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам замонавий қиёфа касб этган мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қад ростлаган. Шинам ва ёруғ, жаҳон андозаларига жавоб берадиган ўқув анжомлари билан жиҳозланган синфхоналари, минглаб китоб фондига эга бўлган кутубхоналар ҳамда спорт заллари кела-жагимиз ворислари ихтиёрида. Бу эса Бош қомусимизнинг 41-моддасида "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, деб қайд этилган конституциявий қоида билан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Истиқлолимизнинг 26 йиллиги нишонланган жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, дея эътироф этилиши мазкур йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни тақоза этди. Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай мамлакатнинг куч-қудрати унинг интилектуал салоҳияти билан белгиланади. Бу эса бевосита таълим сифатига боғлиқдир. Бугунги кунда туманимиздаги мавжуд умумтаълим мактабларида жами бўлиб 1711 нафар педагог ходимлар 14551 нафар ўқувчи ёшларга сабоқ бериб келишмоқда. 2017-2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1- синфига 1835 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ўтган ўқув йилидаги 1286 нафар 9-синф битирувчиларидан 1101 нафари ўзлари ва ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан янги ўқув йилини жонажон мактабларида давом эттирадиган бўлишди.

-Жорий йилда Навоий Давлат педагогика институтининг "Ўзбек филологияси” факультетини тамомлаб, 4-умумтаълим мактабида иш бошладим. 2 сентябрь куни барча умумтаълим мактабларида илк қўнғироқ жаранги остида байрам шодиёналари тантана қилинди. Шундан сўнг "Мустақиллик дарси” ўтказилди. Унда ўқувчиларга Истиқлолнинг нақадар буюк неъмат эканлиги, бу ёруғ кунлар саодати ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги, шу сабаб тинчликни, осуда кунларни қадрига етиш кераклиги хусусида батафсил тушунтирилди. Шунингдек, шу куни барча умумтаълим мактабларида бўлгани сингари туманимиз мактаблари ҳам Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиш мақсадида "Хотира дарси” ҳам ўтказилди. Жумладан, мен ҳам "Унутмаймиз, сизни ҳеч қачон!” шиори остида 6-синф ўқувчиларига "Хотира дарси” ўтдим. Дарс давомида буюк давлат ва жамоат арбоби, юксак маънавий жасорат соҳиби, оқил ва доно йўлбошчимиз Ислом Каримовнинг ибратли умр йўли, ўтган чорак аср давомида Ўзбекистон Республикасининг Президенти сифатида амалга оширган эзгу ва хайрли ишлари хусусида ўқувчи-ёшларга мисоллар асосида тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бир сўз билан айтганда, отажонимзнинг ёрқин хотиралари халқимизнинг қалбида абадул-абад мангу яшайди,-дейди 4-умумтаълим мактабининг тил ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулзира Турдиева.

Дарвоқе, шу куни туман ҳокимлиги мутасаддилари ва бир қатор корхона-ташкилот вакиллари туманимиздаги барча ўқув муассасаларида бўлиб, янги ўқув йили билан ўқитувчи ва ўқувчиларни қизғин қутлаб, уларга омадлар тилашди. Биринчи қўнғироқ жаранги эса ўқувчиларни яна бир ёшга улғайганлигидан дарак бериб, уларни янги зафар ва янги муваффақиятлар сари етакласа ажаб эмас.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.