Б А Й Р А М Ш У К У Ҳ И

Б А Й Р А М   Ш У К У Ҳ ИАйни кунларда юртимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз байрамимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тантаналари шукуҳи кезиб юрибди. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг янгиланиш, кўзларни қувнатадиган бунёдкорлик ишларини, юртдошларимизнинг юз-кўзларидаги шукроналикни кўриб кўнглингиз фахр-ифтихорга тўлади. Яхши биласиз, халқимиз тинчликсевар, дуоларида барчага кўнгил хотиржамлик ва осойишталик тиловчи олижаноб халқдир. Она халқимизнинг дуолари мустажоб бўлганлиги боис, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо.

Айни кунларда эса юртимизнинг барча ҳудудларида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллик тантаналарини кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилаётир.

Тадбирларда таниқли кино ва театр актёрлари, элимиз ардоғидаги машҳур санъаткорлар, севимли адиб ва шоирлар иштирок этиб, озод ва обод, эркин ва фаровон ҳаётимиз, буюк неъмат ҳисобланган Истиқлолимиз ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги хусусида бонг уришмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири туманимиздаги "Қоражон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Амирхон” тўйхонасида бўлиб ўтди.

Унда вилоят Маънавият тарғибот бўлим раҳбари У. Сафаров, вилоят бош имом хатиби Т. Рўзиев, Навоий Давлат педагогика институти ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди Н. Сафарова, Тошкент Кимётехнология институти доценти О. Сирожов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Э. Раҳимов, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театр актёри М. Салимов ҳамда "Ниҳол” Давлат мукофоти совриндори Ш. Давроновлар иштирок этишди. Байрам тадбирида сўзга чиққанлар юрти-миз истиқлолга эришган кундан то шу кунга қадар қўлга киритилган оламшумул ютуқлар ва уларнинг замирида навбаҳорликларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги, шунингдек юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтишди. Санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари давра файзига-файз киритиб, дилларни-дилларга яқинлаштирди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.