ОЛИЙЖАНОБ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ СОҲИБИ

ОЛИЙЖАНОБ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ СОҲИБИОЛИЙЖАНОБ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ СОҲИБИ                Бугун биз халқимизни ишонтириб, баланд овоз билан айтишимиз зарурки, буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Шавкат Мирзиёев.                                                                                                                                                                                                                               ОЛИЙЖАНОБ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ СОҲИБИМустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, истиқлол меъмори Ислом Абдуғаниевич Каримов замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига улкан ҳисса қўшган шахс сифатида халқимиз қалбидла, юртимиз тарихида мангу сақланиб қолади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевтаъбири билан айтганда, вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Каримовнинг узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов агар ҳаёт бўлганида шу йилнинг 30 январида 79 ёшга кирган бўлар эди. Унинг ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг сермазмун ҳаёти ва фаолиятининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, ушбу санани улуғ халқимиз байрами сифатида нишонлаш, шубҳасиз, Ислом Каримовнинг руҳини шод этади. Қуйидаги материаллар мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти, бой сиёсий меросининг баъзи қирралари ҳақида маълумот беради. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида иш бошлаган биринчи кунданоқ тинчлик масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Бунда асосий эътибор ички ва ташқи, яъни яхши қўшничилик ва дунё мамлакатлари билан тенг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маданий ҳамкорлик ришталарини боғлашга қаратилди. Энг муҳими, Ўзбекистон фарзандлари бирор ҳар бий ҳаракатларда иштирок этмаслиги, ўзга юртларда хизмат қилмаслиги, энг муҳими, фақат ўз юрти сарҳадларини ҳимоя қилиши алоҳида таъкидланди ва бунга оғишмай амал қилиб келинмоқда. Юрт тинчлиги фақат назария эмас. Ушбу ғоя – халқимизнинг асрлар давомида яратгандан, илтижо қилиб, истаб келган қадрият. Тан олиш лозимки, мустабид тузум шароитида, том маънодаги тинчлик, хотиржамликка эришиш имкони бўлмади. Ҳукмрон мафкуравий сиёсат натижасида қарийб 73 йил ўзбек халқи бошига турли зуғумлар ёғдирилди. Ўтган асрнинг 20 – 30-йилларидаги очлик, иқтисодий қийинчиликлар, бир неча босқичларда амалга оширилган қатағон сиёсати, минглаб, юз минглаб ватандошларимизнинг ноҳақ отиб ташланишлари, қамоқ, сургунларга гирифтор этилиши, миллий-маданий ривожланишда қадриятларнинг қадрсизланиши – буларнинг барчаси халқимиз бошига тушган ташвиш, кулфатлардир. Айниқса, миллатлараро муносабатлардаги кескинликлар, собиқ Совет мафкурасининг миллий низолар чиқариш орқали ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлашга интилиши, Иккинчи жаҳон уруши йилларида қатор халқларнинг ўз юртидан ноҳақ қувғин қилиниб, Ўзбекистонга жойлаштирилиши – шу ва шу каби қатор ноҳақликлар Ўзбекистонда ХХ асрнинг 80 – 90-йилларда оғир вазиятларни юзага келтирди. Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунлариданоқ ана шу салбий ҳолатларни бартараф этиш, халқимизнинг тинч-тотувликда, ижтимоий хотиржамликда яшашини таъминлаш лозим эди. Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, унинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқ осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий жиҳатларини яратиш устувор вазифа сифатида кун тартибига қўйилди. Шу ўринда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатда юрт тинчлиги ғоясининг тантана қилиш кафолати сифатида баҳоланиши мумкин. Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган тинчликсевар сиёсати юрт тинчлиги ғоясининг амалдаги кўриниши эди. Шунингдек, мустақилликнинг чорак асрлик тарихи мобайнида Ўзбекистонда мустаҳкам хавфсизлик, барқарор иқтисодий тараққиёт учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражасини кўтариш, конституцион тузум асосларини мустаҳкамлаш, миллатлар яхлитлигини, халқлар дўстлигини таъминлаш, фуқароларнинг эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш юрт тинчлиги ғоясининг янги мазмун билан бойиганидан даракдир. 1990 йил март ойи ютуқларга эришишнинг бошланғич қадами бошланди. Ўша пайтдаги иттифоқдош республикалар раҳбарлари орасида Ислом Каримов биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайланди. Шу тарихий жараён силсиласи ўлароқ. 1990 йил 20 июнда "Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларацияси” ва 1991 йилнинг 31 августида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 1991 йил 31 август тарихий санасидан эьтиборан ўз мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон тенглар ичра тенг бўлиб, суверен демократик республика сифатида мустақил ички ва ташқи сиёсатини юрита бошлади. Шу билан бирга ўз байроғимиз, гербимиз, она тилимиз, миллий мадҳиямиз, миллий валютамиз, миллий армиямиз ва Конституциямизга эга бўлдик. Буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган "Тараққиётнинг ўзбек модели” ва машҳур беш тамойил асосида амалга оширилаётган ишларнинг намоёнидир. Машҳур беш тамойилга – иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлат – бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган ана шу модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда дунё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Инқирозга қарши чоралар дастури ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилди. Агар кўпчилик хорижий давлатларда қабул қилинган инқирозга қарши дастурлар кўрилган талофатларни бартараф этишга қаратилган бўлса, Ўзбекистоннинг дастури яқинлашиб келаётган хатарнинг олдини олиш ҳамда иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, унинг рақобатдошлигини оширишга йўналтирилгани билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси ҳам давлат сифатида ўзининг стратегик йўлига эга бўлган мамлакатдир. Мазкур йўл мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида ишлаб чиқилган. Бу йўлнинг мазмуни Ислом Каримовнинг "Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” (1992 йил), "Ўзбекистоннинг бозор муносабатларига ўтишининг ўзига хос йўли” (1993 йил) каби асарларида батафсил очиб берилган. Ўзбекистоннинг узоққа мўлжалланган стратегик тараққиёт дастури бевосита мустақилликнинг даслабги йилларида ҳаётимизда келиб чиққан ва кўндаланг масала бўлиб турган кўплаб муаммо ва масалаларни хал этиш заруриятидан келиб чиққан. Бу билан Ўзбекистон том маънода совет давридаги илмий асослардан узоқ бўлган коммунистик ривожланиш йўлидан янги, аниқ илмий хисоб-китобларга асосланган, миллий менталитетимиз ва манфаатларимизга мос келадиган, жаҳон стандартларига тўғри келадиган ўзининг стратегик тараққиёт йўлига эга бўлди. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2010 йил ноябрда эълон қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг стратегик дастурига айланди.     Мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва ҳуқуқий давлатчилик пойдеворини барпо этиш бўйича қабул қилинган миллий тараққиётнинг «ўзбек модели»ни амалга татбиқ этиш йўлидаги биринчи қадамлар ҳақида сўз борганда, ҳеч шубҳасиз, тарихан қисқа муддатда Асосий қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини эслаш ўринлидир. Республиканинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги фикр 1990 йил мартда, Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ I сессиясида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ўртага ташланган эди. 1990 йил 20 июнда Олий Кенгашнинг II сессиясида Мустақиллик Декларациясида қабул қилинган принциплар асосида давлатнинг янги Конституцияси ишлаб чиқилиши лозим, деган хулосага келинди. Сессия Президент И.А.Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Комиссия таркибига депутатлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, давлат, жамоат ташкилотлари, корхоналар, хўжаликлар раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар ва мутахассислар киритилди. Ниҳоят Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди. Шу даврдан бошлаб бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 89-модаасига, 93- моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 77-моддасининг биринчи қисмига ўзгартиш киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 90-моддасининг иккинчи қисмига тузатиш киритилган. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32, 78. 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистонда демократиянинг, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида амалга оширилди. Бу борада кундан-кунга содир бўлаётган ўзгаришларнинг асасой сабабчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан олиб борган оқилона сиёсатининг самараси, десак, тўғри бўлар эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, "оммавий маданият” ва ёд ғоялар таъсиридан асраш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, "Бизнинг ишончимиз ва таянчимиз бўлмиш ёшларимизга янада кенг йўл очиб бериш, фарзандларимизни замонавий билим ва тажрибага, ўз мустақил фикрига эга бўлган, маънавий юксак комил инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг жамиятмизда мустаҳкам ва муносиб жой олиши йўлида зарур шарт-шароитларни яратиб бериш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз”. Бу ғоявий мазмундаги фикрларда илгари сурилган қарашлар бугун ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг учдан икки қисми ёки аҳолиниг қарийб 35 фоизини 16 ёшгача болалар, 60 фоизидан зиёдини эса 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ислоҳотларнинг роли ва аҳамияти қанчалик муҳим эканлиги ўз-ўзидан равшан бўлади. Бу борада, аввало ёшларни интилиши ва мақсадларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашни тақозо этади. Республикамизда ёшларнинг муносиб турмуш кечиришлари, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш мақсадида кейинги йилларда уларнинг манфаатларини кўзловчи 150 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди. 1991 йил 20 ноябрда "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”, 2008 йил 7 январда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”,2010 йил 29 сентябрда "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, 1992 йил 2 июлда, "Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари шулар жумласидандир. Мустақиллик йилларда Ўзбекистонда замонавий таълим тизимини шакллантириш ва юксак малакали кадрларни тайёрлаш ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг асосий омилига айланди. Бинобарин, 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига асосан амалга оширилган туб ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Бу борада мамлакатимизда кадрлар тайёрлашнинг ноёб тизими яратилди. Бугун 9+3 тамойили асосида 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимига ўтилди ҳамда таълим тизимининг узлуксизлиги таъминланди. Агар бу ислоҳотлар МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб амалга оширилганлигини, таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этишини инобатга олсак, мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш ва вояга етказиш нечоғли устувор вазифа эканлигини эътироф этиш мумкин. Бу борада Ислом Каримов ташаббуси билан умумтаълим мактаблари учун 2004-2009 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилди ва у ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилди. Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури доирасида 8500 дан зиёд мактабда қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди. Дастур доирасида қайта тиклаш ишлари амалга оширилган мактабларнинг 1326 таси ёки 16 фоизи шаҳарларда, 6887 таси ёки 81 фоизи қишлоқ ҳудудларида, 288 таси эса бориши қийин бўлган ҳудудларда жойлашган бўлиб, бу ишлар шаҳар ва қишлоқ мактабларининг моддий-техник базаси орасидаги тафовутни барҳам топишига имкон берди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини тубдан янгилаш ва ислоҳ этиш бўйича қарийб 9,5 минг ёки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг деярли барчаси янгидан қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминланди, 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилди ҳамда уларнинг моддий-техник ва ўқув-методик базаси мустаҳкамланиб борилмоқда. Шунингдек, 9 минг 400 дан зиёд умумтаълим мактаби ёки жами мактабларнинг 96 фоизи ZiyoNet электрон ахборот тармоғига уланди. Ислом Каримов таъкидлаганидек, "Бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаш мумкинлигига кимнидир ишонтириш ёки буни исботлаб беришнинг ҳожати йўқ”. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича 2011-2016 йилларга мўлжалланган дастурни амалга ошириш учун 277 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлиб, 2011 йилнинг ўзида 39 миллиард сўмдан ортиқ тадбирлар молиялаштирилган. Шу ўринда малакатимизда таълим тизимини ривожлантириш ва унда инновацион технологияларни жорий этиш бўйича АҚШнинг CNN компаниясининг дунё мамлакатлари бўйича таълим ҳолати тўғрисидаги қиёсий ахборотида кўрсатилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон таълим соҳасидаги инновациялар кўрсаткичи бўйича 75,38 балл билан дунёда иккинчи ўринни эгаллаганлиги бу соҳада амалга оширилган ишларнинг ютуғи ҳамда кадрлар тайёрлаш тизими тўғри шакллантирилганлигидан далолат беради. Бугунги кунда дунё юксак тараққий этаётган давлатлари қаторида Ўзбекистон тажрибаси қисқа вақт ичида таълим тизимида амалга оширилган ишларни "ўзбек таълим мўъжизаси”деб эътироф этса бўлади. Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида "Истеъдод” жамғармаси, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Маданият ва санъат Форуми”, "Меҳр нури” каби жамғармалар, шунингдек, "Зулфия” номидаги Давлат мукофоти, "Ниҳол” мукофоти, "Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Президент ва бошқа номдор стипендиялар, "Келажак овози” республика танлови, "Янги авлод” республика болалар фестивали, "Камолот” ЁИҲ республика танловлари таъсис этилганлиги иқтидорли ёшларни юксак марралар сари интилишларига, эътирофга сазовор бўлишларига кенг имкониятлар эшигини очеб берди. Айниқса, "Истеъдод” жамғармаси орқали 850 дан ортиқ ўзбек ўғил-қизлари дунёнинг энг ривожланган давлатларида таҳсил олиб қайтишлари, 2012 йилда Кореяда ўтказилган "Корея билимдони” танловида дунёнинг кўплаб давлатларидан иштирок этган талабалар орасида ўзбек ёшларининг олий мукофотни олганлиги, хитойшунос талабаларнинг қатор йиллардан буён "Хитой кўприги” халқаро танловлида юқори ўринларни эгаллаб келаётганлиги бу соҳадаги ишларнинг ёрқин мисоли бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, кейинги ўн йил мобайнида ўзбек ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиядаларида муносиб иштирок этиб, 150 дан зиёд олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритгани, нуфузли санъат фестиваллари ва танловларида 670 дан ортиқ совринли ўринларни эгаллагани билан ҳам тасдиқлаш мумкин. "Шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ”, деб таъкидлаган Ислом Каримов. Бу борада давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, "...Таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади. Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Бу хусусида маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний – "Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”деган чуқур маъноли сўзлари бугун ҳаёт фалсафамизга айланиши лозим. Ёшларни соғлом авлод, комил инсон этиб тарбиялаш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида ҳам мамлакатимизда бир қатор амалий ишлар амалга оширилиб келмоқда ва бу ҳозирги кунда ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, "Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир”. Бу борада давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида мамлакатмизда ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, уларни мунтазам спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда соғлом авлодни шакллантириш мақсадида дунё ҳамжамияти томонидан янги тажриба сифатида эътироф этилган уч босқичли ягона тизим "Умид ниҳоллари”, "Баркамол авлод” ва "Универсиада” каби спорт ўйинлари ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу тизимнинг тасдиғи сифатида Бразилияда бўлиб ўтган 31-Ёзги Олимпия ўйинлари мустақил Ўзбекистон тарихида медаллар жамғариш борасида рекорд натижа қайд этилгани ёрқин мисолдир. Спортчиларимиз 13 та медални қўлга киритишди. Шулардан 4 таси олтин, 2 та кумуш ва 7 таси бронза эканлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Шунингдек, 32 нафар спортчиларимиз Паралимпия ўйинларининг 31 медалини (8 та олтин, 6 та кумуш, 17 бронза) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 200 яқин иштирок этган давлатлар ўртасида 15-ўринни, Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2-ўрин, Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин қўлга киритди. Дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди. Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган. Шунингдек, мамлакатимизда 1500 та энг замонавий, барча ёшлар фойдаланиши мумкин бўлган болалар спорти объекти барпо этилганлиги, 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар 2008 йилдаги 29,2 фоиздан 2011 йилда 34,9 фоизгача, жумладан қиз болалар ўртасида 24,1 фоиздан 31,4 фоизгача ошганлиги, 2005-2011 йилларда мутлақ соғлом болалар сони мамалакат бўйича 52,7 фоиздан 62,9 фоизгача ўсганлиги, сурункали касалликларга чалинган болалар сони эса кескин камайганлиги бу соҳадаги ишларнинг самарасидир.  "Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган давлатлар орасида Ўзбекистон 9-ўринни эгаллаши юқорида қайд этилган кўрсаткичларнинг яна бир бор тасдиғидир. Ислом Каримов томонидан "Фарзандларимиз – бизнинг келажагимиз. Халқимиз эртасининг қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ” деб айтилган сўзнинг амалий натижаларидир. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов фаолиятида ташқи сиёсий, мамлакатлар ва халқлар ўртасида ишончли ҳамкорликни ўрнатиш, халқаро эътироф этлган тамойил ва нормаларга амал қилиш доимо муҳим аҳамият касб этган. Бундай ҳамкорлик Ислом Каримовнинг сиёсий сергаклики, мафкуравий собитқадамлиги, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил қилиш ва ундан тўғри хулоса чиқариш каби амалиёт билан янада мустаҳкамланади. Дунёнинг йирик сиёсатчилари, давлат раҳбарлари, халқаро экспертлар Ислом Каримовнинг бу сифатларини доимо қадрладилар ва эътироф этдилар.  

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.