Муқобил энергия-беминнат энергия

Республикамиз Президентининг "Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳани кўтаришда янги имконият уфқларини очиб берди. Саноат ишланмаларини янада юқори техник ва илмий даражада ўтказишни давом эттириб, бизнинг шароитимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ўзининг ижобий самарасини беради. Айтиш керакки, ўлкамиз ноанъанавий энергия манбалари-қуёш ва шамол энергияси заҳираларига бой бўлиб, улар атроф-муҳитга зарар етказмайди. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудида бир йилда қуёшли вақтлар давомийлиги 300-310 кунни ташкил этади.

Бугунги кунда муқобил энергиядан фойдаланишга босқичма-босқич ўтилмас экан, табиий бойликлар-нефть, газ заҳиралари тугаши оқибатида аҳоли жуда катта муаммо билан юзма-юз келиши табиий. Шу боис қуёш энергиясидан фойдаланиш биз учун беқиёс фойда келтиришини ҳис этамиз. Сабаби қуёш ҳароратидан фақат электр энергияси олиш учун эмас, балки ундан коллекторлар орқали сув иситишда овқат, нон тайёрлашда, чучук сув олиш ва меваларни қуритишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Айни дамда эса дунёнинг ривожланган давлатлари Германия, Япония, Хитой, Испания ва АҚШ сингари давлатлар муқобил энергиядан фойдаланишда етакчилик қилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, юртимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида кўплаб тажрибалар амалга оширилиб, лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Давлатимиз Президенти томонидан қабул қилинган Фармонда ҳам Самарқандда 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш кўзда тутилган. Бу станциялар орқали корхона, фабрика, қишлоқлар ва кичик шаҳарларни тўла электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Бундай қурилмалар электр энергияни сақлаш акумуляторларга эга ва қуёш бўлмаган вақтларда, хусусан, тунда ҳам энергия билан таъминлаш имконини беради.

Масалан, 1КВт қуёш фотоэлектрик станцияси битта хонадонга бемалол етади. Ундан лабаротория ишлаб чиқариш учун 15 миллион сўм атрофида маблағ талаб қилинар экан. Бу катта маблағ, аммо 50 йилга тақсимланганда бу арзимас маблағ бўлиб қолади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, қуёш панеллари ёрдамида олинган электр энергиясининг таннархи асосан ярим ўтказгичли кремний баҳосига боғлиқ. Ҳозир Навоий вилоятида техник кремний заводи фаолият юритилаётганлигини ҳисобга олсак, келгусида бундай қурилмалар конвейер асосида ишлаб чиқарилса, нархи бундан-да арзон бўлиши табиий.

 

Баҳодир ШОМУРОДОВ,

"Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Навоий

ҳудудий бўлими инспектори.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.