Излаган имкон топар

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг ихчамлиги ва ҳаракатчанлиги билан бозор шароитига тез мослаша олади. Шу боис, мамалакатимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очилди ва ўтган йиллар давомида бу Излаган  имкон  топарҳаракат анча ўзини оқлаб, Республикамиз иқтисодининг етакчи тармоғига айланди. "Юқори Бешработ” маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳроржон Хўжаназаров ҳам юртимизда яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиш мақсадида, 2011 йилда "Халқ банки”нинг Навбаҳор туман филиали томонидан 20 миллион кредит олиб, қурилиш маҳсулоти (брусчатка) ишлаб чиқарадиган цех фаолиятини йўлга қўйган эди. Цехда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўзининг сифатлилиги билан харидорларини топа бошлагач, Аҳроржон "Халқ банки”нинг туман филиали томонидан қўшимча яна 20 миллион сўм кредит олиб, цех фаолиятини кенгайтирди. Бу билан иш кўлами ошиб, яна 5 та иш ўрни яратилди. Айни дамда цехда бир кунда 50 квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

-Маҳсулот учун асосий хом ашё Нурота тоғ тизмалари ён бағридаги каръердан олиб келинади. Шунингдек, "Қизилқумцемент” ОАЖ билан шарт-нома имзолаганмиз. Корхона шартномага асосан бизни сифатли цемент билан таъминлаб турибди,-дейди биз билан суҳбатда "Аброр Хондамир” хусусий корхонаси раҳбари Аҳрор Хўжаназаров.

Айтиш жоизки, корхона томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг харидорлари сафи нафақат Навбаҳорда, балки қўшни туманларда ҳам кенгаймоқда. Конимех, Қизилтепа, Нурота туманларидан ташриф буюрган харидорларнинг қадами узилмайди. Туманимизда қурилаётган намунали уй-жойлар ҳамда умумтаълим мактабларининг ҳовли саҳниларини пардозлашда ҳам корхона маҳсулотларидан кенг фойдаланилмоқда.

-Келгусида корхона фаолиятини кенгайтириб, бетон ғишт (шлокоблок) ишлаб чиқаришни режалаштираяпмиз,-дейди корхона раҳбари истиқболдаги режалари ҳақида сўзларкан.

Ишбилармон қаҳрамонимиз мана бир неча йилдирки, туманда ва вилоятда бўлиб ўтаётган "Ташаббус” кўрик танловларида ғолиб бўлиб келиш билан бирга, маҳаллада, туманда ўтказилаётган тадбирларга ҳам ҳомийлик қилиб келмоқда.

Тадбиркорлар юртимиз иқтисодиётининг мустаҳкам таянчи. Шундай экан, Аҳроржон Хўжаназаров каби эл маъмурчилиги йўлида меҳнат қилаётган тадбиркорлар сони кенгаяверсин.

Дилфуза БЕРДИЕВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.