Навоийда дон қабул қилиш шаҳобчалари мавсумга тайёр

Навоийда дон қабул қилиш шаҳобчалари мавсумга тайёр

Ғалла- халқимизнинг ризқ-рўзи, баракаси. Шу боис бутун мамлакатимиз бўйлаб пишиб етилган буғдойни нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олиш тадбирлари қизғин давом этаётир. Навоий вилоятида ҳам бу боража жадал ишлар олиб борилиб, дон қабул қилиш шахобчалари хизматга шай ҳолатга келтирилган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги "2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 831-сонли қарорига мувофиқ вилоятда 38 минг 39 гектар майдонга бошоқли донлар экилди. Бугунги кунга келиб захматкаш фермер хўжаликларимиз томонидан агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда тўғри амалга оширилганлиги натижасида улкан ҳосилдорлик олиш кутилмоқда.

Хусусан, 2020 йилда жамғариладиган бошоқли донлар жами 105 минг878 тонна бўлиб, шундан давлат харидлари учун 62 минг 395 тонна товар, 9 минг 871 тонна уруғлик, тўғридан-тўғри шартнома асосида эса 33 минг 612 тонна товар донларни вилоятдаги дон корхоналарига топшириш режалаштирилган.

Шунингдек, вилоятда ҳосилни қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш учун тегишли чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, ўрим-йиғим ишларига 105 та ғалла комбайнларига 105 та отрядлар шакллантирилган ҳамда мавсумга шай.

Бошоқли донларни қабул қилиш учун вилоятдаги "Навоийдонмаҳсулотлари” ва "Қизилтепа ун заводи” акциядорлик жамиятлари ҳамда уларнинг шахобчалари лаборатория жиҳозлари ва автомобил тарозилари тўлиқ давлат қиёсловидан ўтказилди, омбор ва майдонларга дон зараркунандаларига қарши ишловлар берилиб, қабул қилишга тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган. Жумладан, Навбаҳор туманидаги дон қабул қилиш шаҳобчаси ҳам мавсумга шай ҳолатга келтирилган. Шаҳобча 21 636 тонна дон қабул қилиш сиғимига эга бўлиб, бу ерда зараркунандаларга қарши курашиш ва ёнғин хавфсизлиги ва бошқалар бўйича зарур чоралар кўрилган.

Бошоқли донни қабул қилиш даврида фермер хўжаликлари томонидан топшириладиган донларнинг сифат кўрсатгичлари тўғри аниқланишида ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун ҳар бир қабул қилинадиган шахобчаларга "Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларининг мутахассислари бириктирилган. Дон қабул қилинишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш бўйича Инспекциянинг вилоят ва туманлар ишчи гуруҳлари ташкил қилинган.

- Туман ишчи гуруҳига бириктирилган ҳар бир инспектор ҳудудда жойлашган дон қабул қилиш шаҳобчаси лабораториясида иш олиб боради,- дейди "Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Алиқул Бабамуродов. - Инспекторлар автотранспортларда топширилаётган донлардан намуналар тўғри олиниши, ўртача ва суткалик намуналар тўғри шакллантирилиши, донни сифати бўйича таҳлиллар тўғри ўтказилиши, китобларга ўз вақтида расмийлаштирилиши ва намуналар тўғри сақланишини қатъий назорат қилади. Дон топширувчи хўжаликлар ва қабул қилувчи корхоналар ўртасида доннинг сифати, олинадиган чегирма фоизи ва миқдори бўйича юзага келадиган низоли масалаларни жойида ҳал этади. Жумладан, топширилган доннинг амалдаги сифати билан ҳисоб китоб учун базис меъёрлар қўлланилишида физик вазнни ошиши ёки камайишига таъсир этувчи намлик ва ифлослик кўрсаткичлари бўйича низоли ҳолатларда инспектор фермер хўжалиги вакили билан лабораторияда сақланаётган суткалик намунани қайта таҳлил қилиб, аниқланган ҳақиқий сифат кўрсаткичлари бўйича хулоса беради. Бу бўйича туман ишчи гуруҳларига тегишли тавсия, маслаҳатлар етказилди.

Айтиш жоизки, донлар сифати O´zDSt 880:2015 талаблари бўйича қабул қилинади. Дон намлиги чегараланган меъёрдан (17 фоиздан) юқори бўлган ҳолатларда корхона ва шаҳобчалар ҳудудида ташкил этилган алоҳида майдонда дон топширувчи вакили иштирокида қуритилиб, кейин тарозидан ўтказиб топширилиши лозим.

 

"Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси

матбуот хизмати

 

Навоийда дон қабул қилиш шаҳобчалари мавсумга тайёр
Навоийда дон қабул қилиш шаҳобчалари мавсумга тайёр

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.