Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Марҳамат, бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

"Оролдаги боғим” лойиҳаси амалга оширилади

Бу бўйича ўтган ҳафтада, "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4597-сон, 12.02.2020 й.) қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган "My garden in the Aral Sea” ("Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳасини амалга оширилади.

"My garden in the Aral Sea” ("Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳасини амалга ошириш бўйича харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Халқаро инновация марказининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кўргазмали тажриба-синов майдонларини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон ҳудудидаги захира ер майдонлари, Орол денгизининг қуриган тубидаги ҳудуддан ҳамда Оролбўйи ҳудудидаги ўрмон фонди ерларидан ер майдонлари ажратилади.

Нукус шаҳар Марказий бозоридан Нукус туманидаги Халқаро инновация маркази ҳудудигача бўлган йўналишда мунтазам жамоат транспорти қатнови ташкил этилади.

Маълумот учун, Халқаро инновация маркази томонидан "Мўйноқ” ва "Саманбай” тажриба-синов майдонлари ташкил этилган, шунингдек шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, 13 турдаги ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказилаётганлиги маълум қилинади.

Қарор ижроси бўйича 2020 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига якуний ахборот киритилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди (https://president.uz/uz/3351).

Президент ушбу соҳага масъул Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифини билдирди.

Маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

22 март – "Маҳалла тизими ходимлари куни” деб белгиланди.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада, Президент қарори (ПҚ–4594-сон, 11.02.2020 й.) билан "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга қўшимча киритилди.

Унга Давлат тилида маркировкаланмаган товарга мувофиқлик сертификати берилмайдиган бўлди.

Киритилган қўшимчага кўра, 2020 йил 1 августдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари (истеъмол қадоқларига эга бўлмаган товарлардан ташқари) ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбекистоннинг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тақиқланади (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

Шунингдек, ўтган ҳафтада қабул қилинган Ҳукумат қарори (76-сон, 10.02.2020 й.) билан Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда ҚҚС тўловчилар учун ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш жараёни автоматлаштирилади.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун солиқ тўловчи давлат божхона хизмати органига ариза ва ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Давлат божхона хизмати органи ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарорни 5 иш кунида қабул қилади.

Муддатни узайтириш имконияти берилиши рад этилганда солиқ тўловчи 1 иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.

Тўлов муддатини узайтириш имкони берилганда, унинг суммаси ва тугаш муддати кўрсатилади.

Маълумот учун, Президентнинг 2019 йил 27 июндаги ПФ–5755-сон Фармонига (https://lex.uz/docs/4396717) мувофиқ илгари берилган имтиёзларни бекор қилиш бўйича ҚҚС тўловчиларга товарларни олиб киришда, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни импорт қилишда ҚҚС бўйича имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга ҚҚС тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланиш белгиланган.

Бундан ташқари, Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг асосий вазифалари белгиланди

"Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (75-сон, 10.02.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг асосий вазифалари белгиланди.

ОТМлар фаолиятида ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, таълим жараёни сифатини изчил ошириб бориш, ўқитишнинг самарали шаклларини ва усулларини ҳамда замонавий АКТни жорий этишга кўмаклашиш марказнинг вазифаларидан биридир.

Қарор билан марказга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда қатор масалалар бўйича ОТМларга шартнома асосида хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди.

Жумладан, марказ олий таълим тизимига тегишли қатъий назоратдаги, давлат намунасидаги ҳужжатларни нашрга тайёрлайди ва улар билан ОТМларни таъминлайди.

2020 йил 1 майдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича марказ директори – ОТМ ректорига, директор маслаҳатчиси ва директор ўринбосари – ОТМ проректорига, бошқарма ва бўлим бошлиқлари – факультет деканига, бош мутахассис – катта ўқитувчига, етакчи мутахассис – ўқитувчига тенглаштирилади.

Бундан ташқари, Ҳукумат қарори (71-сон, 08.02.2020 й.) билан Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш бўйича ахборот тизими яратилиб, Интернет тармоғида ишга туширилади.

Шахсга доир маълумотлар – муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор (ушбу маълумотлар базасига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқига эга давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс) ва (ёки) оператор (ушбу маълумотларга ишлов берувчи) томонидан давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим (истисно ҳолатлар мавжуд).

Шахсга доир маълумотлар базасини давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш, аввал киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш ҳамда давлат реестридан чиқаришда тўлов ундирилмайди.

Давлат персоналлаштириш маркази давлат реестрини шакллантиради, юритади ва ундаги ахборотнинг яхлитлигини таъминлайди.

Давлат реестри маълумотлари жисмоний ва юридик шахсларнинг улар билан танишиши учун очиқ ҳисобланади.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.