Адлия минбари.

Адлия вазирлиги: Пахта ва ғаллага давлат буюртмаси бекор бўлиши негамуҳим?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатида давлатимиз ривожи учун ўта муҳим ғоялар ва ислоҳотлар илгари сурилди. Барчаси тегишли соҳаларнинг олдинга қараб дадил қадам қўйишига замин яратади, уларнинг комплекс тарзда ҳаётга татбиқ этилиши эса давлатимизни узоқ муддатли барқарор ривожланишга сабаб бўлиши шубҳасиз.

Шулар ичида Ўзбекистоннинг охирги асрлардаги иқтисодий-ижтимоий воқеалиги, керак бўлса, халқининг тақдирига катта таъсир қилиб келган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги революцион янгилик халққа эълон қилиндики, бу мурожаатда тилга олинган энг эътиборли ва қадрли мавзулардан эканлигини эътироф этиш зарур. Яъни пахта ва ғалла учун давлат буюртмасини бекор қилиш қарори кульминацион ва стратегик аҳамиятга эга янгиликдир.

Бу нега муҳим?

Нима учун бу шунчалик муҳим деган савол туғилиши табиий.
Қисқача айтганда, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши фермерлар фаолиятида тубдан ўзгариш келтириб чиқаради, уларнинг ўз ерларида фаолият юритиш эркинлигига туртки беради, рақобат ўсади, яъни манфаат кучаяди, бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалигида унумдорликнинг ошишига олиб келади.

Президентимиз ҳам пахта ва ғалла халқимизнинг косаси оқаришига олиб келмаганини кўп маротаба таъкидлаб келмоқдалар: "Афсуски пахта бизни боқмади” дейилди Давлат раҳбари нутқида. Шу боис сўнгги пайтларда мазкур соҳадаги либерал ислоҳотлар дадил амалга оширилмоқда, шу сабабли ушбу қарорни мурожаатдаги энг муҳим янгилик, десак муболаға бўлмайди.

Қишлоқ хўжалиги, хоҳлаймизми-йўқми, бошқа барча соҳаларнинг фаолиятига, керак бўлса, ушбу соҳаларнинг ривожланиш истиқболларига, ҳаттоки, тақдирига таъсир қилиб келмоқда. Жумладан, аграр соҳадаги мавжуд муносабатлар давлатдаги қонун устуворлигини таъминлашга, шартномавий муносабатларнинг ривожланишига, моддий ресурсларнинг тақсимланиш принципларига, давлатдаги нарх сиёсати юритилишига, маъмурий ислоҳотларга (яъни қайси орган аслида қайси функцияларни бажариши керак), корпоратив бошқарув тизимига ёки банк-молия соҳасининг ишлаш принципларига, умуман, бозор иқтисодиётининг қарор топишига, қишлоқ ҳудудларининг ривожланишига таъсир қилади.

Чунки бу соҳанинг реал ишлашини таъминлаш учун сафарбар этиладиган кучлар юқоридаги соҳалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва ўз-ўзидан уларни ўз таъсири остига олади.

Шуни эътиборга олиб, қишлоқ хўжалигидаги енгилликлар бошқа соҳалардаги мавжуд қоидалар, принциплар, муносабатларнинг ҳам ривожланишига олиб келади, дейиш мумкин. Пахта ва ғаллага давлат буюртмасининг бекор бўлиши эса буюртмачининг бу соҳага аралашувини камайтиради. Бу борада сафарбар этиб келинган ресурслар мақсадга мувофиқ тақсимланади: хусусан, ҳокимликларга бошқа муҳим стратегик вазифалари, айниқса, бугунги кунда энг долзарб бўлган ижтимоий соҳа билан шуғулланиш имконияти яратилади.

Ривожланиш омиллари

Кун тартибида қишлоқ хўжалигига янги технологиялар, инновациялар киритиш жуда долзарб масала сифатида кўндаланг қўйиляпти, инвестициялар, рақобатбардош маҳсулотлар, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича чоралар кўриляпти.

Бу улкан трансформация жараёнини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигида қандай шароит ва муҳит бўлиши лозим, деган ҳақли савол туғилади, албатта.

Умуман олганда, ҳар қандай соҳада бўлгани каби, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига катта туртки бўлувчи омиллар мавжуд бўлиб, улар ичида энг муҳим ва фундаменталларидан бири – бу мулкка, мулкий ҳуқуқларга бўлган муносабат ва шароитдир.

Тарихга назар солиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришган ёки хатоларга йўл қўйган мамлакатлар тажрибасини ўргансак, ушбу энг базавий қоида, яъни ерга бўлган ҳуқуқларнинг ҳимояланганлиги даражаси, қайта-қайта марказий омил сифатида гавдаланаверади.

Бу ерда гап ерга нисбатан хусусий мулкчилик муносабати тўғрисида кетмаяпти, балки ҳар қандай ҳуқуқнинг кафолати, яъни шу ҳуқуқни берувчи томонидан "ўйин қоидалари" га риоя этилиши, қоидаларнинг тез-тез ўзгаришига йўл қўйилмаслиги, яъни барқарорлиги, энг хавфлиси эса, ушбу ҳуқуқлардан жудо этмаслик истиқболларидир. Бу борада объектив нуқтаи назардан хавф-хатар қанча баланд бўлса, жозибадорлик шунча кам бўлаверади.

Бу албатта янгилик эмас, барча соҳада худди шу базавий тамойиллар ҳукмрон. Лекин айнан юқоридаги каби барқарор муносабатнинг мавжуд бўлиши ерга, демакки, қишлоқ хўжалигига инвестиция объекти сифатида қаралишига олиб келади.

Яъни, инвестор/фермер/тадбиркор ўз истиқболини олдиндан режалаштириб, манфаатини ҳисоб-китоб қилиб, мулкий объектларидан энг мақбул тарзда фойдаланиш йўлларини излайди, ер ҳақидақайғуради, тупроқ унумдорлигини ўйлайди. Қўшимча рақобат муҳитининг мавжуд бўлиши эса, уларни ўз ҳаракатларини кўп маротабаамалга оширишга мажбур қилади.

Ер ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш институтлари учун муҳим омил сифатида, биринчи навбатда,хавфсизлик туради. Айнан шу туйғу, яъни хавфсизлик даражаси мулкдор ёки ер фойдаланувчисининг ерга нисбатан қандай қарорлар қабул қилишига бевосита таъсир қилади: инвестиция киритадими ёки йўқ, уни асраб авайлайдими ёки йўқми? Шунинг учун ҳам, биринчилардан ерга бўлган ҳуқуқлар давлатлар томонидан расмий рўйхатдан ўтувчи ҳуқуқлар ичида шакллана бошлаган ва тегишлича ҳимояланган. Айрим давлатларда эса, масалан Германияда анъанавий равишда судлар томонидан ерга бўлган ҳуқуқлар рўйхатга олиб келинган (ҳозир ҳам шундай). Ерга нисбатан ҳуқуқ энг кўп қадрга-қийматга эга ҳуқуқ бўлгани учун ҳам, судлар унинг ҳимоясига отланган.

Ёки аксинча, ҳар томонлама объектив фаолият юритувчи, ер ҳуқуқлари ҳимоясини қатъий равишда таъминлай оладиган тизимнинг, яъни давлат институтларининг мавжуд бўлмаслиги, ер муносабатларида тартибсизликка олиб келиши мумкин. Бу масалада қонунларда кафолатлар белгиланган бўлиб, улар амалиётда татбиқ этилмаса ҳам, худди шундай салбий оқибатлар юз беради (Уганда, Мексика).

Ер бу давлатнинг ва халқнинг энг қимматбаҳо активи, яъни хазинасидаги бойлиги ҳисобланади. Ундан максимал даражада самарали фойдаланиш эса энг катта мақсаддир. Агар сизнинг қандайдир қимматбаҳо шахсий мулкингиз бўлса, албатта, унинг баҳосини бозор қийматида белгилайсиз, шунга яраша фойда кўришни хоҳлайсиз, 100 сўмлик шахсий мулкингизни 10 сўмга бериб қўймайсиз.

Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир, деб Абдулла Қодирий жуда тўғри таъкидлаган.

Машҳур олимлар таҳлилларига ёки умуман тарихий эволюцияга эътибор бериладиган бўлса, айрим давлатларнинг ер ҳуқуқларига муносабатлари қишлоқ хўжалигидаги унумдорликка тўғридан тўғри таъсир қилиб келган.

Россия империясида Столипиннинг ер ислоҳотларига қарасак, 1861 йилда крепостной ҳуқуқи бекор бўлганидан кейин, 1906 йилда ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берила бошланиши меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келган. Афсус, яқин тарихдан биламизки, бўлиб ўтган революциялар ва кейинчалик Совет Иттифоқида юз берган тескари жараёнлар, яъни мажбурий коллективлаштириш сиёсати қишлоқ хўжалигига катта таъсир қилди. Худди шундай сиёсат Жазоир, Чили, ГДР, Мозамбик, Никарагуа, Перу давлатларида юз бериб, ўхшаш салбий натижаларни қайд қилган.

Хитойда эса машҳур Ден Сяопин ўз ислоҳотларини айнан аграр соҳадан бошлаб, ерларни тақсимлаб, фермерларга мустақиллик бериши оқибатида, Хитойнинг қишлоқ хўжалиги унумдорлиги бирдан ошишни бошлаган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Боливия, Ҳиндистон, Эфиопия, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Тайванда ерларнинг ижарачиларга тақсимланиб берилиши унумдорликнинг кескин ошишига олиб келган. Бунда муҳим жиҳат бу ерларнинг тақсимланишида тенгликка риоя қилинишидир. 1960–2000 йиллардаги мониторинглар шуни кўрсатдики, қайси давлатларда ер тақсимланишида тенглик принципига амал қилинса (озчилик қўлида кўп ер концентрацияси юз бермаса), ўша мамлакатда ЯИМнинг юқори ўсиш суръатлари қайд этилади. Бу машҳур Gini индекси бўйича ҳисобланганда ҳам, яққол кўзга ташланади.

Аксинча, давлатнинг нарх шаклланишидаги аралашуви қандай натижаларга олиб келишини қуйидаги мисолда ҳам кўриш мумкин. Сиерра Леонда какао ва кофе нархлари тез ўзгариб турарди, хусусан, бир ҳосилдан иккинчисига қараб нархлар ўртасида фарқ жуда сезиларли бўларди. Бу, табиийки, фермерларнинг даромадига ўз таъсирини кўрсатар эди.

1949 йилда фермерларни қўллаб-қувватлаш учун Бозор кенгаши деган тузилма ташкил этилади. Кенгаш нархлар арзон бўлиб қолган вақтда фермерлардан маҳсулотни қимматроқ, нархлар қиммат бўлиб кетса, арзонроқ сотиб олиш орқали кескин нарх ўзгаришини барқарор бошқариб бориши керак эди.

Ғоя яхши, фақат реал ҳаётда бу тескари натижага олиб келди. Бозор кенгаши фаолияти ва маъмурчилиги учун маблағлар керак эди. Бу маблағлар албатта фермерлар ҳисобидан олинарди. Шундай экан, асосий вазифани бажариш учун маълум бир ҳосилда фермерларга бозор нархлардан сал камроқ пул тўлана бошланди. "Сал камроқ” тушунчаси эса йиллар давомида катталашиб бораверди. Сиерра Леоне 1961 йилда ўз мустақиллигига эришгандан кейин ҳам бу тизим сақланиб қолди. Натижада 60-йилларда, мардонавор бозор кенгаши какао фермерларига маҳсулотнинг бозор нархидан 48 фоизини, кофе маҳсулотининг 49 фоизини тўлаб берган бўлса, 1985 йилларга келиб бу кўрсаткич тегишлича 19 ва 27 фоизга тушиб кетди.

Табиийки, бозор кенгашининг нарх сиёсати йиллар давомида фермерларнинг ер участкаларига қизиқишини, уларга ишлов бериш, минерал ўғитлантириш, ер унумдорлигини сақлаш, умуман олганда, инвестиция киритиш хоҳишини сўндириб келган. Чунки фермерлар бундан ҳеч қандай манфаат кўрмаган.

Давлатлар ҳар хил, миллатлар, урф-одатлар ва дунёқараш турлича бўлиши мумкин. Лекин фундаментал қоидалар барча жабҳаларда бир хил натижа беради. Хусусан, қишлоқ хўжалигидаги асосий ривожланиш омилларининг негизида самарали ва шаффоф, тенгликни таъминловчи институтларнинг ишлаши, мулкий ҳуқуқларнинг ҳимояланиши, эртанги кунни режалаштира олиш имконияти, асоссиз ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлиш хатарларининг йўқлиги ётади. Агар биронтаси ишламаса, бутун бир механизм, яъни тизим ёки соҳа ишламайди. Ердан фойдаланувчида рағбат ва манфаат бўлмаса, биронта формула самара бермайди.

Шундай экан, пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор бўлиши ҳам айнан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ўз ерларидан ўзлари хоҳлаганича фойдалана олиши, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб экинларни жойлаштириши ва нархларни шакллантиришини тақозо этади. Ерларга бўлган ҳуқуқлар ҳимоясининг янада кучайтирилиши эса қишлоқ хўжалигидаги унумдорлик ва ривожланишни жуда юқори даражага кўтариши аниқ. Ушбу қадам қишлоқ хўжалигида Ўзбекистон тарихида янги давр бошланганидан далолат беради.

Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4575-сон қарори мурожаатда белгиланган вазифаларнинг ижросига жиддий киришилганлигини англатади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик стратегиясини 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирларини кўзда тутувчи мазкур қарорда бу борада аниқ механизмлар кўзда тутилган.

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.