Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Марҳамат, бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

"Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3210, 13.01.2020 й.).

Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодлар учун талаблар белгиланди.

Буйруққа мувофиқ Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, ўрта ёки ўрта-махсус ёхуд олий маълумотга эга бўлган,
18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган
40 ёшгача бўлган шахслар, резервдаги ва захирадаги 40 ёшгача бўлган офицерлар номзод бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди (30-сон, 16.01.2020 й.).

Киритилган ўзгартиришларга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб, хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулларини банкка инкассатор орқали етказиб берилгани учун хизмат ҳақи шартнома асосида буюртмачи томонидан тўланади.

Ҳозирги тартибга кўра, инкассация хизмати харажатлари тижорат банклари томонидан қопланади.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли шартда турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилишга узоқ муддатли ипотека кредити тижорат банкларнинг ўз маблағлари ва жалб этиладиган маблағлар ҳисобига берилганида кредитнинг фоиз ставкаси банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган битим бўйича белгиланади.

Илгари фоиз ставкаси қайта молиялаштириш ставкасининг икки фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорида белгиланган.

Қарор эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан сўнг кучга киради.

"Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларининг қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидиялар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор (рўйхат рақами 3212, 2020 йил
17 январь) Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

✅ Низомга кўра, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларининг қуйидаги харажатлари учун 50 фоиз субсидия ажратилади

Экспортёр субсидия олиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига ариза ва тегишли ҳужжатлар билан мурожаат қилади.

Экспортёр томонидан тақдим этилган ҳужжатлар 7 иш куни ичида кўриб чиқилиши лозим.

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4569-сон, 22.01.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – транспорт вазири лавозими тугатилиб, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида бир қатор лавозимлар ва котибиятлар тугатилиб, бошқа лавозимлар киритилди ва тегишли котибиятлар ташкил этилди.

Жумладан, Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимлари киритилди, Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятлари кабилар ташкил этилди.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг бошқарув ходимлари чекланган сони 241 нафар штат бирлигидан иборат бўлган янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-603-сон, 22.01.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан 10 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят кодекси вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигига оид талабларни бузганлик ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар билан тўлдирилди.

✅ Унга кўра, вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, бундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:

👉 БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима;

👉 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;

👉 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, мазкур кодексда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди.

Хусусан, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун БҲМнинг 50 бараваридан
100 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

(Ҳозирда БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда)

Шунингдек, Ҳозирги вақтда МЖТКнинг 147-моддасида йўлларга, йўл иншоотларига ва йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказганлик, уларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун санкциялар назарда тутилган.

Ўзгартиришлар кучга киргандан кейин, у бўйича қуйидагиларга ҳам жарима солиш бошланади:

автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганлик учун;

йўлларда сунъий нотесликлар ва тўсиқлар барпо этганлик учун;

автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаганлик учун;

йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун.

Шунингдек, жарималар ҳам қайта кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузар фуқаролар БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахслар эса – БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима тўлашларига тўғри келади (ҳозирги кунда санкциялар унификациялашган– жарима 10 БҲМ миқдорида).

Юқорида келтирилган ҳуқуқбузарликлардан ҳеч бўлмаганда биттаси аниқланган тақдирда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ходимлари баённома тузадилар. МЖТКнинг 282-моддаси тартибида у кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилади.

"Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (8-сон, 08.01.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилади.

2020 йил 1 мартга қадар тадбиркорликни ривожланганлик даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича "BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишга туширилади.

Ушбу тизимни ишлаб чиқиш, унга техник хизмат кўрсатиш юзасидан, истисно тариқасида, тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан шартнома тузилади.

Қарор билан Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, баҳолаш ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади.

Баҳолаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман ва шаҳарлар рейтинги тузилади, рейтингда юқори кўрсаткичларга эга ҳудуддаги ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Баҳолаш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада, "Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (18-сон, 10.01.2020 й.) қабул қилинди. Бу билан тиббиёт муассасаларидан маълумотномалар олиш соддалаштирилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган бўлди.

✅ Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

👉 Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;

👉 Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

2020 йил 1 мартгача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Қарор билан фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.

Хизмат кўрсатилгани учун БҲМнинг 2%и миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, кўрсатилган сумманинг 90%и миқдорида йиғим тўланади.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.