Қонунчиликдаги янгиликлар.

Савол: қандай қилиб ноширлик фаолияти учун лицензия олиш мумкин?

Ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди (19.12.2019 йилдаги 1017-сон ВМҚ).

Ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати юридик ва жисмоний шахсларга фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Лицензия олиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа ҳужжатларни нашр этишда, корхоналар, ташкилотлар, ўқув юртлари ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган ва қўлёзма ҳуқуқлари билан оммавий равишда тарқатиш ёки кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда, мазкур оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан босма оммавий ахборот воситаларини нашр этишда талаб қилинмайди.

Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар чекланмаган муддатга берилади. Давлат хизматини кўрсатиш учун 2 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим суммасининг 90%и ундирилади.

Савол: Жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай янги нормалар белгиланди?

Президентнинг 13.12.2019 йилдаги "Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб шахсни ушлаш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш тартиби жорий этилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари шахснинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиши керак бўлади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб эса ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.

Жиноят процесси иштирокчилари кафолатлари ва мустақил суд тизимини мустаҳкамлаш, адвокатура институтини ривожлантириш ва адвокатлар мавқеини ошириш, ОАВ эркинлигини таъминлаш ва журналистларнинг касбий фаолиятига оид мажбуриятлари белгиланиши бўйича кенг кўламли қонун ижодкорлиги иши кўзланган.

Савол: Меҳнат шартномалари электрон тизимда қандай рўйхатдан ўтказилади?

"Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ) билан ишлаш механизми Вазирлар Маҳкамасининг 5.12.2019 йилдаги 971-сон қарорида тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини, шунингдек амалдагиларига ўзгартириш киритиш ва тугатишни ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилади.

Ишлаётган ходимларнинг меҳнат шартномаларини 2020 йил 1 сентябрга қадар ЯММТда рўйхатдан ўтказиш лозим.

Бундан ташқари, 1.01.2020 йилдан бошлаб электрон меҳнат дафтарчаси жорий этилади. У меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва уларга маълумотлар киритишда ЯММТда автоматик тарзда шаклланади.

Меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча иш берувчилар, шу жумладан алоҳида таркибий тузилмалар, хусусий корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун мажбурийдир.

Савол: Ўрмон фонди участкасини қандай ижарага олиш мумкин?

Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (13.12.2019 йилдаги 993-сон ВМҚга қаранг). У 2020 йил 1 январдан амалга киритилади.

Давлат ўрмон фонди участкаларни ижарага беришда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Давлат ўрмон хўжалиги), тегишли ваколат берилган ҳолларда - Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги унинг ҳудудий бошқармалари ижарага берувчи ҳисобланади.

Участка доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги ташкилоти ўрмондан доимий фойдаланувчи ҳисобланади. Юридик ва жисмоний шахслар шартнома асосида ижарага олувчи бўлиши мумкин.

Ўрмон фонди участкалари тасдиқланган схема бўйича ижарага тақдим этилади. Ижарага берилаётган ўрмон фонди участкаси чегаралари ижара шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланадиган далолатнома ва харитада кўрсатилади.

Ижара тўлови тўлиқлигича Давлат ўрмон қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Шартномада коммунал ва асосий воситалардан фойдаланиш (ижарага олиш) тўловлари, шу жумладан амортизация ажратмалари алоҳида ёзилади.

Ижара тўлови ижара шартномаси тузилган кундан бошлаб 30 кун муддат ичида
100%, кейинги йилларда тўлов ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

Ижара тўлови кечиктирилганлиги учун ундирилган пеня ва шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун жарималар Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасида билан ўрмондан доимий фойдаланувчи ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.

Ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш ўрмондан доимий фойдаланувчи ва ижарачи ўртасида тузиладиган тегишли топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида амалга оширилади.

Навбаҳор туман адлия бўлими:

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.