Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти. Марҳамат, бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ҳукумат қарори (1034-сон, 25.12.2019 й.) билан Тамаки маҳсулотлари тўғрисидаги умумий техник регламентга (https://lex.uz/docs/4187030#4187607)ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда тамаки маҳсулотлари истеъмолқадоғига тамаки маҳсулоти истеъмоли оқибатида соғликка етадиган зарар тасвири жойлаштирилади.

Шунингдек, қарор билан тамаки маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига жойлаштириладиган тасвир-огоҳлантиришлар намунаси тасдиқланди.

Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Бундан ташқари "Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 2397-4, 27.12.2019 й.).

Киритилган ўзгартиришларга кўра, 2020 йил 1 январдан туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик, ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувлари 12 катакли махсус код билан рақамланади.

Бунда, 1-рақам далолатнома ёзуви тури, 2–5-рақамлар ФҲДЁ органи коди, 6-7-рақамлар далолатнома ёзуви қайд этилган йил, 8–12-рақамлар далолатнома ёзувининг тартиб рақамини билдиради.

12 катакли махсус код билан рақамланиш "ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали маълумот алмашинувини осонлаштиради.

Бундан ташқари, Президентнинг "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (https://lex.uz/docs/4302023) қабул қилиниши муносабати билан бир қатор Ҳукумат қарорларига қўшимчалар киритилди.

✅ Жумладан, киритилган қўшимчаларга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистондан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди:

👉 Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган ҳолларда;

👉 Ўзбекистон ҳудудида содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазо ижро этиб бўлинган ёки ўтаб бўлинганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ҳолларда.

Бунинг учун ушбу шахснинг ота-онасидан бири ёки уни васийликка ёхуд ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Шунингдек, киритилган қўшимчаларга асосан, ОТМларга қабулнинг умумий сонидан "Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчаси битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча 1 фоизгача давлат гранти бўйича қабул квотаси ажратилади.

Бундан ташқари, ота-она қаровисиз қолган болаларнинг давлат органига бевосита қилган мурожаатини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги сабаби билан мурожаатнинг кўриб чиқилмаслигига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 1,07 баробарга оширилади.

✅ 2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:

👉 меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 679 330 сўм;

👉 пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;

👉 энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 466 680 сўм;

👉 болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 466 680 сўм;

👉 зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 286 390 сўм этиб белгиланди.

✅ Шунингдек, қарор билан:

👉 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам;

👉 Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари тасдиқланди.

Базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм ўзгаришсиз қолдирилди.

Шуниндек, "Ўзбекистон фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Унга кўра, дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун белгиланган энг юқори нархи қайд этилади.

Бунда дори воситасини ушбу қийматдан юқори нархларда Ўзбекистонга етказиб бериш ва сотиш мумкин эмас.

Қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ваколатлари белгиланди.

Жумладан, Агентлик дори воситасининг савдо номига референт нарх шакллантириш тизимини мониторинг ва таҳлил қилади.

Ўтган ҳафтада "Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-599-сон, 30.12.2019 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Қонунга мувофиқ, 2007 йилда қабул қилинган Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

Қонунга кўра, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови ва қатъий белгиланган солиқ ўрнига тегишлича ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи киритилмоқда.

Янги таҳрирдаги (https://t.me/huquqiyaxborot/6189) Солиқ кодексида солиқларни унификациялаш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сони мақбуллаштирилди, солиқ ҳисоботлари камайтирилди ва соддалаштирилди.

Шунингдек, Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида Ҳукумат қарори (1017-сон, 19.12.2019 й.) қабул қилинди.

✅ Қарор билан қуйидаги маъмурий регламентлар тасдиқланди:

👉 оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш;

👉 матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш;

👉 ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатиш.

Мазкур регламентларга мувофиқ, кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Регламентга кўра, оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома эса беш йил муддатга берилиши белгиланди.

«Прокуратура тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддаларига тузатишлар киритилди

Илгари прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлиги юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилган. ДХХ ҳарбий хизматчилари фақат тегишинча ДХХ раиси, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармаларнинг бошлиқлари розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу борада кўрсатиб ўтилган ходимларнинг дахлсизлиги олиб ташланди. Шу тариқа, энди уларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун юқори турувчи раҳбариятнинг розилиги талаб этилмайди – МЖТКда баён этилган умумий тартиб-таомил амал қилади.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.