Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони.

Инсоният мисли кўрилмаган суръатларда урбанизация жараёни томон ҳаракатланмоқда: атиги 200 йил аввал сайёрамиз аҳлининг фақатгина 3 фоизи шаҳарлик бўлса, ХХ асрнинг бошида бу кўрсаткич 14 фоизга етди. 2050 йилга келиб ҳар ўн нафар одамдан еттитаси шаҳарда яшаши тахмин қилинмоқда.

Бундай интилиш, биринчи навбатда, техника ривожланган сари қишлоқ хўжалиги тармоғи борган сари камроқ меҳнат талаб қилаётгани, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаҳарларда жамланиши билан боғлиқ. Масалан, Германия Европада сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш, картошка ҳамда бошоқли экинлар етиштириш бўйича етакчилардан бири саналади. Европадаги сут маҳсулотларининг қарийб тўртдан бири Германияда ишлаб чиқарилишига қарамай, аҳолининг атиги 1 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади.

БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти томонидан эълон қилинадиган дунё мамлакатларининг урбанизация даражаси кўрсаткичи бўйича 218 мамлакат орасида Ўзбекистон 147-ўринни эгаллаб турибди. Бугун Ўзбекистон шаҳарларида аҳолининг 50,6 фоизи истиқомат қилади, мазкур урбанизация кўрсаткичи келажакда пасайиши эҳтимоли ҳам бор.

Демак, ахборот-технологиялари ривожланган бир жараёнда аҳолининг шаҳарлар томон интилиши, қулай ва замонавий шарт-шароитлардан баҳраманд бўлиши табиий эҳтиёж албатта.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил
10 январдаги "Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Урбанизация нима ўзи?

Урбанизация аввало, шаҳарлар ролининг ортиши, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши (миграцияси), қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарчаларга айлантирилиши, аҳоли турмуши ва фаровонлигини оширишга қаратилган узлуксиз жараён бўлса, иқтисодий томондан эса техника ривожланган сари қишлоқ хўжалиги тармоғи камроқ меҳнат талаб қилаётгани, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг шаҳарларда ривожланаётгани билан боғлиқ жараёндир.

Айнан бу Фармонда қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши учун давлат биринчи навбатда асосий яшаш шароитларини – уй-жой, ичимлик суви, электр энергияси, жамоат транспорти ва бошқа зарур қулайликларни яратиши, мамлакатда урбанизация жараёнларининг биринчи йўналиши сифатида – мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилди.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар учун турар жой ва нотурар жой бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи кафолатлари белгиланди. Унга кўра, 2019 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Ер участкаларини хусусийлаштириш жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, ер участкаларини хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.

Ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси томонидан янги шаҳарларнинг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқишга сарфланади. Шунингдек, улар учун зарур бўлган муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши молиялаштирилади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш фуқаролар ва корхоналарга нима беради, деган савол туғилиши табиий. Эндиликда, ер участкалари фуқаролик муомаласи объектлари ҳисобланади. Яъни фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида шартнома асосида олди-сотди қилиниши мумкин.

Энг муҳими, жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк, деб тан олинади ва унинг дахлсизлиги давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бу, ўз навбатида, ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаришига, унга нисбатан фуқароларда манфаатдорлик ҳиссининг ортишига, ердан самарали фойдаланишга, шунингдек, миллий иқтисодиётимизга инвестициялар оқимининг кўпайишига олиб келади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати, охирги йилларда қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг шаҳарларга кўчишига бўлган маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилганлигидадир.

Қолаверса, аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бу, ўз навбатида, Конституциямизда белгиланган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиши билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Фармон билан урбанизация жараёнларини тартибга солиш ва бу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида махсус давлат органи – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Хулоса ўрнида, Ўзбекистон дунёда демографик жиҳатдан ёш бўлган салоҳиятли давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис, фармон тарихий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланиб, унда назарда тутилган масалалар аҳоли ва юрт фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Исталган маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш самарадорликнинг юқори нуқтасига миқёс кенгайиши ҳисобига эришади. Ишлаб чиқариш миқёсини кенгайтиришга ишлаб чиқариш омилларининг етарлилиги боис аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда осонгина эришиш мумкин. Одатда шаҳарда аҳоли сонининг кўплиги ишчилар ёллашни осонлаштиради. Аксарият банк ва инвестиция фондлари ҳам шаҳарларда жойлашади, бу эса корхоналар учун инвестиция жалб этиш имкониятини оширади. Аҳолининг бир жойда кўплаб жамланиши бюджет маблағларининг самарали тақсимланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, юқорида қайд этганимиздек, шаҳар аҳлининг ҳар бири аҳоли сони ўсиши боис бойий бошлайди, бу эса солиқ йиғимлари ошиши ва маҳаллий бюджетнинг кўпайишини таъминлайди.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.