Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Бугун дастурда қонунчиликдаги тадбиркорлик фаолиятига оид янгиликлар хусусида бир қанча қонун ҳужжатлари юзасидан маълумот бермоқчиман.

Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (624-сон, 24.07.2019 й.)

✅ Қарорга мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар қуйидаги талаблар бажарилганда туну кун фаолият юритиши мумкин:

👉 кўрсатилган объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имкони бўлган видеокузатув тизимини ўрнатиш;

👉 биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва бошқа тегишли ҳудудни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;

👉 бинода шовқин меъёрларига қўйилган талабларга амал қилиш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоблардан фойдаланмаслик;

👉 ёнғин ўчириш воситалари ва тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;

👉 ҳамма учун кўринарли жойларга эвакуация чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар ўрнатиш.

Кўрсатилган объектлар раҳбари мазкур талаблар бажарилгани ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига маълумот тақдим этади.

Ушбу объектлар томонидан қарор талаблари бузилса ёки жамоатчилик томонидан мунтазам шикоятлар тушса тегишли ҳокимликлар томонидан уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин.

Тунги вақтда фаолият юритувчи бундай объектлар жойлашган йўналишларда патруль гуруҳлари томонидан доимий назорат ўрнатилади.

Бундан ташқари, Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон қарорига кўра, тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади. Шунингдек, яна бир енгиллик юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор унга нисбатан қўлланилган молиявий жарималар тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб, қўлланилган молиявий жарималар миқдорининг 50 фоизини ўн кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, уни жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади. қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 27 июнь куни ПФ-5755-сонли "Солиқ ва божхона имтиёзларини берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Хўш, мазкур Фармон билан солиқ ва божхона тўловларига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

Мазкур Фармонни ўқийдиган бўлсангиз, асосий мақсад мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш таъминлашга қаратилмоқда.

Фармонда соғлом рақотабни яратиш деган жумлалар кўп бора қўлланганлигини кўриш мумкин.

Бунга асосий сабаб имтиёзлар бекор қилиниши натижасида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қўшилган қиймат солиғини тўлаш учун фермер хўжаликларидан ихтиёрий мурожаатлар бўлгани учун шундай йўл тутилди. Йирик фермер хўжаликлари йирик бизнес билан кооперация бўлишида узилиш бўлиб қолди. Чунки фермер хўжаликлари қўшилган қиймат солиғига ўтмаган ва занжирда эмаслиги сабабли йирик ритейлга кириб бора олишмасди, сабаби йирик бизнес корхоналари ҚҚСга ўтганлиги эди. Эндиликда фармонга кўра, мазкур занжирни узилишига сабаб бўлувчи имтиёзлар бекор қилинади

Яъни, Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ягона ер солиғи тўловчиси бўлиб, ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда ҳамда уларга сотиб олинган товар ва хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш имконияти яратилди.

Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб бир қанча, маҳаллий ва импорт қилинадиган маҳсулотлар ва хизматлар учун ҳам ҚҚС имтиёзлари бекор қилинади. Хусусан, асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород, соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар ҳамда юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек, Фармон билан жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, юридик шахслар тижорат банкларида депозитга жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган даромади бўйича фойда солиғи тўлаш тартиби ҳамда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҳам қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 13 августида қабул қилинган Президентимизнинг ПФ-5780-сонли Фармони қабул қилиниб, унга кўра хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги, мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатлари устидан тизимли назорат қилиш Бош прокуратура ва Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш, тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш каби ҳолатларга йўл қўйиш қатъиян таъқиқанди.

2020 йил 1 январдан бошлаб вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигида мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилиб, ушбу кенгашлар қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.

Маълумки «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2020 йил 1 мартдан кучга киради. Эндиликда юридик ва жисмоний шахсларга ўзлари эгаллаган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқи берилилади. Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, одамларни мулкдор бўлишга рағбатлантиришдир. Яъни фуқаролар ва ташкилотлар ўзлари эгалик қилаётган ёки фойдаланаётган ер участкасини давлатдан муайян номинал қийматда харид қилган ҳолда, бозор нархида ундан бир неча баробар қиммат мол-мулкка эга бўлади. Ерга нисбатан хусусий мулк тушунчасини жорий этишдан кўзланган яна бир муҳим мақсад мулк ҳуқуқини тўлиқ кафолатлашдан иборат. Ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлгандан кейин унинг ўзи ҳам, устида жойлашган бино ҳам тўлиқ дахлсиз бўлади. Бу, айниқса, сармоядорлар учун энг муҳим кафолат ҳисобланади.

Фармонга асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш дастлаб, Сирдарё вилоятида ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

Фармонга асосан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилади. Бу бўйича ишчи гуруҳ ва «йўл харитаси»лари тасдиқланади.

Шунингдек, Фармонга асосан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасидаэлектрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилади.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно.

Ушбу тартибни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари огоҳлантирилтирилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Давергеодезкадастр қўмитаси тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун таклиф қилинадиган ер участкаларининг жойлашуви тўғрисидаги ахборотлар Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталида ва ўз расмий веб-сайтида мажбурий жойлаштириб бориши лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Давергеодезкадастр қўмитаси органлари томонидан «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларнинг мустақил киритилиши, ер участкаларини танлаш бўйича материалларни ваколатли органларга келишиш ва хулоса бериш учун автоматик тарзда юбориш, ер участкаларини танлаш бўйича материалларни келишиш пайтида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар турларини аниқлаш, архитектура-режа топшириғини ишлаб чиқиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун техник шартларни тақдим этиш, ер участкаларини танлаш бўйича материаллар юзасидан муайян давлат органлари хулосаларини олиш талабини бекор қилиш, келишув ва ижобий хулосалар берилгандан сўнг қўшимча қарорларсиз ер участкаларини «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик режимда электрон онлайн-аукционга қўйиш, электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, шунингдек, аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ўрнига Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма беришни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этишнинг янги тартибини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик, кичик бизнес ва тадбиркорликни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади, ҳокимлик билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқади ва амалга оширади, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этади, ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хом ашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этади, йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар — оралиқ товарлар ва хизматлар (хомашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этади, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатади, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантиради, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат дастури ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилади.

Бундан ташқари, Фармонга асосан, «Оилавий тадбиркорлик»ни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштирувчи асосий банклар этиб «Микрокредитбанк» АТБ ва «Халқ банки» АТБлар белгиланди.

Фармон билан, Сирдарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш учун ихчам «банк хизматлари офислари»ниташкил этилади. Кейинчалик, ушбу лойиҳа республиканинг барча ҳудудларига тадбиқ этилади.

Шунингдек, банк секторини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланади.

Бундан буён тадбиркорлик таваккалчилигини суғурта қилиш шартларидаги замонавий суғурта хизматлари жорий этилиши лозимлиги белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан маълум сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олиш, тадбиркорлик субъектларининг демографияси, шу жумладан уларнинг фаолият даври бўйича статистик маълумотлар, ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиш амалиёти жорий этилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҳудудларда ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини тиклаш ва унга жалб қилиш, тегишли ҳудудда уларнинг сонини ошириш юзасидан рағбатлантириш ва жавобгарлигини кучайтиришнинг чоралари кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари орасидан жамоатчилик кенгашлар тузилади. Бундан буён тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари йиғилишларида айтилган (тақдим этилган) таклифлари ва ташаббуслари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларнинг амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда Агентликка юборилади.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.

Ушбу жамғарма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таркибига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, унга мувофиқ бўлмаган топшириқлари, шу жумладан Қонунда кўзда тутилмаган, ягона етказиб берувчидан тўғридан-тўғри харид қилиш имконини кўзда тутувчи баённомалар шаклидаги топшириқларни киритиш амалиёти қатъиян тақиқланди.

Фармонга асосан, миллий стандартларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)нинг миллий классификаторини ишлаб чиқиш лозимлиги белгилаб берилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган бу ўзгаришлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ошириб, тадбиркорлик суъектларининг қонуний мафаатлари ҳимоясини янада мустаҳкамлайди.

Жамият ҳаётига оид янги қабул қилинган қонун ҳужжжатлари билан тезкор таништириш мақсадида Телеграм тармоғидаги Адлия вазирлигининг "ҳуқуқий ахборот” канали орқали танишиб боришингиз мумкин.

Навбаҳор туман

адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.