Тадбиркорлар давлат ҳимоясида

"Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонининг моҳияти ва аҳамияти

Жорий йилнинг 14 майида ПФ–5718-сон "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон Президент томонидан имзоланди.

I.Фармонни қабул қилиш зарурати.

Ҳозирги вақтда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ ва фаол жалб этишга тўсқинлик қилувчи, биринчи навбатда давлат органларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилишнинг амалий ва шаффоф тизими мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бўлган бир қанча салбий омиллар сақланаётганлигини кўрсатади. Хусусан:

биринчидан, тадбиркорларни қабул қилиш ва мурожаатларини кўриб чиқишнинг ягона тизими мавжуд эмас, бу эса юзага келаётган масалаларни тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал этиш имконини бермаяпти, тадбиркорларнинг муаммолари ва мурожаатларини ҳал этишга юзаки муносабатда бўлиш ҳолатлари мавжуд;

иккинчидан, мавжуд тизимли муаммоларни таҳлил қилиш бўйича ишларнинг самарали амалга оширилмаслиги аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалаларини сифатли ҳал қилиш имконини бермаяпти.

II.Фармоннинг мақсади.

Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини ўстириш Фармоннинг асосий мақсади ҳисобланади.

III.Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти.

Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш.

Ҳукумат таркибида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилди.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни амалга оширилади.

Мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига юборилади.

Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.

Қуйидаги ҳисобот тизими амалиётга жорий этилди:

туманлар ва шаҳарлардаги қабулхоналар ҳар ойнинг 5 санасигача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги қабулхоналарга амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни киритадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қабулхоналар раҳбарлари ҳар ойнинг 7 санасигача Котибиятга амалга оширилган ишлар тўғрисидаги йиғма-таҳлилий ахборотни киритадилар;

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти натижалари ҳар чоракда Бош вазирнинг раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилади.

Фармонга мувофиқ, "business.gov.uz” ягона интерактив порталини ишлаб чиқилади.

Мазкур портал орқали тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниши мумкин.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.