ТАЪЛИМ, ИСЛОҲОТ, САМАРА

ТАЪЛИМ, ИСЛОҲОТ, САМАРАМаълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августда "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорни қабул қилишдан мақсад ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини оши-ришдир. Қарорга мувофиқ, ёшларни манъавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 барварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди. Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилади. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошади.

Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян таъқиқланади. Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида дастлабки бадали 10 фоиз бўлган ИПОТЕКА КРЕДИТИ сифатида бериш, "Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида педагог ходимларнинг оила аъзоларига иссиқхона ташкил этиш, қорамол, парранда сотиб олиш ва тадбиркорлик ходимларнинг оила фаолияти учун 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, йиллик 7 фоиз ставка миқдорида кредитлар бериш белгиланди.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун махсус жамғарма ҳисобидан қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилди. Кредитни бериш муддати-1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга; дастлабки бадал суммаси-сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи; кредит учун фоиз ставкаси-Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда амалга оширилади. Қарорда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи "Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этилиши белгиланди.

Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия заҳиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг изчил давоми бўлди.

Нурали ИСРОИЛОВ,

туман Адлия бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.