“Н А В О И Й В О Р И С Л А Р И” кўрик-танлови ғолиби тақдирланди

“Н А В О И Й   В О Р И С Л А Р И” кўрик-танлови ғолиби тақдирландиЁшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, буюк бобокалонимизнинг асарлари мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маънавиятимизнинг ривожланишида Навоий ижодини халқ мулкига айлантириш масаласи бугунги кунда долзарб вазифалардан бирига айланган. Шу муносабат билан халқ таълими тизимида жонбозлик кўрсатаётган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларини рағбатлантириш, шунингдек Алишер Навоий ғазалларини ёд олишга иштиёқи бўлган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини аниқлаш ва бу йўналишдаги саъйи-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида "Навоий ворислари” кўрик-танлови ташкил этилган эди.

Тадбирнинг туман, вилоят ҳамда Республика босқичларида умумтаълим мактаблари ўқувчилари бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бой ижодий меросини қай даражада ўрганаётганликларини намойиш этишиб, барчанинг олқишига сазовор бўлишганди.

Айниқса, туманимиздаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маржона Надирқулова мумтоз адабиётимиздан эгаллаган билимларини моҳирона намойиш этиб, танловнинг Республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаган эди.

Ғолиба қизни муборакбод этиш учун вилоят ҳокими Қобилжон Турсунов Маржона таҳсил олаётган мактабда бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида эллик миллион сўм ҳамда унинг устози М. Шариповага эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, туман ҳокими Б.Бобоназаров, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Улуғбердиев, туман Халқ таълими бўлими мудири М.Атаниёзовалар ҳам М.Надирқуловага эсдалик совғаларини улашдилар.

-Алишер Навоий ижодини ўрганиш ёши ва миллатидан қатъий назар, ҳар бир юртдошимиз қалбига юксак ифтихор бағишлайди. Чунки Алишер Навоий қолдирган адабий мерос бир уммонки, унинг неъматидан инсоният ўз тарихи давомида узоқ йиллар баҳраманд бўлади. Мени ҳам буюк бобокалонимиз ижоди, мумтоз адабиётимизнинг дурдоналари ўзига оҳанрабодек тортиб туради. Шу боис мумтоз адабиётга алоҳида меҳр қўйиб уни қунт билан ўрганмоқдаман. Бу эсаЎзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Навоий ворислари” кўрик-танловининг Республика босқичида фахрли иккинчи ўринни олишимга сабаб бўлди, -дейди биз билан суҳбатда Маржона Надирқулова.

Бу каби кўрик-танловларнинг ташкил этилиши ёшлар ўртасида мутолаа маданияти ва китобхонликни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Бибинисо УСМОНОВА,

34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.