Ҳ О С И Л Б А Й Р А М И

Ҳ О С И Л    Б А Й Р А М ИМаълумки, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда барча соҳалар сингари қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳам муносиб ўрни бор. Бу борада айниқса миллий бойлигимиз ҳисобланган пахта ва ғалла етиштиришда бободеҳқонларимизнинг ҳалол меҳнатлари давлатимиз бюджетига жуда улкан даромад бўлиб қўшилаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Бугунги кунга келиб қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, пахта ва ғалладан бўшаган майдонлардан унумли фойдаланиш мақсадида такрорий экин экиш орқали полиз ва сабзавот маҳcулотларини кўпайтириш масаласи ҳеч шубҳасиз, оила фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2017 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3351-сонли ҳамда "Мева сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзовот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3377-сонли қарорлари соҳада тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Эндиликда эълон қилинган мазкур қарорлар ижроси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти салоҳияти янада ошган ҳолда, қишлоқ жойларда кўплаб янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг 9 декабрь санасида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари соҳа фидойилари ва республикамизнинг бир гуруҳ фаоллари билан бевосита мулоқот олиб борди. Мулоқотлар чоғида Юртбошимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш билан боғлиқ бир қатор янги ғоя ва лойиҳаларни илгари суриш билан бирга, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари оқ-олтин хирмонини бунёд этишда йил-ўн икки ой меҳнат қилиб муносиб ҳисса қўшган қўли қадоқ бободеҳқонларимизга ўзининг чексиз миннатдорчилигини баён этган ҳолда, декабрь ойининг иккинчи якшанбасини "Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” деб эълон қилди. Шу муносабат билан республикамиз бўйича соҳанинг 167 нафар фаол ходимларини давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирлаши муҳим тарихий воқеага айланди. Худди шу куннинг иккинчи ярмида барча ҳудудларда бўлгани сингари туманимиздаги "Оқ олтин” тўйхонасида "Ҳосил” байрами бўлиб ўтди. Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз оқ-олтин хирмонини барпо этишда вилоятимиз пахтакорлари ҳам давлатга пахта сотиш шартномавий режасини илғорлар сафида шараф билан уддалашди. Шундай экан, ғалабали одимларни шодиёна сифатида нишонлаш, узукка кўз қўйган сингари ярашади.

Тадбирда туман ҳокими Б.Бобоназаров сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади. Шундан сўнг мавсумда фаол иштирок этган бир гуруҳ фермер хўжаликлари раҳбарлари, вилоят ва туман вакиллари ҳамда ўзига хос намуна кўрсатган корхона ва ташкилотлар раҳбарларига туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар муҳтарам Президентимиз томонидан аграр соҳага кўрсатилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Бир пиёла чой устида ўтган байрам шодиёнаси бободеҳқонларимизнинг келгуси фаолиятларига қанот бағишлаши шубҳасиз. Она ватанни, тинчлик ва дўстликн мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлар давра файзига файз киритди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.