ОНА ТИЛИМ - ОНАЖОНИМ ТИЛИ БУ

ОНА ТИЛИМ - ОНАЖОНИМ ТИЛИ БУЎзбек тили халқнинг миллий руҳи ва ўзлигининг маданий ва маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг маънавий жасорати туфайли 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши истиқлол томон ташланган илк қадам бўлганини, тил давлат, жамият ва халқ ҳаётида қандай муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Истиқлолни Ислом Каримов "ХХ асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунаси” дея таъкидлаган эдилар. Бу маънавий жасоратнинг ажралмас қисми сифатида эса шак-шубҳасиз она тилимиз майдонга чиқди.

Она тилимиз тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, у халқимизнинг бой ва шонли ўтмиши билан бирга ривожланиб, сайқал топиб келганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу тил ўз халқи билан бирга, не-не жафоларни бошидан ўтказмади. Не-не истилочилар томонидан бой маданий меросимиз бўлган ноёб қўлёзмалар, адабиётлар йўқ қилинди. Улар халқимизни ўзига қарам қилишда аввало, халқимизнинг ўз тили, тарихи, маданияти ва миллий ғуруридан жудо этишга уринганликлари айни ҳақиқат. Узоққа бормайлик, ўтган 70 йил давомида собиқ шўро давлати миллат бошига не-не кўргуликларни солмади. Улкан тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжоларимиз оёқ ости қилинди, таҳқирланиб, топталди. Энг ачинарлиси, ўз туғилиб ўсган она юртимизда динимиздан, тилимиздан жудо қилишга уринишлар бўлди.

Не ажабки, миллат бошида балққан истиқлол қуёши сабаб юртга ўзлигимиз билан бирга, она тилимиз ҳам қайтди. Ўзбек тилининг мақоми қомусимизда мустаҳкамланиб, 1995 йилда "Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Бугун она тилимиз нафақат миллий маконда, балки жаҳон минбарларида баралла янграмоқда. Оламшумул ютуқларни қўлга киритиб келаётган фарзандларимиз шаънига ўзбек тилида давлатимиз мадҳияси баралла янграмоқда.

Ислом Каримов ташаббуси билан "Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши ҳам бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ушбу муҳим ҳужжат она тилимизнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи бошқа халқлар тиллари билан алоқаларни тадқиқ қилишга қаратилган илмий фаолиятга кенг йўл очиб берди.

Тил-миллат, халқ руҳининг кўзгуси. Кўзгунинг янада шаффоф, тиниқ ва соф бўлиши эса ўзимизга боғлиқ. Зеро, тилни эъзозлаш энг аввало, халқни, миллатни, бугунни ва албатта келажакни авайлаш демакдир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.