Ч Е М П И О Н Л А Р Ю Р Т Ф А Х Р И

Ч Е М П И О Н Л А Р   Ю Р Т   Ф А Х Р И"Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, истиқлолимиз асосчиси, муҳтарам Ислом Каримовнинг ушбу пурмаъно ибораси эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз ҳаётида унутилмас шиорга айланиб кетган.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳномолигида ёшларимизни ҳар томонлама бахтли ва комил инсонлар бўлиб камолга етишлари учун барча имкониятлар ишга солинган эди. Мустақил диёримизда туғилиб вояга етаётган ёш авлоднинг илм-фан, спорт ва санъат со-ҳаларида ўз истеъдодларини намоён этишлари учун республикамизнинг барча ҳудудларида замонавий таълим ва маданият масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, улар ихтиёрига топширилди. Бу эътибор ва ғамхўрликка жавобан йигит-қизларимиз ҳам барча соҳаларда олам-шумул ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини дунёга достон қилди.

Мақсуд Очилов ҳам ана шу эътибор замирида вояга етаётган ёш спортчиларимиздандир. Эндигина 17 баҳорни қаршилаган бу йигитчанинг қўлга киритган ғалабалари бўйидан баланд, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Мақсуд Очилов 10 ёшидан бошлаб спортнинг миллий кураш ва дзюдо тури билан шуғулланиб келади. Спортнинг бу турига ҳавасни унинг илк устози бўлган отаси Салим Жумаев уйғотган. У ана шу ўтган йиллар давомида Республика ва Осиё миқёсида бўлиб ўтган мусобақа ва турнирларда ғолибликни қўлга киритди.

Айни пайтда Мақсуд вилоят Олимпия спорт заҳиралари коллежида мураббийлари Исмоил Қурбонов, Жамшид Худойбердиев, Зокир Қурбоновлар қўлида шуғулланиб келаётир.

Яқинда Мақсуд Очилов Чилида дзюдо бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 50 килограмм вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, жаҳон чемпиони, деган юксак унвонга сазовор бўлди. Мақсуд Очиловнинг ушбу ғалабаси юртдошларимиз учун энг улуғ, энг азиз байрамимиз истиқлолимизнинг 26 йиллик тантаналарига муносиб туҳфа бўлди.

Туманимиздаги "Ёшлик” сузиш ҳавзасида ёш чемпионни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Камол Аллаев сўзга чиқиб, Мақсуднинг қўлга киритган ғалабаси билан қутларкан, Қаҳрамонимиз каби ёшлар нафақат туманимиз балки Республикамиз фахри эканлигини, унинг спортда эришган ютуқлари замирида юртиизда ёш авлодга яратиб берилаётган шарт-шароит ва ғамхўрликлар ётганини, у эришган зафарлар барча ўзбек ёшларини янгидан-янги марралар сари ундайди, дея фикр билдирди ва ёш спортчига туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, тадбирда ёш чемпион сафар таассуротлари ҳақида сўзлаб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.