“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгашининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди

Истиқлол йилларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу сабаб "Камолот” ЁИҲ ҳамда унинг қуйи тизимлари ташкил этилиб, ҳаракат ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамижиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, йигит-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини юксалтириш, уларнинг интеллектуал ҳамда ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Шуни таъкидлаш керакки, "Камолот” ЁИҲ ўтган йиллар давомида зиммасига юклатилган ушбу масъулиятни тўла қонли бажариб келмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Туманимизда эса "Камолот” ЁИҲ тизимларида 53 та бошланғич ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар ўз атрофида 15120 нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларни, "Камалак” болалар ташкилоти эса 13646 нафар болаларни бирлаштирган.

"Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши томонидан туманимиз ёшларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, турли тўгараклар, ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказлари, клублар ташкил этиш орқали ёшларни касбга йўналтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг онгини турли ёт ва бузғунчи ғоялардан асраш мақсадида тадбирлар, мусобақа ва кечалар ўтказилиб келинаётир.

Жорий йилнинг 17 февралида 11-сонли Болалар мусиқа ва санъати мактабида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

Унда тумандаги мавжуд касб-ҳунар коллежлари бошланғич ташкилот етакчилари, ҳаракат фаоллари иштирок этишди.

Йиғилишда "Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”да белгиланган тадбирлар ижроси юзасидан "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси Элёр Бобоназаров, ҳаракат томонидан 2015 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида "Камалак” болалар ташкилоти раиси Зокиржон Холбўтаев, ҳаракатнинг 2015 йилги умумлаштирилган бюджети тўғрисида Жавлон Нарзиевларнинг ҳисоботи тингланди.

Тадбирда туман ҳокими ўринбосари, Одил Ҳасанов, "Камолот” ЁИҲ Навоий вилоят Кенгаши бўлим мудири Ш.Давроновлар иштирок этишди.

Шунингдек, йиғилиш сўнггида "Камолот” ЁИҲ туман Кенгашига яқиндан ёрдам берган ҳамкор ташкилот ва таълим муассасаларига ҳаракатнинг "Фахрий ёрлиқ”лари топширилди.

Дилфуза БЕРДИЕВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.