Зулфияхоним издошлари

Бешикдан то қабргача илм изла. Бу ҳикматнинг маъноси ҳар биримизни билим олиб, муваффақият чўққиларини забт этишга ундайди. Шу жиҳатдан таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда юртимизда баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, истеъдодли ва изланувчан ёшларимизнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида эътирофга лойиқ тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган энг иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда. Яқинда эса туманимиздаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъати мактабида мазкур мукофот учун танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.

-Ушбу нуфузли тадбирда туманимиздаги барча таълим муассасаларидан 100 нафардан ортиқ истеъдодли қизларимиз адабиёт, таълим, фан, маданият ва санъат йўналишлари бўйича иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратларини намойиш этишди,-дейди туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Рухсатой Рустамова. -Улар орасида айниқса, Навбаҳор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилором Шавқиева, 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мафтуна Каримова, Навба-ҳор енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Марҳа-бо Шодиева, 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулчирой Халилова, Навбаҳор Агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мадина Севарқулова ҳамда Навбаҳор иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муниса Аъзамоваларнинг фаол иштироки алоҳида эътирофга лойиқ.

Шуни таъкидлаш лозимки, бугун униб камолга етаётган ҳар бир қиз Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш орзуси билан яшамоқда ва бу йўлда ўқиб изланмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Давлат мукофотининг таъсис этилганлиги истеъдодли қизларимизнинг орзулари рўёбини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Жавлон МАРДОНОВ,

туман Маънавият тарғибот

бўлими раҳбари.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.