ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ

Ҳозирги даврда пандемия шароити юртимизда оилавий масалалар билан боғлиқ  муаммоларни ҳам келтириб чиқараётгани сир эмас. Хусусан, оилаларда зўравонлик ҳолати ошиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин.
Шунингдек, бу борада юртимизда дадил қадамлар ташланаётганлиги ҳам мақсадга мувофиқ албатта. Авваламбор, соҳага доир бир нечта қонунлар қабул қилинди. Яъни "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  Қонунлар ана шулар жумласидандир.
Бу Қонунларга асосан, зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрган аёллар шу ҳақидаги ариза билан тегишли ваколатли органлар ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, "ҳимоя ордери” институти жорий этилганлиги ҳам кўплаб нохуш ҳолатларни олдини олишга замин яратди. Бу зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрганларни ҳимоя қилишда  муҳим механизм ҳисобланади. Шунингдек, Сенат раиси раҳбарлигидаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилганлиги, Ўзбекистон бу муаммони ҳал этишдан жиддий манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ўз навбатида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилганлиги ҳам айни ҳақиқат. 
Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, зўравонликка қарши курашиш мақсадида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташаббуси билан "Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди, "Зўравонликка йўл йўқ” телеграм-бот каналлари ишга туширилди. Мазкур хизматлар орқали оилавий низолар, зўравонлик, гендер тенгсизлик ва бошқа муаммоларнинг кўп қисми ижобий ҳал этилганлиги ҳам қувонарли ҳолдир.
Умаман олганда, жамиятда содир бўлаётган зўравонликлар ва тазйиқларни олдини олиш ва уларга барҳам бериш энг муҳим вазифалардан бири саналади.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг архивариуси
Ш.Тўрақулов
ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.