Истиқлол туҳфаси

Болаликни инсон умрининг энг гуллаган фаслига ўхшатишади. Чиндан ҳам шундай. Негаки, барча беғубор орзулар, ширин хотиралар, пошшолик завқи инсон онгида бир умрга муҳрланади. Шу жиҳатдан "Майли болаларга беринг, дунёни” деган ҳикматнинг маъноси ҳам пошшолик завқига ишорадир. Бугунги кунда юртимизда келажагимиз ворислари истиқболига бўлган ғамхўрлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг ратификация қилиниши ҳам юқоридаги фикримизни асослайди...

Истиқлол туҳфасиЎзбек халқи болажон халқ. Айни ёз фаслида юртимизнинг қайси бир ҳудудида бўлманг сўлим ва баҳаво болалар истироҳат боғларида жажжиларимизнинг ёзги дам олиш таътилларини мароқ билан ўтказаётганликларига гувоҳ бўласиз. Энг қувончлиси, вилоят ва туман ҳокимликлари ташаббуси билан туманимиз марказида ҳам ана шундай хайрли ишга қўл урилди. Яъни, Навбаҳор истироҳат боғи барпо этилишига киришилди. Қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошланишига ҳали унча кўп вақт бўлмаган бўлсада, ҳозирга қадар 1700 метр йўлаклар барпо этилди. Тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Кириш дарвозаси ўрнатилмоқда.

-Айниқса, истироҳат боғининг қоқ марказида барпо этилаётган рангли фаввора эртага дам олувчиларнинг кайфиятини янада кўтаради,-дейди туман ҳокимлиги капитал қурилиш коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш комплекси бош мутахассиси Асрор Худойқулов.-Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 691 млн. сўм ажратилиши кўзда тутилган. Фавворани барпо этиш учун 20 нафар фарғоналик қўли гул усталар жалб этилган.

Бундан ташқари, ушбу хайрли юмушга "Қизилқумцемент” ОАЖ, Навоий иссиқлик электр станцияси корхонаси, Навоий сувоқова ишлаб чиқариш бошқармаси, вилоят "Пахтасаноат” акционерлик жамияти ҳамда тумандаги фермер хўжаликлари ўзларининг беғараз ҳомийлик ёрдамлари билан муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар томонидан 10 та "атракцион” хориждан келтириб ўрнатилиши режалаштирилган. Бу ерда музқаймоқ ва яхна ичимликлар сотиш расталари, суратхона ҳамда чойхоналар фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам тадбиркорлар, ҳам ҳордиқ чиқарувчилар учун айни муддао бўлади.

Яна бир гап. Истироҳат боғининг кунчиқар томонидан кичик амфитеатр қурилиши ҳам бошлаб юборилди. Истироҳат боғи ишга тушгач, мазкур амфитеатр аҳолининг маданий дам олиши учун муҳим аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, Энг улуғ, энг азиз байрамимиз Истиқлол айёмида эса мазкур истироҳат боғининг фойдаланишга топширилиши туманимиз халқи учун муносиб байрам туҳфаси бўлиши шубҳасиз.

Бобоқанд УМАРОВ.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.