Навбаҳор туман ҳокимининг байрами маърузаси

Навбаҳор туман ҳокими А.Нарзиевнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан туманимиз
аҳлига байрам табриги

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Табиат уйғониб, баҳор нафаси тобора кучайиб, она-заминимиз яшил либосга бурканиб бораётган шу ёруғ ва мунаввар кунларда сиз азизларни, сизлар орқали бутун аҳлини юртимизга кириб келаётган Наврўзи олам янгиланиш ва яшариш байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Наврўз айёми барчамиз учун шарқона янги йил дебочаси, серҳосиллик ва қут-барака ғоясини ўзида мужассам этадиган, бизнинг миллий табиатимиз ва қадриятларимиздан ажратиб бўлмайдиган, энг қадимий, энг севимли байрамимиздир.
Наврўзи олам, том маънода, ўзининг руҳи ва ғоялари билан инсоннинг доимо она-ер ва табиат билан ҳамнафас бўлиб яшаши, ҳар қайси одамнинг қалбида, унинг дини ва миллатидан қатъи назар, яшамоқ ва яратмоқ интилишларини уйғотиш, аҳиллик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилиб келмоқда.
Бунинг яққол исботи шу кунларда юртдошларимизнинг бағрини кенг очиб, табиатдан баҳра олиб, сумалак ва ҳалим, гўжа ва кўксомса каби баҳорий неъматлар тортилган дастурхонлар атрофида, яшил майдон ва кўкаламзорларда сайил-томошалар қилиб, Наврўз айёмини шоду хуррамлик билан кутиб олаётганида намоён бўлмоқда.
Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар унутилади, ҳар қайси инсон ўз оила аъзоларини, қадрдонларини бағрига босиб, таниш-билишларини қутлаб, уларга соғлик-омонлик, тинчлик-осойишталик тилайди, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлишини истайди.
Ҳеч шубҳасиз, айтиш мумкин: аввало, халқимизни ўз ота-боболарининг ўлмас қадриятларига, урф-одатларига бўлган садоқати, ирода ва қатъияти туфайли Наврўзи олам, мана, минг йиллар давомида юртимизда безавол, абадий яшаб келмоқда.
Бундай ориятли, ўзлигини, ўз қадр-қимматини юксак баҳолайдиган улуғ халқнинг фарзандлари, давомчилари эканимизни ҳис этиб, барчамизнинг қалбларимиз беихтиёр ғурур ва ифтихорга тўлади.

Азиз тумандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!

Хабарингиз бор, шу йилги Наврўзни Муҳтарам Юртбошимиз томонидан “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги илгари сурилди. Бугун эрта тонгдан юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани сингари туманимизнинг барча маҳаллаларида ушбу айём катта тантана қилиниб, элга ош тортилди. Ҳамма-ҳаммани аҳилликка, бирдамликка чорлаётган сумалак сайлларида Истиқлол туфайли қайта юз очган миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз бутун бўю басти билан номоён бўлмоқда. Шундай пайтда осмони мусаффо, истиқболи ёруғ диёрда истиқомат қилаётганингдан ифтихор тўйғусини туясан киши.
Чиндан ҳам осмони осуда заминга тўю байрамлар ярашади. Аслида Наврўз эзгулик ва саҳоват айёми ҳамдир. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Наврўз яна бир хислати билан бизнинг миллий табиатимизга яқин. Шу кунларда гина-кудуратларни, ҳар хил ёмонликларни эсдан чиқариш, меҳр –оқибатли, мурувватли бўлиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, етим-есирларнинг кўнглини олиш сингари Аллоҳнинг ўз эл-юртимизга ато этган ва ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган фазилатлар ҳам Наврўзнинг олийжаноб моҳиятидир.”
Шундай экан, халқимизнинг бағрикенглик, саховатпешалик, меҳмондўстлик, каби фазилатлари айни шу кунларда янада ёрқинроқ намоён бўлади.
Байрам баҳона бугун бемор, ногирон, кекса кишилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалардан маҳаллалар ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳол сўралди, уларга байрам совғалари улашилди.
Яхши биласиз, баҳор уйғониш ва яшариш фаслидир. Ўтган ҳафтада бутун Республикамизда умумхалқ ҳашари ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида Навбаҳорда ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги ниҳоллар ўтқазилиб, боғу роғлар барпо этилди. Қабристонлар ободонлаштирилди. Бугун она замин уйғонди, халқимизнинг юзу кўзида байрам шукуҳи ҳукмрон.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу муборак айёмни туманимиз аҳолиси кўтаринки руҳда нишонлашмоқда. “Соғлом бола йили” да Наврўзни Навбаҳорликлар эл фаровонлиги йўлидаги улкан муваффақиятлар билан кутиб олаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Азиз тумандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!

“Соғлом бола йили” да туманимиз ҳудудида вилоят Болалар сил санаторийсини фойдаланишга топширилиши тиббиёт соҳасида 100 дан ортиқ янги иш ўринларини яратилишига сабаб бўлди, шу билан биргаликда жорий йилда қиймати 2 млрд 680 миллон сўм эвазига “Янги йўл” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан вилоят Асаб-руҳий касалликлар шифохонасининг биноси замонавий талаблар асосида янгидан қурилмоқда. Бундан ташқари жорий йилда қиймати 2 млрд 279 миллон сўм эвазига тумандаги 14 ҳамда 21- сонли умумтаълим мактабларнинг ўқув бинолари янгидан қуриб фойдаланишга топширилади.
Шу бугунга қадар туманимизнинг 4 та массивада 120 та намунавий лойҳалар асосида уй жойлар қуриб фойдаланишга топширилган бўлса жорий йилда туманимизда 4 млрд 815 миллон сўм эвазига намунавий лойҳалар асосида 30 та уй-жойлар қуриб фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Туманимиз аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Бешработ қўрғонида “Осиё тараққиёт банки” маблағлари ҳисобидан 1,700 млн. сўмлик 12 км. масофадаги аҳоли пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Бундан ташқари, 23,6 км. масофадаги қиймати 927,7 млн. сўмлик жами 25 та ички хўжалик йўллари, жумладан 4 та шаҳар типидаги қўрғонлар, 21 та ички қишлоқ йўлларига асфалт ётқизилди. Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, “Соғлом бола йили” да туманимиз марказида Истироҳат боғи барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу истироҳат боғи истиқлол айёмида болажонларни ўз бағрига олади. Бу эса “Соғлом бола йили” да келажагимиз ворислари учун муносиб байрам туҳфаси бўлади.
Маълумки кейинги йилларда Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада ўтган йилда Қалқонота, Янгиқўрғон ҳамда Янгийўл қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида бир қатор савдо, маиший ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилган бўлса, жорий йилда туманимиз марказида 100 га яқин савдо дўконидан иборат “Карвон” савдо мажмуаси барпо этилади.
Таъбир жоиз бўлса яна бир хушхабарни алоҳида эътироф этишни истар эдим. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ҳукуматимиз ғамхўрлигига асосан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 30 ёшгача бўлган 64 та ёш оилага мўлжалланган 4 қаватли замонавий турар жой барпо этилиши режалаштирилмоқда. Имтиёзли ипотика кредити асосида ёш оилаларни уй-жой билан таъминланиши улар қалбида эртанги кунга бўлган умид ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилда олдимизда турган масъулиятли ва устувор вазифаларимиз жуда кўп. Гўзаллик ва латофат айёмида қилаётган ҳар бир эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқсин.
Ватан равнақи йўлида олиб бораётган шарафли ва масъулиятли ишларингизга улкан зафарлар тилайман, амaлгa oширaётгaн эзгу ишлaримизнинг сaмaрaси вa хайрли натижаларидан бaҳрaмaнд бўлиш бaрчaмизгa нaсиб этсин.
Эътиборларингиз учун рахмат!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.