Аҳолини рўйхатга олишга оид қонун лойиҳаси

Аҳолини рўйхатга олишга оид қонун лойиҳаси

Аҳолини рўйхатга олиш кенг қамровли тадбир бўлиб, мамлакатда яшовчи барча аҳолига оид бўлган демографик ва ижтимоий-иқтисодий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир.

Мазкур жараён натижасида пайдо бўладиган асосли ва ишончли маълумот эса республикадаги ижтимоий вазият­га янада аниқлик киритишга хизмат қилади. Бу нафақат давлат, балки бизнес юритиш учун ҳам фойдалидир. Чунки маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг самарали фаолиятида ҳудудлардаги реал ҳолатни билиш, прогноз қила олиш муҳим омиллардан саналади. Бундай рўйхат келгуси бир неча ўн йилликда ривожланишни прогнозлаштириш, ҳудудлар тараққиётини таъминлаш, жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича зарур сиё­сий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради. Айни шу мақсадда мамлакатимизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш режалаштирилган. Бу борада эса кенг қамровли ташкилий ишлардан ташқари, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш муҳим аҳамият касб этиши табиий. Шу муносабат билан бугунги кунда "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун лойи­ҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қонун лойиҳасининг мақсади аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, маълумотларни йиғиш, сақлаш, шунингдек, аҳоли тўғрисидаги якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш жараёнида субъект­ларнинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солишдан, демографик, ижтимоий, иқтисодий тавсифлар бўйича расмий статистик маълумотларни шакллантириш ҳамда унинг натижаларидан ҳудудий, миллий ва халқ­аро миқёсда фойдаланишдан иборат. Лойиҳада "аҳолини рўйхатга олиш санаси”, "аҳолини рўйхатга олиш”, "шахсий маълумотлар”, "рўйхатга олиш варақаси”, "рўйхатга олиш дастури”, "синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш”, "аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати” каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилмоқда. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб, ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни прогност қилиш , шунингдек аҳолининг ёши , жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, ниқоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари тўғрисида тўла маълумотлар олиш мумкун бўлади. Аҳолини рўйхатга олиш дастурининг таркиби, уни ўтказишнинг тартиби, жараённи молиявий ва моддий-техник таъминлаш каби масалалар қонун лойиҳасида алоҳида акс эттириляпти. Илмий-услубий асосланганлик, даврийлик, умумийлик ва бир вақтдалик, индивидуал рўйхатга олиш (шахсан), шахсий маълумотларнинг махфийлиги, якуний маълумотларнинг очиқлиги ва уларни олиш имкониятининг мавжудлиги, аҳолини рўйхатга олиш дастурининг, шунингдек, уни ўтказиш ва маълумотларни қайта ишлаш услубининг республикамиз барча ҳудудлари учун бир хиллиги аҳолини рўйхатга олишни амалга оширишнинг асосий тамойиллари этиб белгиланмоқда.

 

Статистика бўлими етакчи мутахассиси Ш.Турдиева

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.