Ўзбекистон Республикасининг Қонуни «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаҚонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 6 февралда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги 176-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 266-модда; 1996 йил, № 5-6, 63-модда, № 9, 120-модда; 1998 йил, № 9, 163-модда; 2000 йил, № 7-8, 202-модда; 2003 йил, № 9-10, 140, 149-моддалар; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 250-модда; 2008 йил, № 4, 193-модда; 2012 йил, № 9/1, 241-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда, № 12, 769-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 11 апрель,

ЎРҚ-473-сон

Давлат мукофотлари тўғрисида

(янги таҳрири)

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат мукофотларини таъсис этиш, улар билан тақдирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Давлат мукофотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат мукофотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида давлат мукофотларини таъсис этиш, улар билан тақдирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3-модда. Давлат мукофотлари

Давлат мукофотлари фуқароларни уларнинг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга, тинчлик ва барқарорликни сақлашга, мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий, социал, илмий, интеллектуал, маънавий салоҳиятини ҳамда мудофаа қудратини оширишга қўшган ҳиссаси, давлат ва халқ олдидаги фаолиятнинг ижтимоий, хайрия, гуманитар соҳаларидаги ҳамда бошқа соҳалардаги хизматлари учун рағбатлантиришнинг олий шаклидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тақдирланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет давлатларнинг мукофотлари билан тақдирланиши мумкин.

Давлат мукофотлари билан айрим ҳолларда фуқаролар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳарбий бўлинмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалари ҳамда бошқа юридик шахслари, шунингдек чет эл юридик шахслари мукофотланиши мумкин.

4-модда. Давлат мукофотларини таъсис этиш

этилади.

Давлат мукофотлари тўғрисидаги низомлар ва давлат мукофотларининг тавсифлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг расмий номлари давлат тилида белгиланади.

2-боб. Давлат мукофотлари тизими

5-модда. Давлат мукофотларининг турлари

Давлат мукофотлари қуйидагилардан иборат:

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони;

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари;

Ўзбекистон Республикасининг орденлари;

Ўзбекистон Республикасининг медаллари;

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи.

6-модда. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони олий даражадаги мукофотдир ва у бир марта берилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсларга олий мукофот белгиси — «Олтин Юлдуз» медали ва унга доир гувоҳнома топширилади.

7-модда. Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари қуйидагилардан иборат:

«Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби»;

«Ўзбекистон Республикаси фан арбоби»;

«Ўзбекистон ифтихори»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ артисти»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ устаси»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ шоири»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси»;

«Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи»;

«Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган меъмор»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими»;

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи».

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари берилган шахсларга белгиланган намунадаги кўкрак нишони ва унга доир гувоҳнома топширилади.

8-модда. Ўзбекистон Республикасининг орденлари

Ўзбекистон Республикасининг орденлари қуйидагилардан иборат:

«Мустақиллик» ордени;

«Амир Темур» ордени;

«Жалолиддин Мангуберди» ордени;

«Буюк хизматлари учун» ордени;

«Эл-юрт ҳурмати» ордени;

«Фидокорона хизматлари учун» ордени;

«Меҳнат шуҳрати» ордени;

I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени;

I ва II даражали «Шон-шараф» ордени;

«Дўстлик» ордени;

«Мардлик» ордени.

9-модда. Ўзбекистон Республикасининг медаллари

Ўзбекистон Республикасининг медаллари қуйидагилардан иборат:

«Жасорат» медали;

«Содиқ хизматлари учун» медали;

«Келажак бунёдкори» медали;

«Шуҳрат» медали.

10-модда. Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи белгиланган намунадаги Фахрий ёрлиқнинг жилдга солинган бланкаси тарзида бўлади.

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия

Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида доимий ишлайдиган маслаҳат ва кенгаш органи бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва фахрий унвонларини бериш масалаларини ҳал этиш бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширилишини, шунингдек геральдика соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссиянинг таркиби, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

3-боб. Давлат мукофотларига тақдим этиш, улар билан тақдирлаш ва уларни топшириш

12-модда. Давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир тақдимнома

Давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Марказий банки, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа республика муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари томонидан киритилади. Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек чет эл юридик шахсларини тақдирлашга доир тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади.

Давлат мукофотларига тақдим этиш ташаббуси билан чиқиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, тақдимномага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати, шунингдек давлат мукофотларига доир гувоҳномаларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббуси билан мустақил равишда чиқишга ҳақлидир.

13-модда. Давлат мукофотлари билан тақдирлаш тартиби

Давлат мукофотлари билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан амалга оширилади.

Давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг айни бир ордени, медали ва Фахрий ёрлиғи билан такроран тақдирлаш, шунингдек такроран фахрий унвон бериш амалга оширилмайди, бундан даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари мустасно.

Даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари билан тақдирлаш кетма-кетликда — қуйи даражадан юқори даражагача амалга оширилади.

Фуқароларни навбатдаги давлат мукофотига тақдим этиш, қоида тариқасида, аввалги тақдирланган пайтидан эътиборан камида уч йил ўтгач амалга оширилади. Алоҳида ҳолларда, фуқаролар навбатдаги мукофотга аввалги тақдирланган вақтидан қатъи назар тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш шахснинг вафотидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.

14-модда. Давлат мукофотларини топшириш

Давлат мукофотларини топшириш тантанали вазиятда амалга оширилади.

Давлат мукофотларини топшириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Марказий банки, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, бошқа республика муассасаларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси дипломатик корпусининг вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти шунга ваколат берган бошқа шахслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президентига давлат мукофотларини топшириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси ва Қонунчилик палатасининг Спикери томонидан амалга оширилади.

Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахсларга бир вақтнинг ўзида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

Шахс вафот этгандан кейин мукофотланган тақдирда давлат мукофоти мукофотланган шахснинг яқин қариндошларидан бирига уни тақиб юриш ҳуқуқи берилмаган ҳолда топширилади.

Давлат мукофотлари вафот этган мукофотланган шахснинг ёки вафотидан кейин мукофотланган шахснинг яқин қариндошларидан бирининг розилиги билан давлат музейларига топширилиши мумкин.

Агар мукофотланган шахснинг яқин қариндошлари бўлмаса, унинг вафотидан кейин давлат мукофоти ва унга доир гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга топширилади.

4-боб. Давлат мукофотларидан фойдаланиш

15-модда. Давлат мукофотларини тақиб юриш

Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахслар умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида олий мукофот белгиси — «Олтин Юлдуз» медалини, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонларини, орденларини ва медалларини кўкрагининг чап томонига тақиб юради, қадағичсиз орденлар бундан мустасно. Тақдирланган шахслар давлат мукофотларини бошқа ҳолларда ҳам тақиб юриши мумкин.

Олий мукофот белгиси — «Олтин Юлдуз» медали Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонларидан, орденларидан ва медалларидан юқорига тақилади.

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонлари ушбу Қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган кетма-кетликда Ўзбекистон Республикаси орденлари ва медалларидан олдин тақилади.

Ўзбекистон Республикаси орденлари ушбу Қонуннинг8-моддасида кўрсатилган кетма-кетликда Ўзбекистон Республикаси медалларидан олдин тақилади.

Ўзбекистон Республикаси медаллари ушбу Қонуннинг 9-моддасидакўрсатилган кетма-кетликда тақилади.

Кўкракнинг ўнг томонида Ўзбекистон Республикасининг қадағичсиз орденлари қуйидаги кетма-кетликда тақилади:

«Мустақиллик» ордени;

«Амир Темур» ордени;

«Жалолиддин Мангуберди» ордени.

«Буюк хизматлари учун» ордени бўйинга осиладиган муҳайяр лентада белгиланган тартибда тақилади.

Шахсда чет давлатларнинг мукофотлари бўлса, улар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларидан кейин жойлаштирилади.

Тақдирланган шахслар кундалик тақиб юриш учун давлат мукофотлари ўрнига планкалардаги ленталарни тақиб юриши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг орденлари ва медаллари ўрнига ленталар тақиб юриш учун планкалар бир оз бўртиб чиққан, орден ва медаллар қадағичларининг рангига мос келадиган ленталар билан қопланган тўғри бурчакли металл пластинкалардан иборат бўлади. Ҳар бир планканинг бўйи 12 мм, эни 24 мм.

Планкалардаги ленталарни тақиб юриш қоидалари олий мукофот белгиси — «Олтин Юлдуз» медалига, «Мустақиллик», «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди» орденларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонларига нисбатан қўлланилмайди.

Алоҳида ҳоллар ва кундалик тақиб юриш учун орденларнинг белгиланган тартибда тайёрланган фракбоп кичкина кўчирма нусхалари назарда тутилади.

Орденларнинг фракбоп кичкина кўчирма нусхаларини тақиш чоғида давлат мукофотларини тақиб юришнинг ушбу Қонунда назарда тутилган умумий қоидаларига риоя этилади.

Тақдирланган шахсларга алоҳида ҳолларда давлат мукофотлари елкага ёки бўйинга осиладиган лентада топширилади.

16-модда. Давлат мукофотларининг тасвирларидан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳарбий бўлинмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалари ҳамда бошқа юридик шахслари, шунингдек чет эл юридик шахслари давлат мукофотларининг қабариқли тасвирини биноларда жойлаштириши, давлат мукофотларининг тасвирини ўз даврий босма нашрларида акс эттириши мумкин.

17-модда. Давлат мукофотларини сақлаш тартиби

Тақдирланган шахслар давлат мукофотларини ва уларга доир гувоҳномаларни эҳтиёткорлик билан сақлаши, уларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт.

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирланган Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳарбий бўлинмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалари ҳамда бошқа юридик шахслари, шунингдек чет эл юридик шахслари давлат мукофотларининг ва уларга доир гувоҳномаларнинг бут сақланишини таъминлаши лозим.

Давлат мукофоти ва унга доир гувоҳнома йўқолган тақдирда, ушбу мукофотга бўлган ҳуқуқ сақланиб қолади.

Давлат мукофотлари ҳарбий вазиятда, табиий офат натижасида ёки давлат мукофоти йўқолишининг олдини олиш имкониятини истисно этадиган бошқа шароитларда йўқолган тақдирда, уларнинг дубликатлари берилиши мумкин. Таркибида қимматбаҳо металлар бўлган давлат мукофотларининг дубликатлари берилмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия қарорига кўра мазкур мукофотларнинг мум нусхалари берилиши мумкин.

Давлат мукофоти ва унга доир гувоҳнома бошқа шароитларда йўқолган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия тақдирланган шахсга давлат мукофоти билан тақдирланганлик тўғрисида белгиланган тартибда маълумотнома беради.

Давлат мукофотини ва унга доир гувоҳномани йўқотган тақдирланган шахс вафот этган тақдирда, ушбу мукофот ва гувоҳноманинг дубликатлари берилмайди.

18-модда. Давлат мукофотларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш

Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларига тегишли бўлган давлат мукофотларини ҳамда уларга доир гувоҳномаларни олиб чиқиш ҳуқуқига эга.

Вафот этган тақдирланган шахснинг доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган яқин қариндошлари мазкур мукофотларга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатганидан кейин давлат мукофотларини олиб чиқиш ҳуқуқига эга.

Давлат мукофотларига бўлган ҳуқуқ тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бўлса, уларни олиб чиқиш тақиқланади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган давлат мукофотларини олиб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

19-модда. Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахсларга бериладиган имтиёзлар ва пул тўловлари

Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлардан фойдаланади, пул тўловлари ёки эсдалик совғалари олади.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳарбий бўлинмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалари ҳамда бошқа юридик шахслари, шунингдек чет эл юридик шахслари тақдирланганда пул тўловлари ажратилмайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

20-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини (премияларини), эсдалик ва кўкрак нишонларини, идоравий мукофотларни таъсис этиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат мукофотлари бўлмаган Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари (премиялари), давлат ва жамият тарихидаги муҳим саналарга ва воқеаларга аталган эсдалик ва кўкрак нишонлари таъсис этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан идоравий мукофотлар таъсис этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссия билан келишилган ҳолда, ўзларининг ички ҳужжатлари билан ходимларни рағбатлантиришнинг ҳар хил турларини, шу жумладан унвонларни, эсдалик ва кўкрак нишонларини, идоравий мукофотларни белгилаши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари (премиялари), эсдалик ва кўкрак нишонлари, идоравий мукофотлар улар тўғрисидаги низомларга мувофиқ давлат мукофотларидан кейин тақилади.

21-модда. Давлат мукофотларидан маҳрум этиш

Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахслар қуйидаги ҳолларда улардан маҳрум этилиши мумкин:

шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинганда — суднинг тақдимномасига биноан;

шахс ўз шаъни ва қадр-қимматини бадном этувчи хатти-ҳаракат содир этганда — тақдирлаш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлган орган ёки ташкилотнинг тақдимномасига биноан.

Давлат мукофотларидан маҳрум этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.

Давлат мукофотларидан маҳрум бўлганлик белгиланган имтиёзлар бекор қилинишига сабаб бўлади.

Давлат мукофотидан маҳрум этилган шахсга тегишли давлат мукофоти ва унга доир гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга қайтарилиши лозим.

Қонунга зид равишда ҳукм қилинган ва тўлиқ оқланган шахсларнинг давлат мукофотларига бўлган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига мувофиқ тикланади.

22-модда. Давлат мукофотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Орденни, медални, фахрий унвонга доир кўкрак нишонини қонунга зид равишда тақиб юриш, сотиб олиш, сотиш, алмашиш ёки ўзга тарзда ҳақ эвазига бериш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Ташқи кўриниши давлат мукофотларига ўхшаш бўлган эсдалик ва кўкрак нишонларини, идоравий ёки бошқа мукофотларни таъсис этиш ҳамда тайёрлаш тақиқланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйган Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари, шунингдек эгаси аниқланмаган давлат мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга топширилади.

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.04.2018 й., 03/18/473/1058-сон)

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.