Янги тизим қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлашда кўмак беради

Янги тизим қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлашда кўмак беради

Маълумки, қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштиришга, ҳуқуқий тафовутларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Юртимизда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётганлиги бир томондан зарурий эҳтиёж бўлса, иккинчи томондан эскирган ва аҳамияти кун сайин йўқолиб бораётган ҳужжатлар сонининг кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

Таҳлилларга эътибор қаратсак, йил бошидан буён Ўзбекистон Республикасида 40 та Қонун, 43 та Олий Мажлис палаталари қарори, 48 та Президент Фармони, 36 та Президенти Қарори ҳамда 432 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Бундан кўринадики, ҳар йил ушбу кўрсаткичларнинг такрорланиши қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда тартибга солинишига ва уларни тизимлаштиришда муаммо пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Ана шулардан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги қатор манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказганда айни вақтга қадар қабул қилиниб, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган 2,5 мингга яқин ҳужжатлар мавжудлиги аниқланди.

Бу эса тегишли ҳужжатларни бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритишга ва ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 27 сентябрь куни Президентимизнинг "Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинишига асос бўлди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий хусусиятга эга бўлган ҳужжатларини улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлашнинг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш назарда тутилган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш ҳамда аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш, шунингдек, тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатларини тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилиш белгиланган.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ташаббус кўрсатган ҳолда, тизимлаштириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилишини ташкил қилиш ҳам назарда тутилган.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдонча яратиш бугунги куннинг асосий масаласи аслида. Юқоридаги Фармонда ушбу йўналишда муаммоларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлигининг ўз марказий аппарати тузилмасида адлия органлари ва муассасалари бошқарув ходимларининг умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 10 та штат бирлигидан иборат Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармасини ташкил этиш белгиланди.

Ушбу тизим нима беради?

Бу бир томондан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатишга имкон яратса, иккинчи томондан коррупциянинг келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлашда кўмак беради.

Қонун ҳужжатларининг кўплиги нафақат аҳоли, юридик шахслар, балки ҳуқуқни қўлловчи давлат хизматчиларига ҳам ноқулайлик туғдиради. Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши, ўз навбатида, ушбу йўналишдаги ишларни тизимлаштиришга ва давлат бошқаруви самарадорлигига ҳисса қўшади.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Э.Исроилов

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.