Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматини кўрсатиш

Кўп квартирали уйларда
иссиқлик таъминоти хизматини кўрсатиш

Кўп квартирали уйларда иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш бўйича етказиб берувчи истеъмолчилар билан икки томонлама шартнома тузади. Шартнома истеъмолчининг номидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ширкат) томонидан тузилиши мумкин.

Уй ичидаги тизимларга техник хизмат кўрсатиш етказиб берувчи томонидан амалга оширилади.

Мулкдорларнинг умумий мулки таркибига кирувчи уй ичидаги иситиш тизимларининг тайёрлигини таъминлаш ширкатга ёки мулкдорларга юкланади.

Истеъмол хоссалари ва иссиқлик таъминоти меъёрлари:

иситиш бўйича —1995 йилгача қурилган кўп қаватли турар жой хоналаридаги ҳарорати камида 20о С, агар кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими реконструкция қилинмаган бўлса — турар жой хоналаридаги ҳарорат камида 18о С бўлиши лозим;

иссиқ сув таъминоти бўйича —иссиқ сувнинг ҳарорати 50 — 75о С бўлиши керак.

Иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8оСдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8оС юқори бўлганда эса тамомланиши керак.

Иситиш асбобларига қўшимча секцияларни бирлаштириш ёки улар сонини камайтириш, иситиш ҳамда санитария-техник асбоблар жойини ўзгартириш тақиқланади.

Истеъмолчи иссиқлик энергияси тўлиқ узиб қўйилиши ва иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги танаффус тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантирилади (кўп квартирали уйнинг барча кириш жойларидаги эълонлар тахтасига ёки кўп квартирали уй жойлашган ер участкаси доирасида эълон жойлаштириш, шунингдек танаффуслар вақти кўрсатилган ҳолда оммавий ахборот воситалари орқали).

Иссиқ сув беришда танаффуснинг йўл қўйиладиган давомийлиги:

боши берк магистралда авария юз берганда — узлуксиз 24 соат;

иссиқ сув таъминотининг муҳандислик — марказлаштирилган техникавий таъминлаш тармоқларида ҳар йилги таъмирлаш ва олдини олиш ишларини бажариш учун — 15 сутка.

Истеъмолчиларнинг ҳисобга олиш асбобларини сотиб олиш, ўрнатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш, алмаштириш) Етказиб берувчи томонидан Истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобига бажарилади.

Индивидуал ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш учун Истеъмолчи Етказиб берувчига буюртманома беради. Буюртманома тушгандан кейин Етказиб берувчи уч кун муддатда Истеъмолчи билан индивидуал ҳисобга олиш асбобларини сотиб олиш ва ўрнатишга шартнома тузади.

Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, нафақа олувчи кам таъминланган оилаларни иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлаш Етказиб берувчи ҳисобидан уй-жой мулкдоридан индивидуал ҳисобга олиш асбоб қийматини кейинги 12 ой мобайнида тўлаш шартномаси асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади.

Индивидуал ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш ёки уни ечиб олиш тўғрисидаги далолатномаларни тузиш, шунингдек Етказиб берувчи томонидан уларни тамғалаш бепул амалга оширилади. Индивидуал ҳисобга олиш асбобини ва улардаги тамғаларнинг сақланиши ва бутлиги учун жавобгарлик Истеъмолчига юкланади.

Индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг шикастланганлиги, улардаги тамғаларнинг узилиши ёки унинг бутунлиги бузилган тақдирда, шунингдек текшириш муддати тамом бўлганда Истеъмолчи бу ҳақда дарҳол Етказиб берувчини хабардор қилиши шарт.

Иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловлар иситиш давридаги тамом бўлган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечикмай тўланиши лозим.

Истеъмолчиларга сув таъминоти

ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш

Истеъмолчиларга сув бериш ва улардан оқова сувларни қабул қилиш фақат ваколатли ташкилот билан истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилади.

Фаолият кўрсатаётган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш, шунингдек, ушбу тизимлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади.

Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларига ўзбошимчалик билан уланган истеъмолчи ваколатли ташкилот томонидан тармоқдан узилади ва қайта улашда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Хона турар жойдан нотурар жой тоифасига ўтказилганда истеъмолчи сувни бериш ва оқова сувларни қабул қилишга етти кун муддатда шартнома тузиши, ҳисоблаш асбобини ўрнатиши ва рўйхатдан ўтказиши шарт.

Марказий коммунал сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш тизимига уланган ёки янгидан уланаётган истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш ваколатли ташкилот томонидан сувни ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Сувни ҳисобга олиш асбобини текширишлар оралиғи:

жисмоний шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун — 8 йилни;

юридик шахсларнинг ҳисоблаш асбоби учун — 4 йилни ташкил қилади.

Босимнинг ўзгарувчан фарқи сарфларини аниқловчи электрон ҳисоблагичлар (дифманометрлар), ультратовушли, электр магнитли, уюрмали ва бошқа турдаги ҳисоблагичлар учун текширишлар оралиғи — 1 йилдан иборат бўлади.

Сув ўлчаш узели ваколатли ташкилоти томонидан пломбаланиши лозим. Пломбаланмаган ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.

Сувни ҳисобга олиш асбобларини харид қилиш, ўрнатиш, давлат назоратидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш, алмаштириш) ишлари ваколатли ташкилот томонидан, истеъмолчининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш учун истеъмолчи ваколатли ташкилотига буюртманома беради. Буюртманома тушгач, ваколатли ташкилоти уч кун муддатда истеъмолчи билан сувни ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш юзасидан шартнома тузади ва унда шартномада кўрсатилган сумманинг 100 фоизи миқдорида олдиндан тўлов ўтказилиши назарда тутилади.

Истеъмолчи сувни ҳисобга олиш асбобидаги пломбага шикаст етгани, узилгани ёки бутун эмаслиги каби ҳолатларни аниқлаганда, 2 сутка мобайнида ваколатли ташкилотини бу ҳақда огоҳлантириши лозим.

Истеъмолчи томонидан сарфланган сув ҳажми сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланиши лозим.

Истеъмолчиларнинг коммунал канализация тизимига чиқариладиган оқова сувлари миқдори коммунал сув таъминоти тизимидан сарфланган сув миқдорига тенг деб қабул қилинади.

Истеъмолчилар жорий ойнинг 23-25-санасида сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини қайд қилиб бориши, жорий ойнинг сўнгги санасигача ваколатли ташкилотга кўрсаткич маълумотларини алоқа воситалари ёрдамида тақдим этиши ва тўловларни амалга ошириши шарт .

 

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Кўп квартирали уйларда  иссиқлик таъминоти хизматини кўрсатиш

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.