Янги имтиёзлар.

Янги имтиёзлар.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекцияси касаллигини юқтирган 2 минг 802 нафар фуқароларимиздан 2 минг 314 нафари ёки 82 фоизи бутунлай соғайгани, бу курашда чинакам жасорат кўрсатаётган 23 минг нафар тиббиёт ходимларига жами 78 миллиард сўмдан зиёд рағбатлантириш пули тўлаб берилгани айтилди.

Иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланаётгани, охирги ҳафтада тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси истеъмоли 13 фоизга кўпайганлиги, шунингдек, сўнгги икки ҳафтада биржада цемент савдоси олдинги ойнинг шу даврига нисбатан 104 минг тоннага, ёқилғи маҳсулотлари 74 минг тоннага, қурилиш ойнаси 60 минг квадрат метрга ошганлиги, эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» зоналарга ажратган ҳолда, 110 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолиятига рухсат берилганлиги, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтганлиги ҳам йиғилишда таъкидлаб ўтилди.

Умуман, сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.

Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб,қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифаси қўйилди.Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мамлакатнинг 38 та тумани «қизил» зонада қолаётгани боис карантин қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси кабиўзини ўзи банд қилган 60дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.

Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.

Ушбу чора қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ниятида кўрилмоқда. Ҳукумат пандемия туфайли Ўзбекистонда камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайишини прогноз қилмоқда.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

 

Янги имтиёзлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.