ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАВБАҲОР ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Навбаҳор туманининг 2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекиситон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 2020 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Мазкур қонуннинг 18-моддасига асосан 2020 йил учун туманни маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгаши

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1.Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2019 йил 16 декабрдаги "Навоий вилояти 2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги 59/379-сонли қарори ижро ва маълумот учун қабул қилинсин.

2.2020 йилда:

а) Навбаҳор туман маҳаллий бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тақсимланади:

-айрим товарларнинг чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғимлар;

-қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);

-автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғим.

- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг туман маҳаллий бюджетига 30 фоиз тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин.

б)мобил алоқа хизмати ва алкогол маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра туман аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ.

в) Қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

- жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

- жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;

- қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;

- айланмадан солиқ;

3. Навбаҳор туман маҳаллий бюджетининг харажатлар тизимида қуйидаги ўзгартиришлар киритилди ҳамда молиялаштириш тартиби қуйидагича белгиланди:

туман маҳаллий бюджетидан:

а)умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг тўртинчи гуруҳ харажатлари;

б)фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар;

в) худудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказини сақлаш харажатлари туман маҳаллий бюджетидан молиялаштирилади.

4. 2020 йил учун туманнинг туман бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

5. Туманнинг туман бюджетидан 2020 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6.Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7.Туман бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 43304.0 млн. сўм миқдорида тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижроси ҳамда харажатлар ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

8.2020 йил учун туманнинг туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 1109.8 млн. сўм миқдорида белгилансин.

Туман ҳокимлиги захира жамғармалари маблағларини туманнинг туман бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

9.2020 йил учун туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам маблағи 637.6 млн.сўм миқдорида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

10. Туман бюджетида шаклланган қўшимча манбалар туман Халқ депутатлари Кенгаши томонидан туман ҳокимлиги таклифига кўра, Кенгаш қарорига асосан ишлатилиши белгилансин.

11. Қонунга мувофиқ, туман ҳокимлиги чораклар якуни бўйича мазкурқарорнинг 1-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлари билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш ёки харажатларни мақбуллаштириш таклифларини киритади.

12. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар туман маҳаллий бюджетининг ижроси давомида шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

13. Туман ҳокимлиги:

махаллий бюджетни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;

туманмаҳаллий бюджетининг қўшимча даромадларини
10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни ва веб-сайтларга уларнинг натижаларини жойлаштирсин.

14. Туман ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини туман Кенгашига тақдим этиб борсинлар.

15. Туман ҳокимлиги бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

16. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

17. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ва туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.

 

 

Кенгаш раиси Л.Облақулов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.