Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Марҳамат, бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

"Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3207, 2019 йил 30 декабрь).

Низомга кўра, солиқ органининг ходимлари, солиқ тўловчилар ҳамда уларнинг вакиллари солиқ тўловчилар фаолиятида ўтказиладиган солиқ назорати тадбирларини видеотасвирга олишлари мумкин.

Ушбу назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотларидан назорат тадбирлари натижаларини кўриб чиқишда, солиқ органлари томонидан қарор қабул қилишда, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда зарурат бўлганда фойдаланиш мумкин.

Жараённинг видеотасвирга олиниши шаффофлик ва холисликни янада таъминлайди, коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Назорат тадбирини видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилади.

Ҳукумат қарори билан Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди

Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, фуқароларни узлуксиз маънавий тарбиянинг самарали усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш ҳисобланади.

Концепциянинг мақсади – ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.

✅ Концепция тўртта босқични қамраб олади: яъни 👉 биринчи босқич: оилаларда (ҳомила даври, бола туғилгандан 3 ёшгача бўлган давр); 👉 иккинчи босқич: мактабгача таълим 3-6 (7) ёшгача бўлган давр; 👉 учинчи босқич: умумий ўрта таълим (7 (6)-10 ёшгача бошланғич синф, 11-17 (18) ёш); тўртинчи босқич: ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар ва ОТМ тизимидаги ёшлар.

"Давлат божи тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди

Қонунга мувофиқ, давлат божи юридик аҳамиятли ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Қонунда давлат божини ундириш объектлари ҳамда давлат божи ставкаларининг миқдорлари белгиланди.

Қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати белгилаб берилди.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судларда даъвогарлар иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар, алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Давлат божининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундирилиши ва Давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон фуқароларининг болаларини Ўзбекистонга қайтариш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” Ҳукумат қарори (6-сон, 07.01.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тартиби белгиланди

✅ Қарорга мувофиқ:

👉 хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар Ўзбекистонга Ички ишлар вазирлиги томонидан қайтарилади;

👉 3 ёшгача бўлган болаларни Ўзбекистонга қайтариш Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ташкил этилади;

👉 ушбу болаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганда, уларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан тасдиқланади.

Қарор билан тасдиқланган низомда хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тартиби белгиланди.

Низомга кўра, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади.

Бу борадаги фаолият Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Шунингдек, "Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, "Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, фойдали қазилмаларни қидириш, разведка қилиш ва қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олган ер қаъридан фойдаланувчилар имзоли бонус ва тижоратбоп топилма бонусини тўлайди.

Имзоли бонус ер қаъридан фойдаланувчининг тегишли лицензия асосида фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун бир марталик қатъий белгиланган тўловидир.

Шунингдек, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар белгилашга оид ваколати чиқарилди

Шуниндек, "Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (8-сон, 08.01.2020 й.) қабул қилинди.

2020 йил 1 мартдан тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилади

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилади.

2020 йил 1 мартга қадар тадбиркорликни ривожланганлик даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича "BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишга туширилади.

Ушбу тизимни ишлаб чиқиш, унга техник хизмат кўрсатиш юзасидан, истисно тариқасида, тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан шартнома тузилади.

Қарор билан Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, баҳолаш ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади.

Баҳолаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман ва шаҳарлар рейтинги тузилади, рейтингда юқори кўрсаткичларга эга ҳудуддаги ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Баҳолаш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Судда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юритувини ёзиб олишга рухсат этилди

24.12.2019 йилдаги ЎРҚ-597-сон Қонунида бу бўйича нормалар назарда тутилди.

Суднинг ташаббуси билан ёки ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига кўра суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга ёзиб борилиши мумкин. Суд мажлисининг баённомасида тушунтиришлар, илтимосномалар ва уларни кўриб чиқиш натижалари, шунингдек қабул қилинган қарор эълон қилиниши ҳамда унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари акс эттирилмайди. Буларнинг ўрнига гувоҳлар тушунтиришларининг, кўрсатувларининг, экспертлар ўз хулосалари юзасидан берган оғзаки тушунтиришларининг, музокараларнинг ҳамда прокурор фикрларининг бошланган ва тугаган вақти кўрсатилади, шунингдек суд мажлисини ёзиб олишнинг техник воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Электрон ёхуд бошқа аудио- ёки видеоёзувлар жамланган воситалар баённомага қўшиб қўйилади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли тузатишлар киритилди. Улар 26 мартдан кучга киради

Қуйидагилар учун назарда тутилган маъмурий жавобгарликни кучайтириш назар тутилди.

кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларини, шунингдек бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузиш (МЖТКнинг 119-моддаси).

кичик ҳажмли кемаларни маст ҳолда бошқарганлик учун (МЖТКнинг 132-моддаси).

ФВВнингКичик ҳажмли кемалар инспекциясининг мансабдор шахслари фақат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади, кейин эса ушбу баённома кўриб чиқиш учун судга юборилади.
Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор туман адлия бўлими:

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.