ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ТАДБИРКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ КАФИЛИДИР.

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ТАДБИРКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ КАФИЛИДИР.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4525-сонли қарори
2019 йил 20 ноябрда қабул қилинди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилди, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида Республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган "Бизнес юритиш-2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Охирги уч йил ичида тадбиркорликни қўллаб қувватлаш борасида бир қанча қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди, бироқтадбиркорликни ривожлантириш борасида айрим бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги сабабли, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мазкур қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ:

Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»гиҚонунталабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Бундан кейин, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Марказий банки, Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарларига қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётганлиги кўрсатиб ўтилиб, мазкур вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жойлардаги ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш вазифаси қўйилди.

Ишчи гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги ижрочиларга етказиш ва тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, жойларда тадбиркорларнинг фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориш, тегишли орган томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилди.

Ишчи гуруҳлари амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ой якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маълумот киритиб боради.

Президент қарорида белгиланган алоҳида талабларга тўхталадиган бўлсак, 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги талаблар бекор қилинади:

тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;

давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;

мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

Шунингдек, ушбу Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси,Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар олдига тадбиркорликни ривожлантириш борасида бюрократик тўсиқлар бартараф этиш, тадбиркорларга лицензия ва рухсатнома бериш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда талаб этиладиган ҳужжатларни замон талабларига мослаштириш ва тизимлаштиришталаблари қўйилди.

Шу билан бир қаторда, мазкур Қарор билан Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга доир «ЙЎЛ ХАРИТАСИ» тасдиқланди.

Уйлаймизки, Президентимизнинг ушбу Қарори, юртимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга, давлатимизни ривожланган мамлакаталар қаторида бўлишига туртки бўлади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Навбаҳор туман судининг раиси А.Ибодов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.