“Адлия минбари”

Ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари.

Фуқаролар йиғинлари ходимларига санаторийларга бепул йўлланма берилади

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (722-сон, 27.08.2019 й.) билан Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлиги ярим йиллик ва йил якуни бўйича баҳоланади.

Баҳолаш туман (шаҳар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.

Баҳолаш кўрсаткичларидан бири тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш ҳисобланади.

✅ Баҳолаш натижаларига кўра фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларнинг ҳар бирига:

👉 меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,75 бараваригача пул маблағлари ажратилади;

👉 республика ҳудудидаги санаторийлардан бирига соғлигини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма берилади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Фуқаролар давлат бюджетини назорат қилишда иштирок этади

Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ-559, 29.08.2019 й.)

Қонун билан қонун ҳужжатларига бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

✅ Хусусан:

👉 давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳаси, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларнинг аудити ва баҳолаш натижалари юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари мажбурий равишда эълон қилинади;

👉 вазирлик ва идоралар бюджет маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган танловлар ва сотиб олинган товарларни етказиб бериш тўғрисида ахборотларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштиради;

👉 маҳаллий бюджетларни ижроси бўйича ҳисоботнинг халқ депутатлари кенгашларида тасдиқланиш жараёни ОАВда ёритилади;

👉 давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари, уларнинг ижроси бўйича ҳисоботларни ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжали Олий Мажлисга тақдим этилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бош прокуратура Академияси магистратурасига ўқишга кириш тартиби белгиланди

Шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (3179-сон, 30.08.2019 й.).

✅ Мазкур Низомга кўра, магистратурага қуйидаги шахслар танлов асосида қабул қилинади:

👉 "Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар;

👉 "Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган прокуратура органларининг ходимлари;

👉 бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари.

Магистратурада ўқиш муддати бир йил.

Магистратурага кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва суҳбат шаклида ҳар йилиавгуст ойида ўтказилади.

Битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва "Ҳуқуқ магистри” даражаси берилади.

"Ўзбеккосмос” агентлиги ташкил этилди

Шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги Йўлдош алоқа технологиялари бошқармаси тугатилиб, унинг бўшайдиган 5 та штат бирлиги "Ўзбеккосмос” агентлигига ўтказилди.

Агентлик космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентлик бош директори ва директор ўринбосарлари Ҳукумат қарори билан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Фармон билан шунингдек, Агентлик ҳузурида Илмий техник ва эксперт кенгаши ташкил этилди.

Шунга кўра, космик тармоқни ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш Кенгаш хулосалари асосида амалга оширилади.

Фармонга кўра, 2019–2020 йилларда Ўзбекистонда космик тармоқни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бундан ташқари, "Космик фаолият тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилади.

Ёшлар академияси ташкил этилди

Шунингдек, ўтган ҳафтада Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси юридик шахс мақомисиз ташкил этилди.

Академияга Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоалар Ёшлар академиясига танлов асосида қабул қилинади.

Ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш Ёшлар академиясининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Қарорга кўра, Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси тугатилиб, унинг 5 та штат бирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига ўтказилди.

Шунга кўра, вазирлик тузилмасида Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди.

Мазкур бошқарма Ёшлар академиясининг ишчи органи саналади.

Шунингдек, қарор билан Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма маблағлари инновацион, амалий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Иқтидорли ёшларни "Ёшлар академияси” фаолиятига 2019-2020 йилларда жалб этиш бўйича "Йўл харита”си тасдиқланди.

Моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Ўтган ҳафтада, "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–560-сон, 30.08.2019 й.).

Қонун билан қонун ҳужжатларига моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш, ушбу ҳаракатларни нафақат қасддан содир этганлик, балки эҳтиётсизлик туфайли содир этганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият ҳам эндиликда лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Қонуннинг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялашга оид қисми Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Ўтган ҳафтада Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–561-сон, 02.09.2019й.)

Қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи содир этилган зўравонлик ёки таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга.

Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган.

Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.

Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланади, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмайди.

✅ Бунда:

👉 бола туғиш ва кўкрак сути билан озиқлантириш;

👉 муддатли ҳарбий хизматга фақат эркакларни чақириш;

👉 ушбу Қонун асосида гендер сиёсати амалга оширилишида вақтинчалик махсус чоралар кўриш;

👉 қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартибида фарқларни белгилаш кабилар жинси бўйича камситиш ҳисобланмайди.

Эндиликда қонун ҳужжатларидаги жинс бўйича камситилишига йўл қўядиган нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилади.

Давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш учун бир жинсдаги ходимлар учун лавозимлар вақтинчалик квоталаниши мумкин. Бунда квоталаш хотин-қизлар ва эркаклар вакиллигининг мутаносиблигига эришилганда бекор қилиниши мумкин.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади.

Қонунга кўра агар шахс ўзини жинси бўйича камситишга дучор этилган деб ҳисобласа судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинси бўйича камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

Шунингдек ўтган ҳафтада Президентнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (ПҚ–4435-сон, 03.09.2019 й.)

Киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахсларга қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун кредитлар 20 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан (ҳозирга қадар 3 йиллик), биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз, кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб эса 1 йиллик имтиёзли давр билан, биринчи 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида берилади.

Маҳкумларга сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади

Шунингдек ўтган ҳафтада Сайловлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган Қонун (ЎРҚ-563, 04.09.2019 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Конститутция ва бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Конституцияга киритилган ўзгартиришга мувофиқ ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

"Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра эндиликда ички ишлар органи ходимлари Қонунчилик палатасига ёки маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайлана олмайди.

Ҳарбий хизматга чақирув бўйича янги тартиблар жорий этилди

Ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–564, 05.09.2019 й.).

Қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида ўн икки ой қилиб белгиланди (ҳозирга қадар оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимидаги хизматчилар учун - ўн икки ой (олий маълумотли шахслар учун - тўққиз ой); чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун - тўққиз ой).

Шунингдек, эндиликда фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш улар умумтаълим мактабидаги ёки ўрта-махсус таълим муассасасидаги охирги ўқиш йилининг апрель - май ойларида амалга оширилади (ҳозирга қадар улар ўн олти ёшга тўлган йили апрель - июнь ойларида амалга оширилиб келган).

 

Навбаҳор туман

адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.