АДЛИЯ МИНБАРИ

Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада, Бухоро вилояти Қоракўл туманида "Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрсидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (654-сон, 09.08.2019 й.).

✅ Қарорга мувофиқ, Қоракўл туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига "халқаро математика мактаби” мақоми берилди.

✅ Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларини чуқур ўқитиш, ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ҳамда уларни республика ва халқаро фан олимпиадаларига қатнашишга тайёрлаш халқаро мактабнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

✅ 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади.

✅ Халқаро мактабда математика фанига қизиқувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам шартнома асосида таълим олишлари мумкин.

✅ Шунингдек, ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш мақсадида халқаро мактабга хорижий мамлакатлардан ҳам ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат этилди.

✅ 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига бюджет маблағалари ҳисобидан 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада яна бир ҳукумат қарори қабул қилинди, унга кўра Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (660-сон, 10.08.2019й.).

✅ Низомга кўра, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш бўйича харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши тартиби белгиланди.

✅ Экспортни рағбатлантириш агентлиги манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

✅ Шунингдек, манфаатдор субъектлар 2019 йил 1 майдан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмига компенсация олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

✅ Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда ваколатли орган томонидан аризалар 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.

✅ Молия вазирлиги ваколатли орган буюртманомасига асосан 3 иш кунида давлат бюджетидан субсидия маблағларини ваколатли органга, ваколатли орган эса ушбу маблағни 3 иш куни мобайнида манфаатдор субъектнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Компенсация берилган манфаатдор субъектларнинг реестри юритиб борилади.

✅ Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга асосан манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш учун:

👉 манфаатдор субъект Ўзбекистонда давлат рўйхатига олинган;

👉 маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган;

👉 маҳсулотлар Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган мамлакатларга экспорт қилинган (тухум маҳсулоти бундан мустасно);

👉 маҳсулот белгиланган тартибда экспортга расмийлаштирилган;

👉 маҳсулот учун камида 30 фоиз тўловлар тушган ёки банк аккредитиви очилган;

👉 экспорт шартномасида маҳсулотни етказиш харажати манфаатдор субъект зиммасига юкланган ва ушбу харажатлар учун тўловлар ушбу субъект томонидан амалга оширилган бўлиши зарур.

✅ Компенсация олиш учун аризаларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

👉 экспорт ёки воситачилик шарномаси;

👉 божхона юк декларацияси нусхаси;

👉 манфаатдор субъект билан темир йўл транспортида юкларни ташиш бўйича тузилган шартнома нусхаси;

👉 манфаатдор субъект томонидан темир йўл ташкилотига тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

👉 маҳсулот экспорт қилинган давлат божхона органи ва юкни қабул қилган темир йўл станцияси белгиси қўйилган юкхат нусхаси;

👉 юк юборилган станциядан юкни қабул қилиб олган сўнги станциягача бўлган масофа тўғрисидаги маълумот;

👉 маҳсулотларнинг келиб чиқиш сертификати нусхаси.

 

Шунингдек Ҳукуматнинг фармойишига асосан 2019 йилнинг 15-30 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги деб эълон қилинди (672-Ф, 10.08.2019 й.)

Шунингдек, фармойиш билан 17-18 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланди.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори билан Мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (664-сон, 12.08.2019й.)

✅ Низом билан, мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг янги ташкил этилган боғ ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларини жорий қилишга кетган харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди.

✅ 2019 йил ва ундан кейинги йиллардаги харажатларини қоплаш бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

👉 томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинган 1 гектар майдон учун бир марталаик 6 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда;

👉 майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда.

✅ Субсидия маблағлари 2019 йилда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан, 2020 йилдан бошлаб эса жамғарма ҳамда давлат бюджетидан тенг улушларда ажратилади.

✅ Харажатларнинг бир қисмини қоплаш истагини билдирган ишлаб чиқарувчилар ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

👉 суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича ваколатли лойиҳа институтининг лойиҳаси;

👉 тижорат банки билан тузилган кредит шартномаси ҳамда кредит ажратилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

👉 пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома нусхаси;

👉 амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.

✅ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 майга қадар келгуси йилда суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг якуний рўйхатини шакллантириб Ҳукуматга тақдим этади.

 

Шунингдек, ўтган ҳафтада Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–552-сон, 13.08.2019 й.)

✅ Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

👉 доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;

👉 ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.

✅ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.

✅ Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

👉 хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;

👉 режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;

👉 табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари;

👉 ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);

👉 хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

👉 эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

✅ Қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Мазкур Қонунга мувофиқ, (https://t.me/huquqiyaxborot/5317) кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

✅ Мазкур ариза Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.

✅ Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.

✅ Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади ва ушбу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.

✅ Хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тегишли тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди (ПФ–5780, 13.08.2019 й.)

✅ Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

👉 тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;

👉 тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

👉 тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

✅ 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:

👉 қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;

👉 жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.

Мазкур Фармон билан маҳаллий ҳокимият ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулк дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

✅ Эндиликда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили:

👉 хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига (мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, мулкни топширишга ёки мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилиш) йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатади;

👉 мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришни апробация қилиш бўйича қуйидаги мақсадларда ҳуқуқий эксперимент ўтказилади:

👉 қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларининг ва механизмларни амалда қўллаш самарадорлигини аниқлаш;

👉 хусусийлаштириш соҳасидаги масъул давлат органлари ваколатларининг амалий самарадорлиги, тартибга солинадиган муносабатларни тўлиқ қамраб олиниши жиҳатидан мониторинг ўтказиш;

👉 ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ва аҳолини бизнес билан шуғулланишга жалб қилиш;

👉 қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.

✅ 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллеждан ташқари), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият объектлари) ҳамда давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилади.

✅ 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги тартиблар ўрнатилади:

👉 қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари фақат "E-IJRO AUKSION” орқали тақдим этилади (Президент ва Ҳукумат қарорларига кўра ер участкалари берилиши бундан мустасно);

👉 жисмоний ва юридик шахсларга "YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси маълумотларини (кейинчалик электрон онлайн-аукционга қўйиш учун) жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди (5781-сон, 13.08.2019й.)

✅ Фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан:

👉 туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади;

👉 хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми ("rebate”) битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

👉 Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;

👉 тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, "караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади;

👉 тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади;

👉 ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада, ШАХСИЙ ЭҲТИЁЖ УЧУН ҚУДУҚ ҚАЗИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Ҳукумат қарори билан (672-сон, 14.08.2019 й.) Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди

 

✅ Қарорга кўра, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, юридик шахслар ер ости сувларига қудуқларни бурғулашга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

✅ Рухсатнома бурғулаш ишларини бажариш даврига, лекин 1 йилдан ошмаган муддатга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан юридик шахсларга уларнинг мурожаатига асосан берилади.

✅ Давлат хизматлари кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи (66 900 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

✅ Қуйидагилар учун рухсатнома олиш талаб қилинмайди:

👉 жисмоний шахсларга чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқларни қазиш учун ва суткасига кўпи билан 5 куб метр ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёж учун якка тартибда олишга мўлжалланганда;

👉 гидрогеология корхоналари учун ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш ишлари ҳар йилги минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилганда.

Қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан маълумотларни, шунингдек, қонун ҳужжатларига шарҳлар "Telegram” мессенжерида "Huquqiy axborot” канали орқали ҳам танишишингиз мумкин. Ушбу каналга уланишингизни тавсия қиламиз.

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.