“Адлия минбари”

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти

Ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада, 2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувларини ўтказиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (625-сон, 24.07.2019 й.)

Қарор билан 2020–2021 йилларда Ўзбекистонда мультииндикатор кластер кузатувларини ўтказиш учун Миллий соҳалараро мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби ҳамда Кузатувни ўтказиш схемаси тасдиқланди.

Глобал "Multiple Indicator Cluster Survey” (MICS) дастури талабларига мувофиқ Кузатувга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш Кенгашнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Давлат статистика қўмитаси Кузатувни ўтказиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

2021 йил 1 октябргача Кузатув натижаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Эркин Воҳидов мемориал музейи ҳамда Ҳазиний уй-музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (630-сон, 26.07.2019 й.)

Қарор билан Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов мемориал музейи ҳамда Учкўприк туманида Ҳазиний уй-музейи Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида ташкил этилди.

Мазкур музейларга замонавий интерфаол ахборот-технологиялари жорий этилади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасининг Қурол тўғрисидаги Қонуни имзоланди (ЎРҚ–550-сон, 29.07.2019 й.)

✅ Қонунга кўра қуролнинг қуйидаги турлари фарқланди:

👉 фуқаровий қурол;

👉 хизмат қуроли;

👉 жанговар қурол.

Фуқаровий қурол жумласига ов, спорт ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроллари киради.

✅ Қуйидагилар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли ҳисобланади:

👉 газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар;

👉 электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.

Жамоат жойларида, шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш тақиқланади.

18 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, 21 ёшга тўлган фуқаролар фуқаровий ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардия органлари томонидан бериладиган 3 ойлик рухсатномалар асосида фуқаровий ва хизмат қуроли олиниши мумкин.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Қуролни олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

✅ Рухсатнома олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

👉 ариза;

👉 шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);

👉 қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

👉 қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;

👉 йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

👉 овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);

👉 овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ов ўқотар қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват 65 жоулдан юқори ва калибри 9 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);

👉 отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Шунингдек ўтган ҳафтада Президент қарори (ПҚ–4405, 29.07.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Москвадаги Бутунроссия кўргазма маркази 66-павильонида "Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази” экспозицион марказини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур шартномани амалга ошириш бўйича масъул ваколатли орган этиб белгиланди.

Томонлар шартномани 2019 йил 30 май куни Урганч шаҳрида имзолаган.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–551-сон, 30.07.2019 й.)

"Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш 2020 йил 30 январдан лицензияланиши талаб қилинадиган фаолият тури саналади.

Ҳозир рўйхатда ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек совуқ қуролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш назарда тутилган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра ижро жараёнига жалб қилинган мутахассис ёзма хулосасини тақдим этиш муддати давлат ижрочиси қарори билан танишган кундан бошлаб 15 кун этиб белгиланди.

Илгари муддат ўрнатилмаган.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисидаги билдиришнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда ундирувчининг ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки мобиль телефонига қисқа хабар тарзида юборилади.

Қонун билан шунингдек, ижро жараёнига медиация институтини жорий этишга оид қўшимчалар киритилди.

Бунда профессионал медиаторнинг иштироки албатта талаб этилади.

"Медиация тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра ижро жараёнида медиация тартиб-таомили амалга оширилган тақдирда, уни амалга ошириш даврида ижро ишини юритиш тўхтатиб турилади, шунингдек медиацияни амалга ошириш муддати кўпи билан 15 кунни ташкил этади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ёқилғи-энергетика ресурлари нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (633-сон, 30.07.2019 й.).

Қарор билан 2019 йилнинг 15 августидан бошлаб қуйидагилар белгиланди:

✅ пировард истеъмолчига автобензин ва дизель ёқилғисини сотишда акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда, чакана нарх:

👉 АИ-80 русумдаги автобензин – бир литр учун 4500 сўм (ҳозирда бир литр учун 4000 сўм);

👉 дизель ёқилғиси – бир литр учун 5400 сўм (ҳозирда бир литр учун 4800 сўм);

👉 ЭКО дизель ёқилғиси – бир литр учун 5700 сўм (ҳозирда бир литр учун 4900 сўм);

👉 АИ-91 русумли автобензинни биржа савдолари орқали сотишни амалга ошириш тартиби;

👉 қонун ҳужжатларида белгиланган шахсларнинг айрим тоифаларига автобензинни сотиб олиш харажатларининг бир қисми учун ойлик пулкомпенсациясини тўлаш суммаси 75000 сўм миқдорида (ҳозирда 66 700 сўм).

✅ Шунингдек, 2019 йил 15 августдан қуйидаги тарифлар ҳам тасдиқланди:

👉 аҳоли учун 1 куб.м газ – 380 сўм (ҳозирда 320 сўм);

👉 аҳоли учун 1 кВт электроэнергия – 295 сўм (ҳозирда 250 сўм).

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Президент Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармонни имзолади (ПФ-5775, 30.07.2019 й.)

Фармон билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби тасдиқланди.

Миллий комиссия Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялардан иборат.

Кичик комиссияларга тегишлилиги бўйича Миллий комиссия раиси ўринбосарлари ҳисобланган ички ишлар вазири ва бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қилади.

Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш Миллий комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилади.

Фармон билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди.

Миллий маърузачи одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги вазият ҳақида Президентга ҳар йили ахборот тақдим этади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (636-сон, 30.07.2019 й) билан Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди

Регламентга мувофиқ, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

Йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича тижорат асосида ташиш фаолияти лицензияланади.

Бунда йўловчиларни ташиш юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Лицензия бериш, уни амал қилинишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли қарор қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмайди.

Лицензия асосида ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия варақаси берилади.

Лицензия варақасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади.

Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ-4411, 31.07.2019 й.)

✅ Қарорга кўра:

👉2022 йил 1 августгача пиллачилик корхоналарига 8 турдаги маҳсулотларни АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Туркияга экспорт қилишда ҳаво ва темир йўллари транспортида ташиш харажатларининг 50 % гача миқдорини давлат бюджетидан компенсация қилиш учун субсидия берилади;

👉 эндиликда "Ўзбекипаксаноат” корхоналари томонидан пилла етиштирувчи субъектларга етказиб берилган ипак қурти уруғи, пилла етиштириш учун зарур бошқа ресурслар ҳамда тут кўчатлари қиймати товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб ҳисобланмайди;

👉 лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш, минерал ўғитлар ва бошқа материал ресурсларини етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ва тартиб пиллачилик корхоналарига ҳам татбиқ этилади;

👉 2020 йил 1 январдан тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлаганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жариманинг 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир бўлган ҳудудда янги тут кўчатлари экиш учун йўналтирилади;

👉 товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар учунқонунчиликда белгиланган солиқ имтиёзлари 2021 йил 1 январга қадар хом ипак ва ипак момиғи маҳсулотларига ҳам татбиқ этилади;

👉 пилла етиштириш, пилла етиштирувчиларга бўнак бериш каби ишларни молиялаштиришга 2019 – 2022 йилларда ажратиладиган банк кредитлари фоизхаражатлари учун Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация бериш тартиби ўрнатилади.

✅ Шунингдек, тирик пилла етиштириш хизмати нархини 2020 йилдан камида 20 фоизга, 2021 йилдан яна камида 10 фоизга ошириш чораларини кўриш белгиланди.

✅ Ипакчилик илмий-тадқиқот институти тасарруфида Фарғона, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида наслли ипак қурти уруғи етиштирувчи муассасалар ташкил этилди.

✅ 2022 йил 1 августга қадар "Ўзбекипаксаноат” корхоналарига:

👉 ипак қурти уруғларини "божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштиришга рухсат берилди;

👉 олиб чиқилиши натижасида тайёрланган пиллаларни республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этишга оид имтиёз берилди.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

Туман адлия бўлини


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.