Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума куни "Адлия минбари” номли махсус кўрсатувни тўғридан тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилган.

Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада, Ҳукумат қарори билан (597-сон, 17.07.2019й.) БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур Тадбирлар дастуридан таълим тизимининг барча босқичларида бола ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш, таълим тизими органларининг расмий сайтларида бола ҳуқуқлари соҳасида маърифатга қаратилган ўқув саҳифаларини ташкил этиш, бола ҳуқуқлари соҳасида давра суҳбати, семинар, халқаро форум ўтказиш, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этиш каби тадбирлар ўрин олган.

 

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (608-сон, 19.07.2019 й.) билан Астрахань давлат техника университети (Россия Федерацияси)нинг Тошкент вилоятидаги филиали ташкил этилди

 

Қарорга мувофиқ, балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш Филиалнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Филиал Бош муассаса томонидан таъсис этилади ва кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб асосий бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича мутахассислар, жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.

2019/2020 ўқув йилида Тошкент давлат аграр университети Бош муассаса билан ҳамкорликда "Сув биоресурслари ва аквакультура” бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги шаклда тўлов-контракт асосида рус гуруҳида кадрлар тайёрлашни давом эттиради.

Филиалнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналарини тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарори қабул қилинди (607-сон, 19.07.2019 й.)

Қарор билан олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломлари ва уларнинг тавсифлари, ушбу диплом иловаларининг давлат намуналари, олий таълим муассасаларида бериладиган академик маълумотноманинг давлат намунаси ва тавсифи тасдиқланди.

Диплом ва иловаларнинг давлат намуналари 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.

Дипломлар ва уларнинг иловалари ҳамда академик маълумотнома бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ ҳаражатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Дипломлар ва уларнинг иловалари ҳамда академик маълумотнома бланкалари компьютерда тўлдирилади ва олий таълим муассасалари битирувчиларига топшириш учун (дубликат бериш ҳолатлари бундан мустасно) текин тарқатилади.

 

Шунингдек ўтган ҳафтада яна бир Ҳукумат қарори билан (606-сон, 19.07.2019 й.) Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Низомга кўра, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш, яъни мақсадли докторантура бир олий таълим ёки илмий муассаса учун етишмаётган илмий даражали кадрни бошқа муассасада шартнома асосида тайёрлашни назарда тутади.

Мақсадли докторантура идора ичида, идоралараро ҳамда давлатлараро шаклда амалга оширилади.

Идора ичи ва идоралараро мақсадли докторантура изланувчиларига қонунчиликда белгилаланган миқдорда стипендия тўланади ҳамда таътил берилади.

Мақсадли докторантурага ҳужжатлар ҳар йили 15 сентябрдан 15 октябргача қабул қилинади.

Докторантурани муваффақиятли тугатган шахс уни ўқишга юборган буюртмачи ташкилотга камида уч йил ишлаб бериши лозим.

 

Шунингдек, ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (609-сон, 20.07.2019 й.) билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди

Низомга мувофиқ, Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, унга умумий раҳбарлик қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Агентлик ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Агентликнинг асосий вазифаси интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Агентликка Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган адлия вазири ўринбосари – директор раҳбарлик қилади.

Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг энг муҳим масалалари бўйича муаммоларни илмий таҳлил қилиш, тавсияларни кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш учун Агентликда юқори малакали ходимлар, етакчи олим ва мутахассислардан иборат илмий-техник кенгаш ташкил этилади.

Агентлик ходимлари мақоми, тиббий хизмат кўрсатиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра тегишли равишда Адлия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (613-сон, 22.07.2019 й.) билан 2019–2021 йилларда Навоий вилоятининг Хатирчи туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди

Қарорга мувофиқ, туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан этиб белгиланди.

Қарор билан Дастурни молиялаштириш манбалари тасдиқланди.

Шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 67 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши, бу орқали 710 та янги иш ўрни яратилиши белгиланди.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича белгиланган лойиҳалар орқали
7 630 нафар аҳолининг бандлиги таъминланиши назарда тутилди.

 

Ҳукумат қарори (616-сон, 22.07.2019 й.) билан "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш регламенти тасдиқланди

✅ Қарорга кўра:

👉 Регламент Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари бўлган ташкилотларга ва лойиҳанинг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилувчи давлат органларига татбиқ этилади;

👉 "UZINFOCOM” давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ, яъни тизим оператори тизимнинг жорий этилиши ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлайди;

👉 Инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари инвестиция лойиҳаларининг маълумотлар базасини бошқаради ва назорат қилади;

👉 2019 йил 1 августдан бошлаб барча иштирокчилар тажриба тариқасида босқичма-босқич ахборот тизимига уланади;

👉 2019 йил 1 октябрдан ахборот тизими давлат органлари тизимларига интеграция қилинади;

👉 2019 йил 1 декабрига қадар ахборот тизими бўйича лицензия ҳуқуқлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига берилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

 

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (618-сон, 22.07.2019 й.) билан Савдо-саноат палатаси Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Рўйхатда шу пайтгача 85 та ташкилот мавжуд эди.

 

Шунингдек ўтган ҳафтада "Акциз солиғига тортиладиган айрим маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент  Фармони имзоланди

Фармонга кўра:

👉 2019 йил 15 августдан сиқилган газни якуний истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғи ставкаси 20 фоизга;

👉 2019 йил 1 октябрдан алкоголли маҳсулотнинг акциз солиғи ставкаси ўрта ҳисобда 10 фоизга, тамаки маҳсулотининг акциз солиғи ставкаси 20 фоизга оширилди.

Шунингдек, спирт ва алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга оид илгари берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

 

Шунингдек ўтган ҳафтада  Ҳукуматнинг тегишли ҳужжати билан Тошкент шаҳар, Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида Олий таълим муассасаларининг ўқитувчи, мураббий ва илмий ходимларига 2019–2020 йилларда 6 та 9 қаватли арзон уйлар қурилиши белгиланди.

✅ Мазкур уйлар учун "Ипотека-банк” АТИБ томонидан қуйидаги шартларда ипотека кредити ажратилади:

👉 кредит муддати 20 йил, бошланғич бадал 25 фоиз ва имтиёзли давр 1 йил;

👉 кредитнинг биринчи 5 йилида бошланғич 7 фоиз ставкасидан (банкларнинг 2 фоиз маржасини ҳисобга олган ҳолда) қайта молиялаштириш ставкасига етгунгача ҳар йили босқичма-босқич пропорционал ошириб бориладиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (621-сон, 24.07.2019 й.) билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди

Низомга мувофиқ, республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш Агентликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Агентликка инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномаси бўйича Ҳукумат томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод этиладиган директор бошчилик қилади.

Агентлик фаолияти самарадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.

Агентлик ходимларига вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ узлуксиз иш стажи (узоқ муддат узлуксиз хизмати) учун устамалар тўланади.

Энди кафелар туну кун ишлаши мумкин, қачонки...

ўтган ҳафтада Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (624-сон, 24.07.2019 й.)

✅ Қарорга мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар қуйидаги талаблар бажарилганда туну кун фаолият юритиши мумкин:

👉 кўрсатилган объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имкони бўлган видеокузатув тизимини ўрнатиш;

👉 биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва бошқа тегишли ҳудудни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;

👉 бинода шовқин меъёрларига қўйилган талабларга амал қилиш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоблардан фойдаланмаслик;

👉 ёнғин ўчириш воситалари ва тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;

👉 ҳамма учун кўринарли жойларга эвакуация чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар ўрнатиш.

Кўрсатилган объектлар раҳбари мазкур талаблар бажарилгани ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига маълумот тақдим этади.

Талабларга риоя этмаган ҳолда тунги вақтда фаолият юритиш тақиқланади ҳамда тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Талаблар доирасида тунда ишловчи мазкур объектлар фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аралашиш тақиқланади.

Ушбу объектлар томонидан қарор талаблари бузилса ёки жамоатчилик томонидан мунтазам шикоятлар тушса тегишли ҳокимликлар томонидан уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин.

Тунги вақтда фаолият юритувчи бундай объектлар жойлашган йўналишларда патруль гуруҳлари томонидан доимий назорат ўрнатилади.

Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.   

Шунингдек ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (620-сон, 24.07.2019 й.) билан Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди

Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

✅ Қуйидаги ҳолларда ҳужжатларни тан олиш синовларсиз амалга оширилади:

👉 умумий ўрта ва ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълимини олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

👉 Ўзбекистонда бўлинмалари ва қўшма таълим муассасалари мавжуд хорижий таълим муассасаларида ўқиган талабгорларнинг ҳужжатлари;

👉 Халқаро 1000 талик рейтингга кирган олий таълим муассасаларининг ҳужжатлари;

👉 вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

👉 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;

👉 Олий таълимда сифатни баҳолаш Европа ассоциациясининг аъзолари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

👉 АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларида аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

👉 вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

👉 халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

Талабгорлар сўровномага таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат, унинг иловаси ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхасини илова қилади.

Синов асосида тан олинадиган ҳужжатлар учун тест синовлари ташкил этилади ва бу ҳақида 10 кун олдин Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг сайтида эълон қилинади.

Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади ва 54 ва ундан кам балл тўплаган талабгорларнинг ҳужжатлари тан олинмайди.

2019 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Ўтган ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулардан иборат эди.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.