“YOSHLAR - KELAJAGIMIZ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ёшларга янги имкониятлар эшигини очмоқда

“YOSHLAR - KELAJAGIMIZ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ёшларга янги имкониятлар эшигини очмоқдаЁшларимизнинг мамлакатимиз тараққиётига йўналтирилган янгидан-янги ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уюшмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек келажагимиз ворисларининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган "Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 июнда тасдиқланган Фармони ёш авлоднинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлашга қанот бағишламоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, пухта ишлаб чиқилган бизнес режасига эга, аммо кўплаб қийинчиликларга дуч келган ёки ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун кўмакка муҳтож бўлган ёшларимиз жамиятда ўз ўрни ва йўлларини топишда анчагина оввора бўлиб келаётган эди. Дастлаб "Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури ижроси бўйича Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ва пойтахтнинг Чилонзор туманида бошлаб юборилган хайрли ишлар ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида кенг қулоч ёймоқда.

Давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида "Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилиб, шаҳар ва туманларда унинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Унга кўра, жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкини лизингга бериш, имтиёзли кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш кўзда тутилган.

Фармонда қайд этилганидек, тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй-хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда, кейинчалик реализация қилишга кўмаклашиш, давлат-хусусий шериклик шартларида ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни интернет тармоғи билан таъминлаш қисқа фурсатларда ўзининг ижобий самарасини беради. Шунингдек, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этиш учун "Yosh tadbirkorlar” кворкинг-марказлари ҳамда савдо-маиший ва кичик ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш учун меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларда "Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ва бошқа вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Айни чоғда "Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Навбаҳор туманида ҳам тарғибот ишлари бошлаб юборилиб, 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида штаб ташкил этилди. Бу ерда Дастурда кўзда тутилган барча муаммо ва масалалар ечимига кўмаклашувчи мутахассислар жалб этилган. Ҳозирда туман ҳокимлиги, туман аҳоли Бандлигига кўмаклашиш маркази, тижорат банклари ва туман Халқ таълими бўлими ва бошқа дахлдор корхона ва ташкилотлар мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи барча маҳаллаларда бўлиб, ёшлар билан суҳбатлар уюштириб, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиб чиқмоқда. Қисқа вақт ичида суҳбатлар жараёнида 725 хонадон вакилларида 300 дан ортиқ муаммо ва камчиликлар аниқланди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар, ёшлар бандлиги, уй-жой шароити сингари масалалар муаммолар мундарижасини ташкил этади.

Бу каби юксак ғамхўрлик эртага комил фарзандлар қиёфасида юртимиз тараққиётидаги муносиб ҳиссалари билан яққол номоён бўлади.

 

 

 

Аббос БОБОҚУЛОВ,

Ўзбекистон ёшлар итифоқи туман

Кенгаши бош мутахассиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.