ТУМАН ҲОКИМИ Б. Б. БОБОНАЗАРОВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАНИМИЗ ХАЛҚИГА ЙЎЛЛАГАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

ТУМАН ҲОКИМИ Б. Б. БОБОНАЗАРОВНИНГ  НАВРЎЗ  УМУМХАЛҚ  БАЙРАМИ  МУНОСАБАТИ БИЛАН  ТУМАНИМИЗ ХАЛҚИГА ЙЎЛЛАГАН  БАЙРАМ  ТАБРИГИАссалому алайкум қадрли юртдошлар,

Муҳтарам тадбир иштирокчилари!

Бутун борлиққа яшил сепини ёйиб, барчамиз интизор соғиниб кутган баҳор фасли юртимизга кириб келди. Қир-адирлар лолақизғалдоққа бурканиб, боғу-роғлар ўзгача фусункорлик касб этиб, баҳор таровати кишилар қалбига ҳам кўчганлигини одамларнинг мамнун қиёфасидан илғаш қийин эмас.

Қутлуғ айёмлар нишонланадиган ушбу фаслда умумхалқ байрами Наврўзи оламнинг ҳам тантана қилиниши беқиёс аҳамият касб этади. Негаки, Наврўз яшариш ва янгиланиш, латофат ва назокат, энг асосийси, эзгулик айёмидир. Аввало, ушбу қутлуғ шодиёна билан сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини чин қалбимдан муборакбод этаман.

Азиз дўстлар!

Халқимизда ободлик кўнгилдан бошланади, деган ҳикмат бор. Наврўз айёми арафасида, яъни 18-19-март кунлари бутун мамлакатимизда бўлгани сингари туманимизда ҳам умумхалқҳашари кўтаринки руҳда ташкил этилди. Ёши улуғ нуронийларимиз бош-қош бўлган ушбу хайрли тадбирда якка-ёлғиз, ногирон ва эҳтиёжманд оилалар хонадонларини тартибга келтириш ишларига бир қатор корхона ва ташкилотлар масъуллари, фаол ёшларимиз яқиндан кўмак бердилар.

Шу кунларда умухалқ ҳашари жойларда, маҳаллаларда байрам сайлларига уйғунлашиб кетди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бугун эрта тонгдан янгарган карнай-сурнай садоларикўп миллатли кекса-ю, ёш тумандошларимизни Навбаҳор марказий ўйингоҳига чорлади. Маданият ва истироҳат боғида бошланган сумалак сайли эса хотин-қизларимизнинг лапар ва ўланларига, фарзандларимизнингарқон тортиш, миллик кураш ҳамда қўчқор уриштириш сингари спорт мусобақаларига уланиб кетди.

Наврўз-бу шарқона янги йилимиз, янги куннинг бошланишидир. Худди шу куни бободеҳқонларимиз яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаб, халқимизнинг нон-насибаси, ризқи улуғ бўлишини Яратгандан сўраб ният қилишади. Истиқлол шарофати боис бўй кўрсатган миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз айниқса, Наврўз байрамида янада улуғланади. Бу эзгулик айёмида ҳамма бир-бирига яхши ниятлар, табриклар улашади. Кин, гина кудратлар унутилади.

Байрам муносабати билан муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан беш кун дам олиш, деб эълон қилиниб, юртдошларимиз учун мамлакатимизнинг тарихий обида ва муқаддас қадамжоларга зиёрат ва саёҳатлар ташкил этишга яратиб бераётган имкониятлари барча-барчамизни қувонтирмоқда.

Қадрли тумандошлар!

Наврўздан-Наврўзгача туманимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Ўтган 2017 йил-"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да тўртта сектор масъуллари маҳаллаларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот, давра суҳбатлари ташкил этиш орқали фуқаролар мурожаатларида акс этган муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўришди. Анъана тусини олган бу каби мулоқотлар жорий "Фаол тадбиркорлик, инновоцион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам давом этиб, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил асосида хайрли ишалримизни давом эттирмоқдамиз. Жумладан, 2017 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дастурини амалга оширилиши натижасида аҳолини арзон уйлар билан таъминлашда "Бешрабод” ва "Шўртепа” массивларида жами 36 та хонадонга мўлжалланган 3 та кўп қаватли, шунингдек 40 та 2 ва 4 сотихли турар-жойлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. 2018 йилда ҳам бу каби хайрли ишларимиз давом этиб, "Бешрабод” массивида 72 та хонадонга мўлжалланган 4 та кўп қаватли, "Навкар” массивида эса 13 та 2 сотихли уч хонали уй-жойлар эҳтиёжманд оилалар ихтиёрига топширилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда 12 км асосий сув қувури тортилиб, икки мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Айни чоғда Инвестиция дастури асосида Навбаҳор тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун магистрал сув қувири қурилишига республика бюджети ҳисобидан иккинчи этапидаги лойиҳасига 2588,0 млн. сўм маблағ ажратилмоқда. Бешрабод” сув йиғиш ва тарқатиш иншоотидан 1561,0 млн. сўмлик 8,5 км сув қувирлари қурилиши белгиланган. Жорий йилдаги қўшимча дастурга кўра, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда "Дамхўжа-Навбаҳор” линиясидан "Арабсарой” линиясига масофаси 12,0 км бўлган сув қувирларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев ташаббуси билан яқинда "Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғинида 115 ўринли янги замонавий мактабгача таълим муассасаси болажонларимизни ўз бағрига олди. Иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик қутлуғ тўйи арафасида 40 ва 70 ўринли яна иккита мактабгача таълим муассасаси барпо этилиб, ота-оналарнинг қувончига-қувонч қўшилади.

Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 38-умумтаълим мактабининг 180 ўринли янги ўқув блоги барпо этилиши кўзда тутилган бўлса, 24-умумтаълим мактабининг 12х24 ўлчамли спот зали қурилиши режалаштирилган. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида "Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида 10 ўринли қишлоқ оилавий поликлиникаси барпо этиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркор ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак эътиборлари туфайли йилдан-йилга мулкдорларимиз сафи кенгайиб, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар бугунги кунга келиб ижобий самарасини бермоқда.

Жумладан, ўтган 2017 йилда туманимизда жами бўлиб 6 млн. 490.6 минг АҚШ доллари миқдорида мева-сабзовот маҳсулотлари Россия ва Қозоғистон давлатлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 4 млн. 725,4 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бу каби эътиборга молик ишларни амалга оширишда "Навоий био плюс” хусусий корхонаси, "Бобур бунёдкор” масъулияти чекланган жамият ҳамда Навбаҳор агро омад” фермер хўжаликларининг муносиб ҳиссаларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Туманда экспорт салоҳиятини янада ошириш борасида "Силк Роад конструктион анд Течнологиес” ҳамда "Имкон премиум Авто Оил”масъулияти чекланган жамиятларига томчилатиб суғориш техналогиялари асосида ёнғоқ, бодом ва писта экиш учун 100 гектардан ер ажратилди. Шунингдек, "Парадеси гарден” масъулияти чекланган жамият томонидан 60 гектар майдонга экспортбоп узумзорлар ташкил этилди.

Туманда сиғими 1625 тоннани ташкил этадиган 4 та музлаткич мавжуд бўлиб, 2018 йилда лойиҳа қиймати 2,0 млрд. сўмга тенг бўлган 1000 тонналик музлаткичли омборхона қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳурматли тумандошлар!

Бугунги кунда барча соҳалар сингари туризм соҳасини риволжлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жорий йилда туманда хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан 2018 йилда умумий қиймати 1.0 млрд сўм бўлган "Муҳаббат боғи” МЧЖ, умумий қиймати 800.0 млн сўм бўлган "Олмосбек тинчлиги” МЧЖ, умумий қиймати 600.0 млн сўм бўлган "Учтут жавоҳир тошлари” МЧЖ каби ташкилотлар томонидан экотуризмлар ташкил этиш белгиланган. Ушбу лойиҳаларнинг ишга тушириш орқали 40 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.

10.0 мингга яқин қадимий қоятош суратлари мавжуд бўлган "Сармишсой” дарасида хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун "Сармишсой-Навоий” МЧЖ томонидан 200.0 ўринли 45 та замонавий коттджларда бугунги кунда қуриш ишлари якунланмоқда. Бу орқали 10.0 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, "Лазизбек тулпорлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан дамолиш маскани ҳамда туя сути билан даволаш маскани ташкил этилган.

Айни чоғда 2018-2019 йиллар учун туманда истиқболли лойиҳалар шакллантирилмоқда. Шундан 2018 йил учун умумий қиймати 71.2 млрд сўм бўлган жами 45 та лойиҳалар шакллантирилиб. 354 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, саноат соҳасида умумий лойиҳа қиймати 5.2 млрд сўмлик 5 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида умумий лойиҳав қиймати 24.3 млрд сўмлик 12 та лойиҳа. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса умумий ўлойиҳа қиймати 41.7 млрд сўмлик 28 та ишга туширилиши орқали 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

2018 йил бандлик дастурига асосан 4153 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Булар асосан саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари ҳиссасига тўғри келади.

Қадрли дўстлар!

Наврўз айёми шукуҳи сизу-бизга ана шундай эзгау ва хайрли ишларимизни жадал ривожлантиришда доимий ҳамроҳ бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиб, халқимизнинг яхши кунида, тў-ю байрамларида ёруғ юз билан учрашиш барчамизга насиб этсин. Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.