Б А Р Ҳ А Ё Т С И Й М О

Алишер Навоий сиймоси ҳақида гап кетганда, муҳтарам Юртбошимиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг "Агар биз бу зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак шоирларнинг султонидир”, деган пурмаъно сўзларини эслаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Зеро, ушбу таъриф бобокалонимиз шаънига айтилган энг буюк ҳамду санодир. Чунки, бу зот қолдирган адабий мерос бир уммонки, унинг неъматидан инсоният ўз тарихи давомида узоқ йиллар баҳраманд бўлади. Буни эса тарих силсиласидан омон чиққан 577 йилнинг ўзиёқ исботлаб турибди. Алишер Навоий. Бу улуғ сиймо ўзбек миллатининг ўзлиги, асрларга туташ тарихи ва ҳар қандай миллат ҳавас қилса арзигулик бой маънавий мероси билан дунё тамаддунида ўзига хос из қолдирди. Қарийб олти асрки, Алишер Навоий халқимиз фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб нур сочаверади. Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун жуда яхши шаклланган ижтимоий-маънавий муҳит ва ривожланган иқтисодий-сиёсий шароит зарурдир. Навоий ўн бешинчи аср фарзанди. Лекин унинг ижодий шахсияти Амир Темур асос солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий кўтарилишлар билан узвий боғлиқ. Амир Темур Мирзо Улуғбек тақдирида қанчалик муҳим рол тутган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишида алоҳида ҳисса қўшган. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги даврида шаклланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ибратли натижалар берган давлатчиликдаги Бирлик туйғуси Навоийни кўп илҳомлантирар эди. "Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихида, -деб ёзганди академик Иззат Султон, -"Темур ва темурийлар даври” деб аталмиш палла Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди, чунки бу давр "турк улуси” зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий маданият ҳамда адабиётнинг тараққиёти даври бўлди. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи буюк шоирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган ва Навоий ўз тақдири ва тарихий миссияси билан бу давр орасида узвий, чамбарчас алоқа борлигини сезар эди”. Шу боисдан ҳам Навоий фикри очиқ, руҳонияти соғлом, тўғрилик, ростлик ва ҳақиқатни умр моҳияти, деб билган эл учун ижод қилиш заруриятини чуқур ҳис этган. Сўз билан одамни алдаш, сўз билан ёлғонни ҳақиқатга айлантиришга уриниш миллат манфаати учун катта зиён ва кечирилмас қабоҳат эканлигини Навоий ҳар нарсадан ортиқроқ тушунган. Улуғ шоир бутун ижодиёти мобайнида "Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил”, деган талаб ва шиоридан мутлақо чекинмаган. Бу-ижод тажрибасида жуда сийрак учрайдиган ҳодиса. Навоий ўн бешдан зиёд шеърий шаклларда қалам тебратган. У ғазал, рубоий ва бошқа турдаги шеърларида инсонга хос жамики гўзал ҳис-туйғулар, эзгуликка чорловчи маъноларни тасвирлаб берган десак муболаға бўлмайди. Навоийнинг ўзбек тилида илк маротаба "Хамса” яратиши чинакам ижодий жасорат эди. "Хамса” -беш улкан достонни ўз ичига олган мукаммал асар. Ҳар достоннинг ўзи бир оламдирки, ундаги ғоялар, қаҳрамонлар тақдири инсоният қалбини ҳамиша завқ-лантиришга қодир. Алишер Навоийнинг буюклиги ва халқимиз тарихидаги хизматлари мутафаккир шоирлиги билангина белгиланмайди, албатта. Навоий бадиий ижод жабҳасида қанчалик тенгсиз бўлса, илмда, яъни олимликда ҳам шунчалик беназир. Навоийнинг тилшунослик, адабиётшунослик, тарих ва тасаввуфшуносликка бағишланган асарлари ҳанузгача ўзининг илмий қимматини бой берган эмас. Тилимиз, адабиётимиз муаммоларини ҳал қилишда бу нодир тадқиқотларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз, айниқса ёш авлод улардан пухта хабардор бўлиши зарур. Шу боис ҳам айни шу кунларда она диёримизнинг барча гўшаларида шеърият мулкининг султони, Ҳазрат мир Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги ниҳоятда кўтаринки руҳда нишонланаётир. Барча умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, навоийхонлик кечалари ўтказилаётир. Бу эса ёш авлодни миллий қадриятларимизга, бобокалонларимизга, ўлмас ва бой адабиётимизга ҳурмат ва фахр руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Муслима ОЧИЛОВА, 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.