УЛУҒВОРЛИК ТИМСОЛИ-БУЮК ЖАСОРАТ СОҲИБИ

УЛУҒВОРЛИК ТИМСОЛИ-БУЮК ЖАСОРАТ СОҲИБИЎтган умр йиллари давомида ҳаётнинг кўп синовларини бошидан кечирган, уруш ва ундан кейинги йиллар ҳали бола қалбида тинчлик энг олий неъмат эканлигини англаган, мустабид тузум давридаги зулм ва зўравонликлар туфайли эрк ва озодликни қадрини билган, замини олтинга тенг юртда яшаб, нонга зор бўлган, ўзи пахта етиштириб усти юпун бўлган, фақат юртимиз мустақилликка эришиб, инсон манфаати биринчи ўринга қўйилгач, қадр-қиммат нималигини теран тушуниб етган юртдошларимиз қалби мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номини эшитганда фахр ва ифтихорга тўлиши табиий. Дарҳақиқат, бу ҳаёт ҳақиқатларини юртимиз мустақиллиги, халқимиз бахту саодати учун бутун борлиғини бағишлаган, ҳузур-ҳаловатидан кечган оқил ва доно йўлбошчимиз Ислом Каримов тимсолида, таъбир жоиз бўлса, у кишининг жонкуярлиги, жўшқин фаолияти туфайли англадик. Амалдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш тўғрисида”ги Фармони туйғуларимизга ҳамоҳанглиги билан қадрли бўлди. Давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йилда Самарқандда туғилган. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган. 1960 йилдан Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис-конструктор, 1966 йилдан Ўзбекистон Давлат план комитетида фан ва янги техникани жорий этиш бўлимининг бош мутахассислигидан Республика Давлат план комитети раисининг ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилдан Ўзбекистон молия вазири, 1986 йилдан эса Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари-Республика Давлат план комитетининг раиси лавозимларида фаолият юритди. 1986 йил декабридан Ўзбекистон Компартияси Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йил июнь ойидан Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Ислом Каримов 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилди ва умрининг сўнгги дақиқасигача Ўзбекистонда давлат тузумини мустаҳкамлашда, Республиканинг ички ва ташқи сиёсатида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда собит турди. Мустақилликнинг дастлабки кунларида "Мустақиллик ўзбек давлати-халқимизнинг тарихий ютуғидир. Халқи юз йиллар давомида озодликни орзу қилган Ўзбекистон чинакам мустақилликни қўлга киритиб, гуллаб-яшнаши ва фаровонликка эришиши, тараққий этган демократик давлатлар қатори халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрнини эгаллаши-биз кўзлаётган олий мақсаддир”,-деганида том маънода бутун халқимизнинг орзу-умидини, мақсад ва интилишларини ифода этган эди. Лекин бу каби олий мақсадларни амалга ошириш, фақатгина хом-ашё етиштириб берувчи, ўзида бирорта ҳам қайта ишлаб чиқарувчи корхонаси бўлмаган аграр бир мамлакат учун жуда оғир эди. Шунда Ислом Каримов бутун халқимизга мурожаат этиб, "Биз учун мустақиллик-энг аввало, ўз тақдиримизни қўлимизга олиш, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларни, урф-одатларимизни тиклаш, ҳаммамиз учун мўътабар шу ватанда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, барқарорликни сақлашдир. Азиз ватанимизда адолат, инсоф, дину диёнат, меҳру оқибатни қарор топтиришдир. Биз учун мустақиллик-Аллоҳнинг ўзи эл юртимизга инъом этган табиий бойликларга эгалик қилиш, халқимиз қудрати, салоҳияти, ақлу-заковатига таяниб, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт қуриш, келажак авлодлар учун озод ва обод Ватан қолдиришдир",-дея халқни ишонтира олди ва ортидан эргаштира билди. Ўзбекистон мустақиллигини фақат мамлакат халқи эмас, балки жаҳон жамоатчилиги ҳам қониқиш билан кутиб олди. Буни мустақиллик кунларида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келган табриклардан ҳам билса бўлади. Жумладан, Америка Қўшма Штатларининг ўша пайтдаги Президенти Жорж Буш Ислом Каримов номига юборган телеграммада шундай дейди: "Қадрли жаноб Президент, СССР тарқатилгандан сўнг, Сизнинг мамлакатингизда юз берган тарихий ўзгаришлар муносабати билан шуни маълум қилиш менга қониқиш берадики, Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олди.” Аммо, мустақиллик осонликча қўлга киритилмади. Мустабид тузум корчалонлари мамлакат ичкарисида, миллатлар ўртасида бўҳтонлар уюштириб, турли низоларни келтириб чиқаришга, диний экстремизм ғояларини сингдиришга, террорчилик ҳаракатларини содир этиб халқни чалғитишга зўр бериб уринишди. Ўш, Фарғона, Қўқон, Гулистон, Паркент ва Бўкада юз берган машъум воқеалар, миллатлараро низоларнинг пайдо бўлиши, халқ ҳаётининг таҳликали тус олгани барчани бирдек ташвишга солди. Узоқни кўзлаб оқилона иш кўрган Юртбошимиз Ислом Каримов бу каби нохушликларга босиқлик ва олижаноблик билан иш тутиб барчасига барҳам берди. Халқни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, яшашлари учун унумдор ерлардан уй-жой қуриш учун ер ажратиш, аҳолини ишсиз қатламини иш билан таъминлаш, барча соҳадаги туб ислоҳотлар деҳқон-фермер хўжаликларини ташкил этилиши, моддий манфаатдорлик, халқни эртанги кунга бўлган ишончини тобора орттирди. Хорижий давлатлар билан ўзаро дўстлик ришталари боғланиб, шерикчилик асосида қўшма корхоналар фаолият кўрсата бошлади. Тарихий обидалар, осори атиқалар қайта таъмирланиб, миллий байрамимиз Наврўз кенг миқёсда нишонлана бош-ланди. Илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида асрларга тенглагулик ишлар амалга оширилиб, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Мамлакатимиз пойтахти Тошкентдан бошланадиган ҳар бир бунёдкорлик юртимизнинг олис овулларида ҳам акс-садо бера бошлади. Мамлакатимизнинг ажралмас бўлаги, ёш ва навқирон Навоий вилоятининг бугунги кундаги тараққиёти Ислом Каримовнинг бевосита юксак эътиборидан десак асло муболаға эмас. Биз навоийликларга эҳтиром кўрсатиб Навоий вилоятини мамлакатимизнинг "Олтин сандиғи”-дея эътироф этган эди. Навоий шаҳрида Мир Алишер Навоий ҳазратларининг муҳташам ҳайкалларини барпо этиб, катта боғ ташкил қилиниши Ислом Каримов ташаббуси ва таклифи билан амалга оширилди. Ҳайкалнинг очилиш маросимида шахсан ўзлари иштирок этиб "Навоий вилоятининг тарихи Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларникидан кам эмас, Навоий, Мавлона Ориф Деггароний, Қосим Шайх каби улуғ алломалар мангу қўним топган диёр. Очиқ осмон остидаги музей, дея таърифланаётган кўп минг йиллик тарихга эга Сармишсой битиклари, Кармана, Нурота каби тарихий шаҳарлари бор табаррук заминдир”-дея таъриф берган эди. Шу ўринда тарихий аҳамиятга молик бир воқеани айтиб ўтиш жоиз. 1994 йилда Учқудуқ шаҳри аҳолисини иш билан таъминлаш масаласи долзарб эди. Буни теран англаган Юртбошимиз қисқа фурсатда янги Гидрометаллургия заводини қуриб фойдаланишга топширилишида жонбозлик кўрсатдилар. Бундан ташқари, Навоий фосфорит заводини қурилиши, "Қизилқумцемент” заводини иккинчи линиясини ишга туширилишида, Навоий эркин саноат ҳудудини барпо этилишида, Навоий шаҳрида Алишер Навоий номи билан аталувчи Жоме масжидини миллий меъморчилик асосида қуриб фойдаланишга топширилишида, ўн бир мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган Спорт мажмуасини ишга туширилишида ва бошқа бунёдкорлик ишларини амалга оширилишида у кишининг мамлакат раҳбари сифатида хизматлари беқиёс. Ислом Каримовни бугун дунё ҳамжамияти йирик давлат ва сиёсат арбоби, халқпарвар, тинчликсевар башарият фарзанди сифатида хотирлайди, соғинч билан эслайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор муносабатларига ўтиш, жамиятни тубдан ислоҳ қилиш, мустақил тараққиётни бир маромда таъминлашнинг эволюцион жараёни ҳозирги замон давлатчилиги ва бошқаруви тажрибасига "Ўзбек модели” сифатида кириши ва унга янги мазмун бахш этилиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Дарҳақиқат, мамлакатни обод қилган, юртини файзиёб этган, Ватанини улуғлаган миллат маънавий жиҳатдан баркамол, одил ва ориф халқ бўлади. Бундай халқ ўз тарихини шону-шавкатга буркайди. Шундай экан, йирик давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг пок номи Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби улуғ аждодларимиз қатори тарих зарварақларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилишига шубҳа йўқ. Мана бир йилдан ошиқроқ вақт ўтибдики Ҳазрати Хизр мажмуасидан юртдошларимиз, чет эллик меҳмонларнинг қадами узилмайди. Улар мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу ором топган масканни зиёрат қилиб, улуғ Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун келади. Йиллар, асрлар ўтади. Халқимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз озодлиги ва ободлиги йўлидаги хизматларини ҳеч қачон унутмайди. Бу буюк инсон кўрсатган жасорат, у кишининг ватанпарварлик, халқсеварлик хислатлари авлодлардан-авлодларга ўтиб, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаверади. Абдували НОСИРОВ, журналист.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.